ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Икки эмас, тўрт тил лозим​

Икки эмас, тўрт тил лозим​
​Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бошида жадид ҳаракатининг энг пешқадам пешволаридан бири сифатида фаолият юритган бўлиб, жуда кўпгина соҳалар бўйича дарслик ва илмий мақолалар яратган.

Адабиётшунослик ва тилшунослик соҳасида ёзган бир қатор мақолалари, мактаблар учун дарсликларида берилган материаллар мутахассислар томонидан ҳали етарлича ўрганилган эмас. Жумладан, буюк маърифатпарварнинг тил-имло масалалари, ўзбек адабий тили ва халқ жонли тили муносабатлари, адабий тилни шакллантириш, тилимизни “ёт”, яъни хорижий сўзлардан тозалаш, софлигини сақлаб қолиш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, тадқиқот манбаи сифатида танлаш долзарб вазифалар сирасига киради.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги тантаналарида сўзлаган нутқида: “Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир”, дея таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, XIX аср охири XX аср бошларида “Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак ўрин тутган сиймолардан бири” – Маҳмудхўжа Беҳбудий “буюк миллатпарвар ва ватанпарвар сифатида ўзбек маърифатпарварларининг олдинги сафларида" бўлиб, у ўз маслакдошлари сингари миллатнинг сиёсий онги ва тафаккурини ўстиришнинг асосий йўллари сифатида янги усулдаги мактаблар очиш ва бу мактаблар учун дарсликлар яратиш, матбуотни йўлга қўйиш ва шу орқали ўзбек миллий тилини шакллантириш, адабий тил меъёрларини яратишдек энг муҳим ишларга улкан ҳисса қўшди. Бу буюк миллатпарварнинг илмий соҳада қилган ишлари таҳсинга лойиқ бўлиб, уни илмий асосда тадқиқ этиш тилшунослигимиз олдида турган вазифалар сирасига киради.

Маҳмудхўжа Беҳбудий қаламига мансуб дарсликлар ва бир қатор мақолалар унинг салоҳиятли олим бўлганидан далолат беради. Айрим дарслик ҳамда тилшуносликка доир мақолаларида кўтарилган масалалар унинг зукко тилшунос бўлганини тўла исботлайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий тилшунос сифатида “Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар”, “Тил масаласи”, “Сарт сўзи мажҳулдир”, “Сарт сўзи маълум бўлмади” сингари мақолалар яратди. Бу мақолларида ўз даврининг муҳим масалалари хусусида фикр юритишга ҳаракат қилди. Алломанинг “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи 1913 йилда ёзилган бўлиб, ўзи ташкил этган “Ойна” журналининг 1-сонида чоп этилган. Мақола номидан кўриниб турибдики, муаллиф кўп тилни билиш ҳар бир туркистонлик учун шартлиги ва шу орқали дунёга чиқиш мумкинлигини уқтиришга ҳаракат қилади. Беҳбудий ҳар бир миллат ўзбек тилидан ташқари, форс-тожик, араб, рус ва ҳатто Европа тилларидан бирини билиши кераклигини таъкидлайди. 

Маҳмудхўжа Беҳбудий айтадики, Туркистон ўлкасида жуда қадимдаёқ уч тил амал қилган. Ушбу тилларнинг бир-бирига таъсири мактаб ва мадраса асарларида ҳам кўринади. Шу боисдан, Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ҳолатга ачиниб, уни ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида ёзади.

Шу мақолада Туркистон шаҳар ва қишлоқларида яшовчи аҳолининг тили қайси тил эканлиги хусусида ҳам диққатга молик фикрлар юритилган. Олимнинг кўрсатишича, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида форсча сўзлайдиган шаҳар ва қишлоқлар бор. Бухоро шаҳри аҳолисининг тили ҳам форсчадир. Маълумки, турк-форс икки тиллилиги тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Бу хусусда мақолада қуйидагича фикрлар баён этилади: “Бизга саодатдурки, туркий ва форсийни таҳсилсиз билурмиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркий билмоғи лозимдур”. Бундан ташқари, мақолада рус ва фаранг тилларини ҳам билиш кераклиги ҳақида эътиборга лойиқ фикрлар мавжуд. Мақолада бу хусусда қуйидагиларни ўқиймиз: “Фаранг ва рус донишмандларининг асарларидан фойдаланмоқ туркий ё русий ва фарангий билмак ила мумкин бўлур...”. Хорижий тилларни билишни Маҳмудхўжа Беҳбудий сиёсий масала даражасига қўяди. Дарҳақиқат, тил сиёсатдир. Тил сиёсати бузилган жойда миллат ҳам таназзулга учрайди. Ҳар бир миллатнинг ўзлигини англашида, ёш авлодда миллий онг ва тафаккурни шакллантиришда тилнинг ўрни беқиёс.

