ЎзА Ўзбек

10.11.2016 12:55 Чоп этиш версияси

Самарқандда “Ниҳол” мукофоти танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Унда танловнинг туман, шаҳар босқичида сараланган 60 га яқин ёшлар мумтоз қўшиқ, эстрада, мусиқа, рақс ва опера санъати ижрочилиги бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

– Бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов юртимизда санъат соҳасига кириб келаётган истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи К.Мизомов. – Шу пайтгача ўтказилган танловларда муваффақият қозонган самарқандлик ёшлар бугунги кунда миллий санъатимизда ўз ўрнини топиб, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу эса ёшларда танловга қизиқишни ошириб, қатнашчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб боришига замин яратмоқда.

Жорий йилда ҳам танловнинг қуйи босқичлари туман ва шаҳарларда юқори савияда ташкил этилди ҳамда 400 дан ортиқ истеъдодли ёшлар қатнашди. Улар орасидан ғолиб бўлганлар вилоят босқичида яна бир бор синовдан ўтди.

Тажрибали қўшиқчи ва мусиқашунослар, балетмейстерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг чиқишини муносиб баҳолади ва барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 558