ЎзА Ўзбек

22.07.2020 Чоп этиш версияси

Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари Булғор ислом академияси талабаларига дарс беради

Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари Булғор ислом академияси талабаларига дарс беради

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Татаристон Республикасининг Булғор ислом академияси олимлари ўртасида он-лайн мулоқот ўтказилди.

Марказ матбуот хизматининг хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистондаги талаба ёшларни Булғор ислом академияси магистратура ва докторантура босқичига жалб қилиш, илмий ходимлар ва талабаларнинг икки томонлама малака оширишини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, марказ профессор ва докторларини Булғор ислом академияси илмий кенгаши таркибига киритиш ҳамда докторант ва магистрантларга илмий раҳбарликка тайинлаш, Мовароуннаҳр алломаларининг ҳаёти ва илмий меросига доир онлайн семинар ва конференциялар ташкил қилиш, томонлар илмий журналларида мақолалар алмашиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан 2021 йилдан эътиборан таъсис этилиши режалаштирилаётган «Имом Бухорий халқаро стипендияси»га академия тадқиқотчиларини жалб қилиш ва марказ илмий ходимларининг академияга талабаларига маҳорат дарслари ўтиши ва маърузалар ўқиши юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 29 августда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Татаристон Республикасининг Булғор ислом академияси ўртасида ҳамкорликка оид англашув меморандум имзоланган.

7 753
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА