ЎзА Ўзбек

05.03.2019 Чоп этиш версияси

“Гулистон”нинг гулгун чеҳраси


Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида чоп этиладиган “Guliston” журналининг 2019 йил илк сони янгиланиш ва уйғониш кайфияти ва чинаккам баҳорий руҳда ўқувчилар қўлига етиб борди. 

Guliston jurnali.JPGЖурналнинг илк сони том маънода қадимий анъаналарга содиқ қолган ҳолда тайёрланган десак муболаға эмас. Биринчи саҳифада мамлакат Президентининг Олий Мажлисга иккинчи Мурожаатномасига муносабат тарзидаги мақола ўрин олган. Жорий йилнинг —Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб номланишининг ифодаси ўлароқ “Иқтисодиётнинг юраги доимо уриб турсин” номли мақола хориждан инвестиция жалб этиш, моддий аҳволни ўнглаш, халқнинг турмуш шароитини ўнглаш борасидаги ҳаётий зарур фикр мулоҳазаларни илгари суради. 

Журнал ўқувчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан бўлган суҳбатни ўқиб, келажагимиз пойдевори бўлган таълим тизимидаги бугунги ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида зарурий ахборотлардан хабардор бўлади.

“Гулистон” журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқуловнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгеси раиси Муса Ерниёзов билан қилган “Умид булоқлари тўлиб тошгай” номли суҳбат мақоласида Қорақалпоқ заминида амалга оширилаётган бетимсол бунёдкорлик ишлари ўз аксини топган. 

“Гулистон”нинг мазкур сонида шеърият бўстонига ҳам кенг ўрин берилган.Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган “Дўстлик бор эканки, эл кўкаради”, беназир Ойбек домланинг “Бир ўлкаки, сал кўрмаса қуёш соғинар ”, бу дунёни эрта тарк этган истеъдодли шоира Бахтинисонинг дафтарда қолган мисралар рукнида “Мен сингиб бораман, майсага ерга” сингари туркум шеърлари “Гулистон” мухлисларини инсон қалбининг нурафшон оламларига ошна қилади. 

Журналнинг ушбу сони яна шуниси билан аҳамиятлики, тафаккур боғбони ҳазрат Алишер Навоий, ва улуғ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунлари муносабати билан қизиқарли ва жозибали мақолаларни ўқувчиларга тақдим этади. 

Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов ва Муҳаммадали Абдуқундузовнинг бир биридан самимий фикр-мулоҳазалари “Гулистон”ни янада бойитган. Шунингдек жамиятнинг турли жабҳасида жавлон ураётган юртдошларимиз ҳаётидан ҳикоя қилувчи мақолалар, ёзувчи Асад Дилмуроднинг охирги марта ўз қўли билан таҳририятга олиб келган эссеси, Ўзбекистон халқ шоири Шукур Холмирзаевнинг даҳо шоиримиз Абдулла Орипов ҳақидаги ҳеч қаерда эълон қилинмаган “Чўққи сари зиналардан ўтавер” адабий мақоласи журнал саҳифаларини безаб турибди. 

Биз журнал ўқувчиларига хотиротимизни хушвақт қиладиган сўнмас мутолаа завқини тилаймиз.

4 863
Озода Бекмуродова, ЎзА​​