ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (8-қисм)

Иккинчи жаҳон уруши. Ўзбекистон. Жасорат солномаси (8-қисм)


Яна олти ойдан кейин бутун инсоният Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини тантанали нишонлайди.


photo5339434885359709573.jpg

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 30 октябрдан бошлаб Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонлик жангчиларнинг жасоратлари тўғрисида туркум материаллар беришни бошлади. Унда жаҳон урушининг дастлабки азобини тортган Брест қалъаси, Москва, Ленинград, Сталинград шаҳарлари, Европа давлатлари ва, ниҳоят, уруш олови ёқилган Германия ҳамда унинг пойтахти Берлин шаҳри учун бўлган жангларда собиқ совет армияси сафида ҳамда партизанлик ҳаракатларидаги ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Жасорат дақиқалари. Ўзбекистонлик уруш қаҳрамони

VIII қисм

Иккинчи жаҳон уруши тарихидан. Днепр дарёсини кечиб ўтишда Тошкентда тузилган 441-ўқчи дивизия жангчилари алоҳида жасорат намуналарини кўрсатдилар. Фашистлар ўқ ёғдириб, уларни йўқ қилишга қаттиқ ҳаракат қилади. Тирик қолганлардан 10 жангчи рота командири Жўрахон Усмонов бошчилигида мадад келгунича икки кеча-ю кундуз истеҳкомни маҳкам эгаллаб турди. Ниҳоят, ёрдамга қўшимча бўлинмалар келишга улгурди. Бўлинманинг барча жангчилари юксак мукофотларга сазовор бўлди.

Жўрахон Усмонов ўзбекнинг мард ва жасур фарзандларидан. Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Сават қишлоғида туғилиб ўсган Жўрахон навқирон ёшида фронтга отланади. Уруш шошилинчи бўлса ҳам ҳарбий билимларни пухта эгаллаб, жанговар қуролларни тўла-тўкис ўрганади. 1943 йилнинг кузида Беларусда сержант Жўрахон Усмонов хизмат қилаётган қисмга “Сож дарёсидан ўтиб, унинг ғарбий ёқасидаги плацдарм эгаллансин”, деган жанговар буйруқ келади. Бу мураккаб ва оғир топшириқни бажариш учун бақувват, кучли аскарлар танлаб олиниб, штурмчи отряд тузилади. Улар орасида ўзбек жангчиси Жўрахон Усмонов ҳам бор эди. Бақувват, келишган Жўрахон отряд командирининг ёрдамчиси этиб тайинланади. Отряднинг мақсади қатъий: қўққисдан ҳамла қилиб, тонг ёришгунча душман эгаллаб турган тепаликни тозалаб уни тўла ишғол қилиш эди. 1944 йилда чиқарилган жанговар варақада бу жанг тафсилотлари, ўзбек фарзанди сержант Жўрахон Усмоновнинг кўрсатган жасорати ҳақида шундай деб ёзилган: “...Тепалик ёнига Усмонов гуруҳи яширинча чуқурликдан ўтиб борди. Шундай бўлса ҳам душман пайқаб қолди ва бирдан тариллаб пулемёт ишга тушади. Жангчилар ерга ётиб оладилар. Тепаликнинг таги очиқ бўлиб барча хатти-ҳаракатлар душман назорати остида эди. Қилт этишнинг иложи йўқ. Тонг яқинлашиб келаётир. Вақт зиқ. Ана шунда Усмонов бир қарорга келади... Жўрахон пулемёт отиб турган тепаликка эмаклаб боради. Йўлда гранатасини чекасини суғуриб душманга қаратиб ирғитди. Граната пулемётчининг нақ устига тушиб портлайди. Олов, ўт, ўлим ёғдириб қуролдош дўстларини қираётган пулемёт тинади... Лекин жанг давом этарди. Эрталаб душман жангчиларимизни эгаллаб олган позициясидан суриб чиқармоқчи бўлиб, ҳужум бошлайди... Патронлар тамом бўлаётган, граната ҳам тугаган эди. Боз устига шу пайт отряд командири лейтенант Озеровга ўқ тегиб қаттиқ ярадор бўлади. Масъулиятни Жўрахон ўз зиммасига олади. Жангчиларнинг юзида довдираш аломатлари пайдо бўлганини кўриб, сержант Усмонов: “Бир қадам ҳам чекинмайсизлар! Душманни йўқ қилгунча шу ерда турамиз!” дейди. Командирнинг эпчиллиги ва топқирлиги жангчиларни анча руҳлантиради... Жанг янада ашаддий тус олади. Жўрахоннинг ўзи ўн фашистни ўлдиради. Қолганларини унинг жангчилари ва етиб келган бўлинма аскарлари қириб ташлайди”. Сержант Жўрахон Усмонов аввалги кўрсатган қаҳрамонликлари учун Қизил Байроқ ордени билан мукофотланган эди. Бу жангда кўрсатган мардлиги, жасорати, қаҳрамонлиги учун унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади.

