Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 15:10 Чоп этиш версияси

Икки мингдан ортиқ адабиётлар тақдим этилди

Икки мингдан ортиқ адабиётлар тақдим этилди Андижон вилояти Балиқчи туманидаги маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи ибратли тадбирни ўтказди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори соҳа тараққиёти учун мислсиз қадам ва ўзига хос дастуриламал бўлди.

Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятининг оширилиши жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ҳамда садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Республика ишчи гуруҳи бу жиҳатларни чуқур англаган ҳолда Балиқчи туманида янги ташаббусни бошлади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси томонидан юздан ортиқ номдаги икки мингдан зиёд китоблар Балиқчи туманидаги 4 та сектор штабига ва “Омон Ариқ” маҳалла фуқаролар йиғини кутубхонасига тақдим этилди. 

Сўзга чиққанлар ёшларга маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни чоп этиб, жойларга вақтида ва мақбул нархларда етказиб бериш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан бошлаб китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш долзарб вазифа эканлигини қайд этишди. 

DSC04717.JPG

Хусусан, китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизими такомиллаштирилаётгани таъкидланди. Ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолияти ривожланаётганига, ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари” ўқув-услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитилаётганига алоҳида урғу берилди. 
 
Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш, бу борада китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила”, “Энг фаол кутубхоначи” каби кўрик-танловларнинг саралаш ва республика босқичларини юқори савияда ўтказиш йўлга қўйилди.
Шу тариқа секторлар штабларида биринчи маротаба кутубхоналар тизимини ташкил этиш иши йўлга қўйилмоқда. Тақдим этилган жамланмалар орасида жаҳон адабиётининг энг нодир дурдоналарининг таржималардан тортиб, ўзбек муаллифларининг автобиографик асарлари, қисса ва ҳикоялар, эссе ва шеърлари, мактаб ўқувчилари учун фанлардан қизиқарли қўлланмалар, луғатлар, ҳикматлар хазинаси, бадиий-публицистик мақолалар тўпламлари, машҳур романлар, драматургия намуналари, бадиий очерклар, миллий халқ эртаклари, дарсликлар ўрин олган. 
 
Алишер Навоийнинг “Ишқ тилсими”, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун”, Примқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Тоҳир Маликнинг “Залолатга ботма, эй инсон”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” ва “Беш болали йигитча”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Тўлан Низомнинг “Пўлат белбоғ” ва “Ватан ҳақида қўшиқ”, Муҳаммад Юсуфнинг “Шоир севгиси”, Қамчибек Кенжанинг “Муҳаббат бадали”, Мирзо Кенжабекнинг “Буюк Термизийлар”, Собир Ўнарнинг “Бибисора”, Турсуной Содиқованинг “Ишқ рангги” ва “Муроса илми”, Салим Ашурнинг “Катта офтоб” ва “Титроқ”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Сабо ва Самандар” ҳамда “Эски дунё ва янги мен”, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” ва бошқа ўнлаб ёзувчи ва шоирларнинг китоблари ўқувчиларда, айниқса, катта қизиқиш уйғотди. 

Тадбир Балиқчи тумани китобсевар аҳолисини, айниқса, ёшларини тўлқинлантириб, мутасаддиларнинг бу каби тадбирларга эътибор ва диққатини янада кучайтиришга ундаши билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Лазиз Раҳматов, журналист

ЎзА
5 145