ЎзА Ўзбек

29.11.2012 16:24 Чоп этиш версияси

Истеъдодли ёшлар фестивали

Навоий шаҳрида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалнинг очилишида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ўсиб келаётган ёш авлодни чуқур билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, ўз салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида ўтказилган кўргазмада ёшларнинг илмий ишланма ва ихтиролари кенг намойиш этилди.

– Фестивалда ёғочнинг оловга чидамлилигини таъминлаш имконини берадиган лойиҳам билан қатнашдим, – дейди Навоий давлат кончилик институти талабаси Илҳом Раҳматов. – У мутахассислар томонидан муносиб баҳоланганидан хурсандман. Бундай тадбирлар биз, ёшларни янада фаол бўлишга ундайди.

– Мазкур фестивални ўтказишдан асосий мақсад ёшларни Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида бирлаштиришдир, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоят бўлими раиси Нурбек Улуғбердиев. – Шунингдек, ёшлар ўртасида ўзаро илмий-ижодий ҳамкорлик муҳити ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда юксак салоҳиятли, иқтидорли, ташаббускор, таълим ва меҳнат фаолияти жараёнида юқори натижаларга эришаётган йигит-қизларни рағбатлантиришни мўлжалламоқдамиз.

Фестивалда ўз йўналишлари бўйича ғолиб, деб топилган йигит-қизлар муносиб тақдирланди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.


ЎзА, Н. Раҳимов
7 628