Днепрни биринчи бўлиб кечиб ўтганлар орасида бухоролик старшина Вали Набиев, андижонлик Қамбарали Дўстматов, қорақалпоғистонлик Худойберган Шониёзов, шофирконлик Халлоқ Аминов, ромитанлик Шариф Эргашев, Бухородан чиққан Т.А.Тихонов ва бошқалар бор эди. Днепрни кечиб ўтишда, унинг ўнг қирғоғидаги истеҳкомларни эгаллашда кўрсатган жасорати учун жами 26 ўзбек йигитига Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган. Курскдаги ғалаба ва душманнинг Днепрдан улоқтириб ташланиши натижасида Иккинчи жаҳон урушининг боришида туб бурилиш ясалди, ҳарбий стратегик ташаббус душман қўлидан батамом тортиб олинди. Сталинграддаги ғалаба Гитлер Германиясининг енгилиши муқаррарлигини кўрсатган бўлса, Курск ва Днепрдаги ғалаба фашист қўшинларини ҳалокатга маҳкум этди.


photo5339437458045119610.jpg

Бир куни Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастурида муҳаррир бўлиб ишлаётган ҳамкасбларимдан Абдумажит Азимов мени кўриб, саломлашдида:

– Ҳеч айтолмай юрган эдим, илтимос, – деди бироз ийманиб. – Менинг отам Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчиси, ногирон, орден ва медаллари ҳам бор ва бироз сукут сақлаб маъюс оҳангда, урушдан аввал не-не орзулари ҳам бўлган экан, – деб қўшиб қўйди. Илгарилари дуторни «ўйнатиб» чалар, уни «гапиртириб» юборар экан. Дутор чертишда унга тенг келадиган одам йўқ экан, – деди тирик отаси ҳақида негадир ўтган замонда.


photo5339437458045119614.jpg

Абдумажит менга бундан қарийб ярим аср илгари отаси тушган суратни кўрсатди.Ҳамкасбимнинг отаси ёшлигида – узун бўйли, қадди-қомати келишган йигит бўлган экан. Навқирон йигитлик чоғида тушган бу суратда у Нева дарёсида қайиқ палубасида кўйлагининг икки енгини билагигача шимариб олган ва қон томирлари, пайлари буртиб чиққан бақувват қўллари билан икки дўстини қучоқлаб турар эди. Улар – 25-27 ёшлар чамасидаги новқирон йигитлар эди. Барчасининг ниҳоятда бахтиёрлиги чеҳрасидан уфуриб турар эди. Бу фотосурат Ҳамза номидаги Ўзбек академик катта драма театрининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий академик драма театри) урушдан олдин Ленинград (Санкт-Петербург)га гастролга борган пайтида суратга туширилган экан.

