ЎзА Ўзбек

06.12.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Гулчеҳра Нуруллаева: "Ижодкорнинг сўзи ва амали бир бўлиши керак"

Гулчеҳра Нуруллаева: "Ижодкорнинг сўзи ва амали бир бўлиши керак"

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Гурунг” туркум суҳбатларини давом эттиради. Бу галги суҳбатдошимиз “Қуёш табассуми”, “Орзуларим қоқади қанот”, “Ташнаман”, “Иккинчи баҳор”, “Лирика”, “Бағишлов”, “Пахта ҳиди”, “Нурли нуқталар”, “Муҳаббатнинг суврати” каби тўпламлар муаллифи, шоира Гулчеҳра Нуруллаева.


– Ассалому алайкум, Гулчеҳра опа, хуш келибсиз. Ҳаётингиз давомида суронли йилларнинг кўплаб заҳматини ҳам тотдингиз, яхши кунларини ҳам кўрдингиз. Шу боис суҳбатимизни ўтмиш ва бугунни солиштиришдан бошласак.

– Одатда ижодкорни қандай яшаётганлиги, нимадан хурсандлиги, нимадан хафалиги, нимани исташи ҳаммаси унинг қаламига тегишли бўлади. Гоҳ проза бўлиб, гоҳ шеър бўлиб, гоҳ эсталик, гоҳ кундалик бўлиб қоғозга тушади. Яқинда борки йиғилган тўплам-тўплам ҳужжатларни қайта кўриб шу хулосага келдимки, жудаям суронли умр кечирган эканман. Бу албатта феъл-атворимдан келиб чиққан бўлса керак. Чунки табиатан адолатни, ҳақиқатни яхши кўраман. Қаердаки озгина бўлсин адолатсизлик бўлса, ҳақиқатга нотўғри муносабат бўлса, қалбим исён кўтаради. Бу асарларимда ўз ифодасини топади. Ҳаётим ана шундай умр бўйи ўйлаш билан, қоғозга ҳамроҳлик қилиш билан, халққа нимадир нафим тегадими деган хаёл билан яшаганман. Бошқа бирор бир эҳтиёж сезмаганман. Аммо юртимизни ҳар бир ҳудудида бўлганман. Бўлмаган ҳеч бир қишлоғим қолмаган. Шу жойлардаги одамларни кўриб юрак-юрагимдан қувонадиган ва хафа бўладиган ҳолатларим ҳам бўларди. Уларнинг ҳаммаси қоғозга тушарди. Мана шунақа ҳаёт кечирган эканман.

– Шу ўринда бир савол туғилади: одатда аёллар бош эгувчан, нозиктаъб бўлишади. Сиз эса шижоатли ва исёнкор феъл-атворга эгасиз.

– Аллоҳ шунақа яратган бўлса керак. Шунақа феъл-атвор берган. Хоҳиш, интилиш, эҳтиёж берганки, қаламни қўлга олдингми, бекорга ишлатмаслик керак, ижодкорда жуда катта масъулият бўлиши керак, у ҳеч қачон ўзини ўйламаслиги, аксинча, халқни, одамларни ўйлаши керак дейдиган бир фикр бўлган-да. Мана шу фикр умр бўйи мени тарк этмади. Ҳали-ҳамон тарк этмаяпти. Бундан жуда қувонаман. Айниқса, кейинги ўзгаришлардан мен жуда бахтлиманки, шу кунларни орзу қилган эдим. Ҳақиқатларнинг юзага чиқиши, адолатга эришишига орзуманд эдим. Орзуларим ушалди. Шуни амалга ошираётганларга катта раҳмат. Омон бўлишсин. Ишларига бунданам катта ривож тилайман. 

– Ўз ихтиёрингиз билан орден ва мукофотларингизни қайтариб берган экансиз. Бунга нима сабаб бўлган эди?

