ЎзА Ўзбек

25.12.2018 18:53 Чоп этиш версияси

“Guliston” журнали – янгича қиёфа, ўзгача дизайнда

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида чоп этиладиган “Guliston” журнали янгича дизайн ва дил тортар мавзулар билан бойитилди.

photo5264717933471443647as.jpgХусусан, журналнинг 2018 йилги 6-сонида “Маданият – бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир” сарлавҳаси остида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев билан суҳбат ташкил этилган.

Шунингдек, “Самарқанд – барча дарвозалари очиқ музей” номли махсус суҳбат ташкил этилган бўлиб, унда жамиятимизда юз бераётган ўзгаришларга Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг муносабатларини ўқиб, билиб олишингиз мумкин.

“Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, айнан бугун кўриши керак”, дея таъкидлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Дарҳақиқат, халқимиз ҳаётида сўнгги йилларда юз бераётган янгиланишлар борасида журналнинг “Асрга татигулик йил” номли мақоласи орқали яқиндан танишинг.

Бундан ташқари, журнал саҳифаларида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Оламдан завқ олиш менга ҳам матлуб” номи остида чоп этилган илҳом сарчашмаларидан ҳамда Доғистоннинг улуғ шоири Расул Ҳамзатовнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Чингиз Айтматов ўзбек халқига меҳнат ва меҳнаткашлик тимсоли, буюк, тирик тарих яратган сиймо, деб қаради. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуровнинг “Ўзбекистонинг қадрдони, ўзбек халқининг суюкли адиби” сарлавҳали мақоласи улуғ адиб Чингиз Айтматов хотираларини ёд этишга ундайди.

“Guliston” журналининг мазкур сонида бундан ташқари, “Театрга келинг, талпининг”, “Саҳна мен учун...”, “Лувр”, “Гулқайчи” каби ранг-баранг суратларга бой мавзуларни учратасиз.

Ижтимоий-сиёсий, илмий-бадиий, маданий-маърифий мавзуларни қамраб олган “Guliston” журналининг 6-сони сизга манзур бўлса, ажабмас.



Абдулазиз Рустамов, ЎзА
3 194