Қаҳрамоним ёнида ўзбек саҳнасининг бўлажак машҳур юлдузлари – актёрлар, ўша кунларда бутун республикага таниқли Ўзбекистон халқ артистлари, навқирон: Шукур Бурхонов, Наби Раҳимов, Амин Турдиевлар суратдан менга қараб туришар эди.

Қаҳрамонимнинг қон томирлари бўртиб чиққан билагигача очиқ кучли қўллари нигоҳимни ўзига қайта-қайта тортар эди. Бунинг сабаби бор эди.

Урушда у портлаб турган снарядлар, ёғилиб турган ўқлар остида Висла дарёсидан кечиб биринчилар қаторида нариги қирғоққа ўтиб, ўрнашиб, немислар жангини қайтариб турганда унинг ёнгинасига душман снаряди тушиб портлайди. Кўзолди қоронғулашиб, кейинги воқеаларни қаҳрамонимиз эслай олмайди. Госпиталда кўзини очганда, иккала қўли ҳам елкасига қадар кесиб ташланган эди. Ўша дутор торларини моҳирлик билан чертадиган ўйноқи қўлларидан, мусиқий бармоқлари-ю, бақувват билакларидан маҳрум бўлган эди. Икки қўли йўқ ногироннинг урушдан кейинги ҳаётини эса айтмаса ҳам бўлади. У нафақага чиққунга қадар Тошкент бозорларининг бирида бозорқўм вазифасида меҳнат қилиб, муҳрни тиши билан тишлаб қоғозга босган.

Висла дарёси учун курашда жароҳатланган қаҳрамоним жонини госпитал врачлари аранг сақлаб қолган, ҳамкасбим мендан отаси ҳақида Буюк ғалабанинг 40 йиллигига, бундан 35 йил муқаддам репортаж тайёрлашимни илтимос қилганда бу ҳақда менга негадир ҳеч нарса деган эмас эди.

photo5339437458045119617.jpg

Қаттиқ таъсирланганимдан хаёлимни ҳам йўқотиб қўяй деганман. Бир пайт ҳамкасбимнинг бақириб чақирган овозидан ўзимга келдим. «Топдим ходни», репортажни “қандай бериш йўлини топдим”, деб юбордим. Хаёлимга келган бу фикр қандайдир буюк бир кашфиётдек туюлди менга.

– Мен бу репортажни қиламан, – дедим қатъий суратда ўзимга-ўзим.

Қайноқ, азоб ва айни бир пайтда лаззатларга тўла ижодий жараённи бошдан кечириб, лавҳа матнини битдим. Мана у тайёр. Энди шу сўзларга, эҳтиросларга, образли бадиий ташбеҳларга бой, қаҳрамоним бошидан кечирган азоб ва уқубатларига монанд, телевизорчилар сўзи билан айтганда, «тасвирий қаторни» суратга тушириш қолган эди.

Нима ҳам сабаб бўлдики, суратга тушириш жараёнида ўзим иштирок эта олганим йўқ. Айтгандек, мен шу пайтда уруш авжига чиққан Афғонистондан “Время”нинг махсус мухбири Михаил Лешинскийнинг оператив репортажини Тошкент ёнидаги Чкалов аэропортига учиб келган ҳарбий самолётдан олиб фуқаролар тайёрагоҳидан Москвага Домодедово аэропортига зудлик билан жўнатиб юборишим керак эди.

Шу куни мен кинооператорим Қўйсин Рўзматовнинг (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) қўлига тайёр бўлган репортаж матнини ушлатиб, шу ерда нима ҳақда гап кетаётган бўлса барчасини суратга туширасиз, айниқса, фотосуратдаги қаҳрамоннинг бақувват билакларини умумий пландан йирик планга «наезд», «отъезд» қилиб, таъсирчан планларда тасвирга олинг, деворга осиғлиқ турган дуторни эса умумий, ўрта, торларни эса йирик ва ўта йирик планларда, махсус ундалма бериб олинг, бош қаҳрамонни Анҳор бўйида суратга тушириш ёдингиздан чиқмасин, у Висла дарёси бўйида икки қўлидан ажралган-а, эринманг, маҳоратингизни кўрсатинг, дедим-да, ишларимиз ўнгидан келсин, деб, юзимга фотиҳа тортдим.

