ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Илм-маърифатнинг баҳоси пул билан ўлчанмайди

Илм-маърифатнинг баҳоси пул билан ўлчанмайди
Нуқтаи назар

Бугунги ноширлик фаолияти, ноширлар олдидаги муаммолар тафаккуримда айланар экан, энг биринчи ҳал этилиши керак бўлган муаммолардан бири – ношир ва ўқувчи ўртасидаги кўприк бузилганини кўрамиз.

Бу кўприк китоб савдоси билан шуғулланувчи дўконлардир. Бир ўйлаб кўринг, нашриёт томонидан 10 000 сўмга баҳоланган китоб ўқувчи қўлига камида 20 000 сўмга етиб бормоқда. Бу 10 000 сўмнинг ичига муаллифнинг тунлари ухламай ижод қилгани, муҳаррирнинг кўз нурлари, мусаҳиҳнинг соатлаб қоғозга тикилиши, саҳифаловчининг қимматли вақти, рассомнинг бўёқлари, дизайнернинг изланишлари, босмахона ходимларининг пешона тери ҳам киради. Олиб сотар эса, китобга бирга бир нарх қўйиб ўқувчига сотади. Китоб яхши кета бошласа, нашриётдан шартнома асосида сотиб олишнинг ўрнига, сохта нусхаларини кўпайтиришни ўйлай бошлайди.

2020 йил 1 июлидан ноширлик фаолияти билан шуғулланиш учун талаб этиладиган лицензия шарт бўлмай қолади. Бу эса мени ҳам хурсанд қилмоқда, ҳам ўйлантирмоқда. Нашриётлар кўпаяр, аммо сифатли китобларчи? Санайверсак, муаммо кўп. Ечимчи? Ҳар доим муаммога ечим топиш –муаммо.

Бугун яхши муҳаррирлар анқонинг уруғи. Яхши дизайнерлар эса бармоқ билан санарли. Бугунги нашриёт директорларининг умри яхши дизайнер излаш билан ўтмоқда. Демак, нашриётлар олийгоҳлар билан ҳамкорликда дизайнер ва муҳаррирлар етишмовчилигини ҳал этиши керак.

Менинг назаримда, нашриётлар яшаб қолиши учун давлат томонидан ҳам қўлловлар керакдек. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, илм, маърифат ва адабиёт пулга сотилмаслиги керак. Илм, маърифат ва адабиётни халққа етказувчи даргоҳлардан бири нашриётдир. Демак, нашриётларга тадбиркорлик даргоҳи эмас, маърифат улашувчи сифатида қаралиши керак. Нашриётлардан солиқ ундириш эмас, солиқ имтиёзларини жорий қилиш керак. Бу эса зўрға нафас олаётган нашриётлар учун далда бўлармиди?! 

Биз ноширлар нима бўлишидан қатъий назар, ўз вазифамизни бажаришга мажбурмиз. Чунки яхши китобларни излаб юрадиган ўқувчилар бор экан, нашриётлар китоб нашр қилаверади.

Элёр МУРОД,
«Фан» нашриёти директори.

6 151
ЎзА