ЎзА Ўзбек

05.03.2019 Чоп этиш версияси

Гулчеҳра НУРУЛЛАЕВА: Мен – яхшилар ибратига харидор...

Гулчеҳра НУРУЛЛАЕВА: Мен – яхшилар ибратига харидор...

Тушкун билманг... Юрагимда чўққим бор.
Ҳайбатларин, ҳайратларин уққим бор...

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Тошкент университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган (1956—1964). «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат», 1961—1967) журналида ишлаган. 1967—1969 йилларда Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида ўқиган.

Унинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами «Қуёш табассуми» (1965) номи билан чоп этилган. Шу кунгача ўндан ортиқ тўпламлари эълон қилинган.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) китоблари чоп этилган.

Қуйида унинг шеърларидан парчалар ўқийсиз.


“ҚАТРАЛАР” ТУРКУМИДАН 

Мен – яхшилар ибратига харидор,
Мен – туйғулар ҳайратига харидор...
Умрим бўйи сўз бозорин кезяпман,
Мен – сўзларнинг журъатига харидор...

***

Тасаввурга, тафаккурга сеп олдиммикан?
Туғён айтар каломларга зеб олдиммикан?
Босиб ўтган йилларимда бормикин шитоб?
Донолардан, зукколардан эп олдиммикан?

***

Тушкун билманг... Юрагимда чўққим бор.
Ҳайбатларин, ҳайратларин уққим бор...
Оппоқ қорлар жилвасидан олиб нур,
Нопокликни ер остига тиққим бор...

***

Ҳар кун умр сабоғини янгилай,
Ҳар кун кўнгил сўроғини янгилай...
О, гулларим, сўляпсизми?! Мен шитоб
Гултувакнинг тупроғини янгилай...

***

Нотавонмиз, бунёд сари юрмасак,
Ломаконмиз, қўлни ишга урмасак...
Димиқаркан тафаккурнинг хонаси,
Нокомронмиз, шамоллатиб турмасак...

***

Халоллаб топганин еганга қуллуқ!
“Яхшиям Ҳақ бор-а!..” – деганга қуллуқ!
“Бу тўкис дунёда каммас ҳеч ким”, – деб,
Ненидир юқтирар Эгамга қуллуқ!

***

Бадниятнинг зўр раққоси ЁЛҒОН экан...
Беибоси, бебақоси ЁЛҒОН экан...
Билмасангиз, билиб қўйинг атворини:
Сўзларнинг энг тараққоси ЁЛҒОН экан... 

***

Дегайман эркалаб СЎЗИМни:
“Сизларда кўрайин ўзимни.
Пок бўлинг! Тик бўлинг! Оқ бўлинг!
Ерларга қаратманг юзимни!

***

Кўзмунчоққа арзигули шеър истайман,
Кошки уни ХАВАС мудом қувониб қучса...
Арғимчоққа арзигули шеър истайман,
Учирса, учса...


*** 

Руҳим бўшамаса мастоналикдан,
Ором ўкинмаса остоналикдан,
Завқ-у шавқ париси мен ила бўлса,
Андуҳлар соч юлгай бегоналикдан...
Менга шу керак!


***
Арғамчисин солиб турналар, кўрсам,
Ёзги манзилидан учибди...
Қўшиқларин айтиб мастона, хурсанд,
Менинг юрагимга кўчибди...​​

4 693
ЎзА