Оператор икки кун давомида лавҳани суратга туширди. Сўнгра мен репортажим матнини ўқиб, овозимни магнит тасмасига ёздим-да, проявка қилинмаган рангли кинолентани ўз қутисига солиб ҳар галгидек, Москва, Королёва кўчаси 12-уй, «Время» дастурига, деб ёзиб аэропортга олиб чиқиб жўнатдим.

Маълумки, илгарилари 9 май кунлари «Время» дастурида фақат Москванинг Қизил майдонидаги ҳарбий параддан тўғридан-тўғри репортаж олиб берилар ва Иттифоқдош республикалар пойтахтлари ҳамда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, немис-фашистлари устидан ғалаба қилган давлатлар пойтахтларида ўтган намойишлар ҳақида кичик-кичик сюжетлар бўлар эди.

Шу сабабли бизнинг лавҳамиз эфирга бериш куни нуқтаи назаридан 6 -, ёки 7- , энг охирги куни 8 - майда – Ғалаба куни арафасида эфирга чиқиш эҳтимоли бор эди.

Репортажимизнинг эфирга чиқишини орзиқиб кутадиган дамлар ҳам етиб келди. Лекин, 6 май ҳам ўтди – репортаж берилгани йўқ, 7 май ҳам ўтди – репортаждан дарак йўқ, 8 май кунги «Время» ҳам бошланди. Агар бугун берилмаса, эртага материал актуаллигини йўқотади ва умуман берилмаслиги ҳам мумкин, дедим ўзимча. Сабаби, эртасига Москвадаги Қизил майдонда ўтадиган ҳарбий параддан репортаж олиб берилар эди, ҳолос.

«Время» дастурида яна бир ҳолат мавжуд эди. У ҳам бўлса, ҳақиқий ва шафқатсиз ижодий рақобат эди. Ахир, СССР Телерадиоқўмитасининг қарийб ҳамма иттифоқдош республикаларда, Россия, Болтиқбўйи, Украина, Қозоғистон республикаларининг бир қатор йирик вилоятларида ҳам, шунингдек, 60 дан зиёд чет давлатларида ўз мухбирлик пунктлари, у ерда фаолият кўрсатаётган махсус мухбирлари бор эди. Бунинг устига урушда ёнган, бомбардимон қилиниб ер билан яксон бўлган қанчадан-қанча шаҳар ва қишлоқлар, жанггоҳларда жасоратлар кўрсатган не-не қаҳрамону паҳлавонлар бор эди. Шу сабабли урушдан узоқ бўлган Ўзбекистондаги бир нафар уруш қатнашчиси ҳақидаги репортаж бундай хотира ва байрам кунлари эфирга кетмай қолиши ҳам мумкин деган хаёлда телевизор экрани олдида ўтирганимда, бир маҳал диктор кадрга чиқиб:

Энди сизнинг диққатингизга Ўзбекистондаги мухбиримизнинг (исми-шарифим қайд қилиниб) уруш қатнашчиси Малик Азимов ҳақидаги лавҳасини тақдим этамиз, – деб, «Время» нинг Иккинчи жаҳон урушига бағишланган бутун бир материаллар блоки ўзбекистонлик қаҳрамон ҳақидаги лавҳа билан бошланди.

Репортажнинг сақланган қисмини оригиналда келтираяпмиз.

Матн «Время» дастурининг фирма қоғозига битилган:

Дата события: 15 апреля 1985 г. *

Оператор: К Разуматов, Автор: И.Абдухаликов (Ташкент)

Редатор: А.Федорович (Москва)

Жизнь – подвиг. К 40 летию Победы

Диктор (в кадре) – Об одном из участников Великой Отечественной войны, ветеране войны и труда из Узбекистана Малике Азимове рассказывает наш ўзбекский корреспондент...

