ЎзА Ўзбек

16.05.2019 Чоп этиш версияси

Инсониятнинг болалик қўшиғи

Инсониятнинг болалик қўшиғи

Ҳар бир халқнинг тарихи ва маданияти, аввало, унинг оғзаки ижоди ҳисобланган фольклор санъатида намоён бўлади ва у барча санъатларнинг бошланишидир. Чунки асл фольклор асарлари моҳиятида инсоният камолоти учун хизмат қиладиган эзгу ғоялар, миллий қадриятлар мужассам, у халқнинг боқий ўтмишини ўзида акс эттиради, уни келгуси авлодларга етказади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, шу йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишда янги босқични бошлаб бергани билан аҳамиятлидир. ЮНЕСКО шафелигида илк бор ўтказилган ушбу санъат байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакил иштирок этди. Уларнинг орасида нуфузли халқаро ташкилотлар, атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари бор. Шунингдек, 20 дан ортиқ давлатдан келган журналистлар халқаро санъат анжуманини бевосита шу ернинг ўзидан ёритиб, халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти, қадриятларини дунёга кўз-кўз қилди.

“Айни вақтда ҳозирги глобаллашув даврида, тижорат воситасига айланган “оммавий маданият, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган мураккаб замонда ҳар қандай миллий маданиятнинг булоғи бўлган фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш, афсуски, сусайиб бораётгани ҳам сир эмас. Ҳолбуки, фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, бу – инсониятнинг болалик қўшиғидир" деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Қарийб бир ҳафта давом этган ушбу санъат фестивали кутилганидан ҳам самарали бўлди. 32 гектардан иборат асосий тантаналар майдонида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг рамзий қўрғонлари бунёд қилиниб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одати, анъана ва қадриятлари акс эттирилди. Фестивалда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Сербия, Туркия, Болгария, Белгия сингари хорижий давлатлардан 60 нафардан ортиқ маҳоратли бахши ва достон айтувчи ўз чиқишлари билан қатнашди. Ғолиблар турли даражадаги диплом, ҳайкалча ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Халқаро фестивалнинг шукуҳи, қувончи ҳали кўнгиллардан узоқлашмай туриб, 2019 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарорда яқинда Термиз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали халқаро миқёсдаги йирик маданий ҳодиса сифатида кенг эътироф этилиб, халқимиз маданиятининг ҳаётбахш сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида Термиз шаҳрида давлат муассасаси шаклида Республика Бахшичилик санъати маркази ҳамда унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклифлар маъқулланди.

Бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “устоз-шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиш, маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш марказнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди. Шунингдек, янги ташкил қилинадиган жамғарманинг вазифалари кўрсатилди.

Тегишли вазирлик ва идораларга Термиз шаҳридаги бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернатини ташкил этиш, ҳудудларда бахшичилик санъати ривожи учун зарур бўлган мусиқа чолғулари (дўмбира, сибизға, чанқовуз, қўшнай, ғажирнай, бўламон, қўбиз кабилар) ишлаб чиқарадиган усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, устахоналар учун жой ажратиш, махсус ёғоч ва металл маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўриш вазифалари топширилди. Ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъатини ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Президент қарорида белгиланган вазифалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг ва уйғундир. Қарор ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш билан бирга, уни янада кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.

Баҳром ШАРИПОВ, 
“Миллий тикланиш” демократик
партиясидан халқ депутатлари
Миробод туман Кенгаши депутати.

4 183
ЎзА