ЎзА Ўзбек

01.12.2019 Чоп этиш версияси

Ибодатга чорлар номозшомгуллар...

Ибодатга чорлар номозшомгуллар...
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу! 

Қошимга бир лаҳза кечиккан маҳал,
Ичимда минг йиллар ичикиб кутдим.
Нигоҳи тушганда ёдимга ҳар гал –
Ўзимни эслолмай охир унутдим...

Оҳ, ўзни йўқотдим, лек уни топдим,
Маҳрумиятда бор муяссарият.
Оғзимни ёпиғлиқ қозондай ёпдим,
Қалб кўзим очилди мошдай, хайрият!

Хайрият, кўринди ҳислар зебоси,
Ялангтўш хирслардан фарқли ўлароқ.
Иймонга ўт пуркар Ғарбнинг юҳоси –
Нетиб монеъ бўлдик Шарқлик ўлароқ?!

Шарқ, ахир, азалдан нозик масала,
Бунда гап қочса ҳам нафосат устун.
Кўзлар суқланмоққа қилмас ҳафсала,
Ҳаё миршабининг измида тутқун.

Бунда тиконлар ҳам бир кун очар зеб,
Ибодатга чорлар номозшомгуллар.
“Аввал кўнгил уйин тавоф айланг!” – деб
Муаззинлик қилар бунда булбуллар.

Бунда ғунча билан очилгач қалам,
Шабнамсўз тўкилар гулнинг бандига.
Бунда кўнгил учун ҳусн аҳли ҳам
Бироз шакар қўшар заҳархандага.

Не тонг, кўнгил учун барча-барчаси,
Жон учун, жисм учун эмасдир асло.
Ҳайҳот, узилса гар кўнгил парчаси –
Олам ҳам тўкисман, демасдир асло.

Умр китоби

Болам – япроқ, бобом – илдизим – Ватан,
Ушоқ ҳам нон дерлар, бас, ўзим – Ватан.
Умрим китобини варақласангиз:
Сўзбошим Ватандир, сўнгсўзим – Ватан.

Оҳанг оҳанрабоси

Замину замон ҳам бўлади унут,
Ноталар қаъридан маъно англасанг.
Тилгамас, қулоққа айланар вужуд –
Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

Йўлда куй эшитмак сафоси бошқа,
Ҳарир ўйлар келар қақшаган бошга,
Шердай тик қарагинг келар қуёшга –
Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

Тарона авжига чиққанда бот-бот,
Оёғинг узилар ердан шу заҳот,
Куракдан ниш уриб ўсади қанот –
Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

Узоқ манзилларга очиб қулочин,
Уловинг учганда мисоли лочин,
Дунё шовқинларин тўсар қулоқчин –
Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

Борлиқ борлиғингни куй билан ўрар,
Энг майин садолар ўз қадрин сўрар,
Кўзлар эшитгандай қулоқлар кўрар –
Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

Ҳаёт – учқур от гоҳ бўлмас бошқариб,
Қоқилсанг, устингдан кулса ёш-қари,
Куюнма, суюнма ҳаддан ташқари,
Бариси ўткинчи... Ҳақдан ташқари –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг,
Киприкка киприкни қўшиб тингласанг...

Рустам МИРВОҲИД,
шоир

8 974
ЎзА