Беҳбудийнинг тилга оид мақолаларидан яна бири “Тил масаласи” деб номланади. Мақола 1915 йилда ёзилган бўлиб, “Ойна” журналининг 11-12-сонларида чоп этилган. Мақолада ўзбек тилининг имлоси ва адабий нормаси билан боғлиқ бир қатор долзарб масалалар хусусида фикр юритилган. Ўша давр лингвистик адабиётларида таъкидланишича, форс ва араб тилларини энг кўп қабул килган тил усмонли турк тили бўлган. Бу тил оддий халқ тилидан узилиб қолган бўлиб, унда битилган нарcаларни фақат зиёли кишигина тушуна олган. Усмонли турк тили турк халқининг адабий тили саналган. Маҳмудхўжа Беҳбудий мақолада қуйидагиларни ёзади: “Туркларнинг баъзи тоифаси форсий ва арабийни у қадар кўп олдиларки, тиллари туркий, форсий ва арабийдан қўшулуб, “усмонли тили” аталади. Ушбу уч тилни адабиёт ва коидаларидан бохабар бўлмагунча усмонли шевасинда ёзмоқ мумкин эмасдур...” Муаллифнинг фикрларидан шуни англаш мумкинки, адабий тил жонли халқ тилидан озиқланиши, шу асосда бойиб бориши мумкин. Олим халқ жонли тили ва адабий тилни фарқлаган. У туркий тилларнинг бир нечтасини ўрганиб чиққан ва шу асосда озарбайжон, қрим-татар тиллари усмонли турк тилига яқин бўлса-да, араб ва форс тилларининг таъсири кам бўлганини таъкидлайди. “Тил масаласи” мақоласида кўтарилган жиддий масалалардан бири ўзбек (чиғатой) тилининг кўп шевали тил эканлигидир. Беҳбудий ўзбек тилигина эмас, балки бошқа туркий тиллар ҳам кўп шевали тиллардан эканлигини ёзади: “Туркчанинг шуъба шох(а)лари бўлган ўзбек-чиғатой, тотор, озарбайжон, қозоқ ва туркман лаҳжаларидаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масаласидур”. Худди шунингдек, Туркистон ўлкасининг шевалари турличалиги ва бу ҳол адабий тилни меъёрлаштиришда ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкинлиги хусусида ҳам фикрлар баён этилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек халқининг жонли тилида форс ва араб сўзларининг таъсири қай даражада экани ҳақида ҳам сўз юритади. Олимнинг таҳлили асосида шуни айтиш мумкинки, Фарғонанинг Қўқон ва бошқа шаҳарларида форсий тилда сўзлашувчи аҳоли нисбатан кўпдир. Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида форсий тилнинг таъсири камлиги қайд этиб ўтилади. Беҳбудий қайси жойда форсий тилнинг таъсири кучли бўлса, ўша ерда араб тилининг ҳам таъсири катта эканлигини таъкидлайди. Туркистоннинг Мовароуннаҳр ва Ҳазор қисмида туркман тилининг таъсири юқори эканлиги кўрсатилади. Шунга қарамай, ҳамма жойда Алишер Навоий, Фузулий асарлари бир хилда ўқилади ва тушунилади. Олим бу ҳолатни таҳлил этар экан, барча жойда бадиий асарларнинг тушунилишини таъминловчи асосий восита адабий тил эканлигини уқтиришга ҳаракат қилади.