Фотосурат ...

Ленинградда Нева дарёсида кетаётган катер палубасида ўзбекистонлик бир гуруҳ ёш актёрлар бир-бирларининг елкаларига қўлларини ташлашиб, хурсанд ҳолда суратчининг фотоаппарат тугмачасини босишини кутиб туришибди. Кейинги кадрда – Малик Азимовнинг сурати йирик планда кўрсатилади.

Корр (за кадром) – Посмотрите, вот на этого молодого человека, крепко-накрепко обнявшего своих друзей. Это – Малик Азимов. Фотография снята в 1930 году, когда он в составе артистической молодёжи из Узбекистана, с гастролями приехал в Ленинград.

Если внимательно присмотреться то, среди них можно увидеть и Наби Рахимова и Шукура Бурханова, ставших затем знаменитыми мастерами сцены, народными артистами СССР, Лауреатами Государственных премий СССР.

Не берам на себя смелось утверждать, что точно также могла бы сложиться судьба и Малика Азимова. Но, как свидетельствуют его коллеги, в нем было все, что необходимо для настоящего актера. Пленял он и прекрасной исполнительской манерой, обаянием, а ещё какой-то особой, исходящей из глубины души энергией и вдохновением.

* (Кинолентага олган материалини проявка, монтаж қилиб эфирга бериш кунига улгуриши учун мухбирлар материални бир неча кун илгари тасвирга олиб Москвага жўнатар эди).

Может это и помогло ему в том жестоком бою.

31 июля 1944 года часть, в которой служил Малик Азимов, находилась на границе с Польшой. Продвижение вперед войскам мешало крупное соединение фашистов окопавшееся на том берегу реки Висла. Отделению, которым командовал Малик Азимов, было приказано ночью, скрытно переправиться через реку, уничтожить боевые позиции и заняв плацдарм, прикрыть огнём переправу основных сил.

Отделение успешно выполнило поставленную задачу. Но погибли все. А, обессиленного, истекающего кровью Малика Азимова увезли в медсанчасть. До Победы оставалось немногим более девяти месяцев от четырех долгих лет войны. И в 29 лет – ампутация обеих предплечий.

Кадр ортидан: М.Азимовлар хонадонида деворга осиғлик ҳолда турган мусиқа асбоблари: дутор, рубоб, най, чилдирма панорама қилиб кўрсатилади.

Эти – дутар, най, бубен ещё помнят тепло рук своего хозяина. Как легко и весело играл на этих инструментах молодой Малик. Заслушивалась чудесными звуками музыки юная Саодат. Может тогда, ещё в счастливые довоенные годы зародилась любовь в душе у девушки из соседнего двора с длинными, мелко сплетенными косичками…»

(Матннинг қолган қисми сақланмаган – И.А.)

«Время» 8 - май1985 йил Москва, Марказий телевидение

«Время»нинг Ўзбекистондан берган шу репортажидан кейин СССРнинг бошқа биронта ҳудудидаги ҳамкасбларимнинг бу мавзудаги лавҳаси, репортажи ёки очерки берилгани йўқ.

Ўша вақтдаги ҳис-ҳаяжоним ҳамон ёдимда. У пайтда «Время»да берилган битта катта репортаж уруш йиллари не-не азобларни чеккан бутун Ўзбекистон халқини кўнглини кўтарар, мухбир, оператор учун эса бу кун байрамдек бўлар, уйга телефон қўнғироқлари бошланар, эртаси, кейинги бир неча кун давомида шу ҳақда гап-сўз бўлар, материалнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида кўп куйиб-пишиб гапирилар эди.

Сайтимизни кузатиб боринг. (Давоми бор)


3 699
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА