Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 18:18 Чоп этиш версияси

Исфандиёр Латипов: Ташқи тарғибот эзгу мақсад-муддаоларимизни одамлар қалби ва онгига сингдиришнинг муҳим тарбиявий воситасидир

Дуога қўл очган нуронийлар, бўйнидаги медаллари саноғига етолмайдиган спортчи болалар, тинч ва осойишта юртимизнинг файзли масканлари... Бундай дилга яқин манзаралар, истарали, қадрдон чеҳралар акс эттирилган суратларни, плакат ва панноларни юртимизнинг исталган гўшасида, шаҳару қишлоқларида учратиш мумкин.

Ёшлар маънавиятини асраб-авайлаш, истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан ютуқ ва марраларнинг мазмун-моҳиятини ҳамюртларимизга оддий, таъсирчан, ҳаётий мисоллар воситасида тушунтириш долзарб аҳамият касб этади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йил ташкил этилган Республика "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси бу борадаги вазифалар ижросини таъминлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган жамоат ташкилотларидан саналади.

Ўтган йигирма йил вақт мобайнида уюшма томонидан амалга оширилган ишлар, бугунги шиддатли ўзгаришлар кечаётган даврдаги долзарб вазифалар хусусида "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр ЛАТИПОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Истиқлол йилларида халқимиз, айниқса ёш авлод маънавиятини юксалтириш, миллий анъана ва қадриятларимиз бардавомлигини таъминлаш, ёшларнинг келажаги, онгу-шуурини турли ёт ва зарарли ғоялар таъсиридан ишончли ҳимоялаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугунги кунда одамлар дардига қулоқ солиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, юртдошларимизнинг орзу-ниятлари, долзарб масалаларини пухта ўрганиш, уларга амалий ечим топишга доир ибратли ишларда ҳам бардавом.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари билан ўтказган учрашуви чоғида адабиёт, санъат, маданият, медиа соҳа вакилларининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри ташкил этиш, уларнинг келажаги, истиқболи учун хизмат қилиш масъулиятини чин юракдан ҳис этиш, бу борада ҳар биримизнинг фуқаролик, ижодкорлик бурчимиз нималардан иборат эканини белгилаб берди.

Бу борадаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда уюшмамиз Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар жараёнларини одамларга таъсирчан ва жозибадор шаклларда етказиш, халқимизнинг чинакам бунёдкорлик ишларини, одамлар онгида, руҳиятида, қиёфасида кечаётган ўзгаришларни тасвирий-тарғибот воситаларда акс эттиришдек мақсад йўлида фаолият кўрсатмоқда. Зеро, миллий ғоямизнинг мазмун-моҳиятини кенг ёйишда тасвирий-тарғибот воситаларининг ўрни, роли ва аҳамияти ғоят беқиёсдир.

Таниқли расссомлар, олимлар, тилшунослар, маънавият тарғиботчилари, дизайнерлар, фотомусаввирлар ва бошқа ижод намояндаларидан таркиб топган жамоамизнинг бўлимлари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда улар юртимизнинг 70 дан ортиқ туман ва шаҳарларида ҳам ташкил этилган.

Ижодий уюшма бўлимлари мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, она Ватанга муҳаббат, умрбоқий қадриятларга ҳурмат ва эҳтиром руҳи билан йўғрилган шиор ва матнлар уйғунлигидаги баннерлар, плакатлар ва бошқа тасвирий-тарғибот воситаларини одамлар гавжум жойлар, кўча ва хиёбонлар, бекатлар, оммавий тадбирлар ўтказилувчи манзилларга жойлаштириб келмоқда.

Биз мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларида қўлланиладиган матнлар, қайдлар, ҳикматли сўзлар, шиорлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқмоқдамиз. Бу тавсиялардан марказий кўчалар, бозорлар, хиёбонлар, бекатлар, автотранспорт воситалари, метро, одамлар гавжум, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга ўрнатиладиган баннерлар, плакатлар ва бошқа тасвирий-тарғибот воситаларини тайёрлашда, турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишда кенг фойдаланилмоқда.

Уюшмамиз томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тасвирий-тарғибот воситалари билан безатилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари ҳамда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг мазмун-моҳиятини тасвирий-тарғибот воситалари орқали тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимиздаги энг олий ва бебаҳо неъмат тинчликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, миллатлараро тотувликни, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасидаги одилона ва узоқни кўзловчи сиёсат, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни таъминлашга доир ибратли саъй-ҳаракатлар бугунги кунда халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда. Бу йўналишдаги амалий ишларни акс эттирувчи фотокўргазмалар жамиятимиздаги тинчлик ва ижтимоий барқарорликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлашдек масъулият барча фуқароларнинг бурчи эканини юртдошларимиз онгига сингдиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу кўргазмаларда юртимиздаги миллий-маданият марказлари ҳаётини, анъана ва урф-одатларини акс эттирувчи 100 дан ортиқ фотосуратлар намойиш этилди.