“Тил масаласи” мақоласида кун тартибига қўйилган масалалардан яна бири адабий тилни шакллантириш ва тараққий эттиришдир. Мақоланинг иккинчи қисми айнан шу масалага бағишланган. Беҳбудий кундалик матбуот нашрлари чоп этилиб, халқ орасида кенг оммалашган жойда адабий тил нормалари маълум меъёрга кираётганини таъкидлайди. Бундан ташқари, матбуот тилининг ривожи халқ жонли тилидан устун даражада эканини уқтириб ўтади. Дарҳақиқат, олим таъкидлаганидек, Россия ва Кавказда матбуот тили анча ривожланган ва кўча тилидан фарқли бир ҳолатга кирган эди. Бундай ҳол, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг таъкидига кўра, татар матбуоти тили ва жонли тилида ҳам кузатилади. Олим ўша давр матбуоти тилини адабий тил ва илмий тил сифатида иккига ажратади. Бу ўша давр маърифатпарварларининг кўпчилигига хос бўлган ҳолатдир. 

Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий матбуот тилига адабий тилни шакллантириш ва унинг имло меъёрларини ишлаб чиқиш воситаси сифатида қарайди. “Тил масаласи” мақоласида баҳс юритилган масалалардан яна бири тилимизга бошқа тиллардан ўзлашган сўз ва терминларга муносабат масаласидир. Тилимиз лексикасида катта қатламни ташкил этувчи форс-араб ўзлашмаларини янгилаш, уларни ўзбекчалаштириш масаласи ХХ аср бошларида маърифатпарварлар томонидан кескин бир тарзда кун тартибига қўйилган. Ўша давр матбуотида чоп этилган мақолалар шундай дейишимизга асос бера олади.

Бу масала атрофидаги баҳс-мунозараларда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам шубҳасиз иштирок этган, даврининг илғор маърифатпарвари сифатида масалага ўз муносабатини билдирган. Олимнинг ушбу масалага муносабати анча илғордир. Кўпчилик маърифатпарварлар ўзлашмалардан воз кечиш ва уларни туркийча сўзлар билан алмаштириш масаласини кун тартибига қўйган бир пайтда Беҳбудий бу соҳада шошма-шошарлик билан ҳукм чиқариш ярамаслиги, бундай ўта муҳим, қийин бир ишнинг амалга ошиши учун юз йиллаб вақт кераклигини уқтиради.

Худди шу мақолада асрлар давомида араб ва форс сўзларидан фойдаланиб келинган миллат тили луғатидан уларнинг қувиб чиқарилиши ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланади. Олим воз кечилган сўзлар ўрнини бошқа бир ҳукмрон тил сўзлари эгаллаши мумкинлигидан огоҳлантиради. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу башорати орадан йигирма йиллар ўтиб ўз исботини топди. Шўро давлатининг миллатлар тилига қилган таҳдидли сиёсати натижасида тилимиздаги форс ва араб ўзлашмалар ўрнини русча сўзлар эгаллай бошлади. Маҳмудхўжа Беҳбудий бундай бўлишини олдиндан кўра билган ва халқимизни бундан ўз вақтида огоҳлантирган эди: “Бир неча минг санадан бери форсий ва араб тили ва маданияти ва салтанати таъсири остида қолган туркийни яна бир неча минг санада буларни таъсиридан чиқармоқ нари турсун, балки маънан ва моддатан ва фаннан маҳкум миллатларни тили бўлган тилимизга тараққий этган миллатларнинг луғатлари ҳужум қилур”. Шунинг учун ҳам бир тил элементларидан воз кечиб, иккинчи бир тил элементларига йўл очиб бериш мақбул эмаслигини кўрсатиб берилади.

Юқоридаги далиллар Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврининг етук тилшуносларидан бир бўлганини тўла исботлайди. Унинг тилшунос сифатида халқ жонли тили ва адабий тил муносабатлари, имло, орфоэпия ва орфография, пунктуация ва этимология масалалари юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ҳамон ўз илмий аҳамиятини йўқотмаган. Олимнинг бу борадаги қарашлари ҳозир ҳам катта илмий аҳамиятга эга бўлиб, лингвистика масалалари ёритилган барча мақолаларини диққат билан ўрганиш тилшунос олимларимиз олдида турган энг муҳим вазифалар сирасига киради.

Эшпўлат ЖАББОРОВ,
филология фанлари номзоди

5 435
ЎзА