ЎзА Ўзбек

29.08.2019 Чоп этиш версияси

Инсон ўзлигини англашида мусиқанинг ўрни беқиёс

Инсон ўзлигини англашида мусиқанинг ўрни беқиёс

“Шарқ тароналари – 2019”

Абу Али ибн Сино ўзининг баркамол шахсни тарбиялаш ғоясида мусиқани асосий восита сифатида таърифлайди.

Шубҳасиз, инсон ўзлигини англашида мусиқанинг ўрни беқиёсдир. Барча халқларнинг асрлар давомида куйланиб келаётган, унутилмас қўшиқлари бор. Улар ана шу қўшиқларни дунёга кенг ёйишни истайди. 

Самарқандда ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали турли халқларнинг маданияти, мусиқий созлар ва қўшиқларини оммалаштириш, маданий мулоқотни таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Лоран ОБЕРТ, Женевадаги Этномусиқашунослик ателеси асосчиси ва маслаҳатчиси, (Швейцария):

– Фестивалнинг цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида маданий ҳамкорлик ва ўзаро мулоқотни таъминлашдаги аҳамиятини алоҳида қайд этишни истардим. Унда меҳмон сифатида иштирок этаётганимдан мамнунман.

Анжуманнинг расмий очилиш маросимини кузата туриб, ҳайратимни, қувончимни яшира олмадим. Дастурдан ўрин олган ўзбек миллий мусиқаси, катта ашулалари кишига кўтаринки кайфият улашди, беихтиёр рақсга тушдим.

Мусиқашунос сифатида кўплаб халқлар мусиқасини ўрганганман. Ўзбек мусиқаси, халқ қўшиқлари ва миллий либослари ўзининг ранг-баранглиги, такрорланмас жозибаси, рақслардаги ҳаракатлар ривожи билан фарқланиб туради. 

Замон ривожланиб бормоқда, шу билан бирга, мусиқа санъатида ҳам бурилиш палласи даври кечмоқда. Генератив мусиқа, сунъий интеллект тушунчаси мусиқа оламига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Аммо Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳар қандай мукаммал техника воситаси ҳам тирик инсон нафасини, чинакам санъат ўрнини боса олмайди.

Фестиваль доирасида турли тадбирлар, учрашувларда иштирок этяпмиз. Ўзбекистонда ёшларнинг мусиқа санъатини ўрганиши учун яратилаётган шароитлар таҳсинга лойиқ. Бугун бир ҳақиқат барчага маълум – санъатга ошно авлоднинг ҳаётга муносабати, миллий урф-одат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмати баланд бўлади. Бундай ёшлар келажак бунёдкорлари, соғлом маънавият эгалари бўлиб камол топади. Ўзбекистон фарзандлари мисолида шундай авлодни кўрдим.

Фестиваль кўтаринки руҳда ўтмоқда. Иштирокчилар сафининг ёшлар ҳисобига кенгайиб бораётганини таъкидлаш даркор. Улар ўз чиқишлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлмоқда.

Жумладан, “Дебаптрия ва Саманвая” гуруҳи ижрочиси ҳинд мумтоз мусиқачиларининг ёш вакили. У хонандалик ва ситар чолғу асбоби ёрдамида яратган композицияни моҳирона ижро этди.

Ҳар бир жамоа чиқишини диққат билан кузатиб боряпман. Улар мусиқаси техник жиҳатлари, эстетик диднинг юқорилиги билан ажралиб туради.

7 695
Х.ҚОДИРОВ, А.ИСРОИЛВ (сурат), ЎзА