Мустақилликнинг, тинч, осуда, бахтиёр, тўкин ва фаровон ҳаётнинг қадр-қиммати, ёшларнинг нурли истиқболи йўлидаги чексиз меҳр ва эътибор, халқнинг орзу-интилишларига елкадошлик масъулияти, она Ўзбекистонимизнинг муқаддас тимсоллари, давлат рамзлари акс эттирилган плакатларни тайёрлашда жойлардаги бадиий кенгашлар пухта иш олиб бормоқда. Кенгаш аъзолари томонидан ҳар бир рангни танлашда, унинг инсон руҳиятига ижобий таъсирини ўрганишга, акс эттириладиган тасвирларнинг ҳаётий, самимийлигига, сўз қудратини астойдил ҳис этишга жиддий ёндашилади. Оддий сўз билан айтадиган бўлсак, тасвирлар яхши китоб каби ҳикматга, маърифатга бой бўлишига катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги кунгача мустақиллик, озод ва обод Ватан, истиқлол неъматлари, миллий армиямиз, истеъдодли ёшлар, ибратли анъана ва қадриятларимиз, маҳалла, халқимизнинг бошқалар ҳавас қилса арзигулик фазилатлари, миллий байрамларимизга бағишланган минглаб ранг-баранг маҳобатли паннолар, баннерлар, тасвирий воситалар, плакатлар тайёрланиб, улар юртимизнинг турли шаҳар ва қишлоқларини безаб турибди. Салкам етти ярим мингга яқин замонавий тарғибот воситалари – билбордлар, светодиод экранлар, сити-формат қурилмалар ҳам шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, "Нуроний" жамғармаси каби ташкилотлар билан биргаликда "Ўзбекистон – умумий уйимиз", "Биз – сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!", "Энг улуғ, энг азиз", "Ранглар жилосида она-диёр", "Конституция – бахтимиз пойдевори", "Баркамол авлод – келажагимиз пойдевори", "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" мавзуларида фестиваллар, бадиий, фото кўргазмалар, ижодий танловлар, турли маърифий лойиҳалар ўтказилмоқда. Тасвирий-тарғибот воситаларимизнинг кучли ижтимоий йўналтирилгани, дизайни, сифати, мазмуни юқорилиги боис уюшмамиз 2006 йил "Century International Quality Era Award" мукофоти – "Халқаро сифат эраси" олтин мукофоти билан тақдирланди.

Бугунги шиддатли ўзгаришлар кечаётган давр, интернет, замонавий ахборот-коммуникация воситаларининг тезкорлик билан ривожланиб бораётгани биз, тарғиботчилардан янада фаол, ишга ўзига хос тарзда ижодий ёндашувни, одамлар, айниқса ёш авлоднинг орзу-интилишларига ҳамоҳанг тарзда тасвирий воситаларни тайёрлашни талаб этмоқда. Тезкор давр талабидан келиб чиққан ҳолда одамларнинг юрагига етиб борадиган, катта ҳаётбахш таъсир кучига эга бўлган, юртимизда кечаётган оламшумул ўзгаришлар, давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини теран очиб берувчи қайдлар ўз аксини топган кўплаб паннолар, баннерлар тайёрланди. Жумладан, "Она-юрт истиқболи – эл бахти, иқболи", "Эл корига яраш учун эл ичра яшаш керак", "Халқ дуоси Ҳаққа етар", "Эл ғамида юрган – элда достон бўлади", "Ватан – улуғ, бурч – муқаддас", "Миллат келажаги оналар қўлида" каби ҳикматли сўзлар акс эттирилган тасвирий-тарғибот воситалари дизайнлари тайёрланиб, ҳудудларга етказиб, жойлаштирилди.

Ташқи тарғибот эзгу мақсад-муддаоларимизни одамлар, айниқса, ёшларга етказишнинг, улар қалби ва онгига сингдиришнинг муҳим тарбиявий воситасидир. Баннерлар, маҳобатли фотосуратлардаги шиорлар таъбир жоиз бўлса, ҳар куни 24 соат, ёмғир ва қорда ҳам "ишлайди". Уларда акс этган тинчлик, осойишталик, ҳамжиҳатлик, бунёдкорлик моҳияти тасвирларда ва турли тиллардаги ёзувларда жаранглаб туради. Шу тариқа улар ҳар куни миллионлаб кишиларга меҳр-оқибат, эзгу ғоя, теран фикр улашади. Ҳар қандай тасвирий-тарғибот воситаларидаги ғоя одамларни эзгулик сари ундаш, маънавий-руҳий рағбатлантириш, уларда кучли мафкуравий иммунитет, ўзига хос маънавий қалқон ҳосил қилишни кўзда тутади.

Юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз сиёсатининг аҳамиятини янада кенгроқ ёйиш мақсадида уюшма бўлимларини ҳар бир туманда ташкил этиб, уларда бадиий кенгашлар фаолиятини йўлга қўйиш, халқ фикрини ўрганиб, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда тасвирий-тарғибот воситаларининг таъсирчанлигини янада ошириш мақсадга мувофиқдир.

Пировардида шуни айтиш керакки, одамлар виждонини уйғотадиган, маънавий уйғоқликка чорлайдиган, ватанпарварлик, ҳалоллик, фидойиликка ундайдиган, Ватан, халқ, ёшлар тақдири учун дахлдорлик туйғуларини кучайтирадиган таъсирчан, оддий, самимий тасвирий-тарғибот воситаларини яратиш асосий вазифамиздир.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 236






Все о погоде - Pogoda.uz