ЎзА Ўзбек

11.11.2016 17:08 Чоп этиш версияси

Истиқлолнинг азиз фарзандлари

Истиқлолнинг азиз фарзандлари Тошкент шаҳар планетарийсида "Истиқлол фарзандлари" деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирга алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари таклиф этилди.

Мамлакатимизда барча болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, уларга пухта билим бериш, ёшларни миллий анъаналаримизга содиқлик руҳида тарбиялаш, саломатлигини асраш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида ихтисослаштирилган тарбия масканларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўғил-қизларга ғамхўрлик кўрсатишга оид ишлар ҳажми тобора ортмоқда. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг мароқли дам олиши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида кўплаб концертлар, маданият ва истироҳат боғларига, сўлим масканлар, театр ва кўргазма заллари, музейларга саёҳат ташкил этилмоқда.

Тадбир давомида буюк аллома боболаримизнинг илм-фан, айниқса, математика, астрономия, физика каби фанларга қўшган бетимсол ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди. Болаларга бадиий китоблар совға қилинди.

Назокат Усмонова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
4 335