ЎзА Ўзбек

10.02.2020 Чоп этиш версияси

Истанбулда Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги нишонланди

Истанбулда Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги нишонланди

“Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам”
Алишер Навоий

Ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий таваллудига 579 йил тўлди. Шу муносабат билан Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида илмий, маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир доирасида Истанбулда таҳсил олаётган 30 дан ортиқ ёшларимизга Бурса шаҳри бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Улар қаторида хорижлик талабалар ҳам бўлиб, ушбу саёҳат ўзбек маданияти ва адабиёти, хусусан, Навоий ижодига оид билимларини янада бойитишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Кечада навоийшунос олима, филология фанлари номзоди Гулноза Одилова “Алишер Навоийнинг жаҳон тамаддунига таъсири“ мавзусида, бугунги кунда Навоий ижодиётининг ўрганилиши ҳақида сўз юритди.

photo5334787911134063789.jpg

– Адабиёт ва тил туризм тарғиботида муҳим аҳамиятга эга. Бирор бадиий асарни оммалаштириш, уни хорижий тилларга таржима қилиш орқали ҳам сайёҳларни юртимизга чорлаш мумкин, дейди Г.Одилова. – Навоийнинг жаҳон ренессансига қўшган ҳиссасини хорижда кўрсата олсак, бу Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилади. Зеро Румий, Ганжавий, Деҳлавий юртини кўриш истагида ҳам ҳар йил миллионлаб сайёҳлар йўлга чиқади. Мазкур тадбирда Бурса шаҳри аҳолиси фаол иштирок этди. Ҳар бир ўқилган ғазални олқишлашлари буюк Навоий ижодига бўлган муҳаббатни кўрсатади. Навоий ижодига қизиқиб келган тадбир иштирокчиларига эса юртимизнинг туристик салоҳияти кўргазма орқали намойиш этилди.

5 091
ЎзА