ЎзА Ўзбек

18.05.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Илк бор ҳунармандлик маҳсулотлари халқаро кўргазмаси ташкил этилди

Ёшлар ижодиёти саройида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилган ҳунармандлик маҳсулотларининг “Олтинқўл ҳунарманд” халқаро кўргазмаси очилди. 

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият ва Ташқи ишлар вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бадиий академия, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, уста-ҳунармандлар, хорижий давлатлардан келган ҳунармандлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди. 
 
Илк бор ташкил этилаётган мазкур халқаро кўргазмада республикамиздаги барча вилоятлардан 140 дан ортиқ ҳунарманд 34 йўналиш бўйича ўз маҳоратини намоён этмоқда. Кўргазма доирасида моҳир уста-ҳунармандлар томонидан ҳунармандчилик ва амалий санъатнинг барча йўналишлари бўйича маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этилади. Унда турли ҳудудлардан келган ҳунармандлар иш жараёни билан бевосита танишиши мумкин. Бу каби кўргазмалар юртимиз ҳунармандлиги ривожи ва уни дунёга танитиш учун катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида халқ амалий санъати ва ҳунармандликнинг энг қадимий турлари, анъаналари, ўзига хос услублари ва мактаблари сақланиб қолган мамлакат сифатида алоҳида ўринга эга. Олиб борилаётган ислоҳотлар ҳунармандлик соҳасида ривожланиш, тараққиёт йўлидан бориш имкониятини яратиб берди. Ҳунармандларнинг эркин фаолият олиб бориши учун кўплаб имтиёзлар берилди. “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари солиқлардан озод этилди. 3015 та манзилли дастур асосида уларга имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Фармон қабул қилингандан сўнг ўтган беш ой давомида уюшма аъзолари сони 120 фоиз ўсиб, 22050 нафарга етди. 4520 нафар ҳунармандга 126 миллиард 595 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди.

Уюшма томонидан ҳунармандлик маҳсулотларини четга экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида, жумладан, Германия, Швейцария, Россия, Италия, Корея, Малайзия, Озарбайжон, Латвия, Финляндия, Ҳиндистон, Франция, Греция, Туркманистон, Эрон, АҚШ, Украина, Туркия, Хитойда 113 та кўргазма ва ярмарка ўтказилиши режалаштирилди ва ўтказилмоқда.

Инобат Аҳатова, ЎзА
5 221