– Бу Ёзувчилар уюшмасининг сўнги йиғилишида бўлган эди. Асосан совет даврида ижод қилиб, ўша даврда мукофотлар олганман. Қайта қуриш бўлгандан кейин, ўша даврдаги қанча нопокликлар марказий газеталар орқали ошкор бўла бошлагандан кейин юрагимда катта бир туғён бошланди. Наҳотки мен шундай ҳаётни мақтадим. Унга бағишлаб шеърлар ёздим. Қани менда виждон? Нима учун янглишдим? Аввало бу янглишишни сабабини изладим. Қарасам, биз мактабга боргандан бошлаб, биз зўр, адолатли, тўкин мамлакатда яшаймиз. Бошқа мамлакатларнинг ҳаммаси камбағал, улар ривожланмаган, фақат биз энг илғормиз деган фикр сингдирилган экан. Бу кўр-кўрона сингдирилган фикрларга ишонган эканман. Кейин чет мамлакатларга чиқишлар бошланди. Ўз кўзим билан кўп нарсаларга гувоҳ бўлдим. Республикамизни кезиб, турмуш билан янада яқинроқ танишиб, шундан кейин мен кимга хизмат қилган эдим, нимага хизмат қилган эдим, нима учун ёзган ёлғонларим учун мукофотлар берилди, деб ўйладим. Билмаганим учун янглишдим. Ҳақиқатни тушунтирадиган одамлар йўқлиги учун адашдим. Чунки ҳақиқатни гапирадиган одамларга сўз берилмасди. Энди бу ёғига ўзимни оқлашим керак эди. Булардан албатта воз кечишим керак деган қарорга келдим. 

– Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Афсусланган вақтларингиз ҳам бўлганми?

– Вақти келиб қуёш ўзининг нурларини халқ учун сочади, деган фикрда эдим. Шукрки, шу кунларга етиб турибман. Халқимизнинг бағрига шамол тегиб турганидан хурсандман. Халқни ўйлаётган одамлар борлигидан мамнунман. Уларни кечаю кундуз тиним билмай ишлаётганидан хурсандман. Эшитишимча, 2-3 соат ухлар экан, бўлмаса йўқ. Мендан бахтли одам йўқ ҳозир.

Президентимиз ташаббуси билан Ёзувчилар уюшмасига янги бино қуриб берилди, адиблар хиёбони барпо этилди... Ижодкорларга бўлаётган эътибордан жуда хурсандман. Бугун ёзувчилар учун бино қурилди. Боғ барпо қилинди. Бу ерда одамлар ижод нафасини ҳис қилиши мумкин. Ижодкорлар билан мулоқотда бўлиши мумкин. Бунга қўшимча нимани истардим? Бизда ажойиб ижодкорлар оламдан ўтишди. Улардан бири, жудаям қадрли бўлган Одил Ёқубов. Исми жисмига мос одил одам эди. Ҳеч қачон ўзларини ўйламаган. Фақат халқни ўйлаган одам. Катта йиғинларда нутқ сўзлаганида “ўзбек пахтакори қадимдаги қулнинг аҳволидан ҳам баттар аҳволга тушди ҳозир” деган сўзларни айтган жасоратли ижодкор эди. Халқ учун куйинадиган одамнинг иззати жойига қўйилиши керак. Мактаблар, ижодий ташкилотлар, кўчаларга шу инсонни номи берилиши керак деб ўйлайман. Дафъатан хаёлимга келди. Улар халққа шу қадар кўп меҳр кўрсатганки, биз орқаларидан бўлса ҳам шу меҳрни қайтаришимиз, иззатлашимиз керак. Бу оддий инсоний бурчимиз. Бошқалар ҳақида ҳам шундай гапларни айтишимиз мумкин. Бизнинг улуғларимиз анчагина. Уларнинг ҳаммасини эътиборини жойига қўйишимиз керак. Тез орада шундай бўлишини юрагим сезиб турибди. Ёзувчиларимизнинг бўлаётган янгиликларга эътибори жиддий ўзгаришини истардим. Мен бу ўзгаришларни узоқ кутган эканман. Бунга ишонган эдим. Яхши шароитларни яратаётган одамларга раҳмат. Уларга миннатдорлик билдириб, қайта қуришларга ўзимизнинг фаол ишларимиз билан ҳисса қўшайлик. Янгиликларни яратаётган одамга, халққа суянчиқ бўлайлик. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев билмаган соҳани ўзи йўқ, деб ўйлайман. Ҳамма нарсани кўнгилдагидек бўлишини истайдилар. Ана шундай пайтда юрагида ўти бор одамлар кучларини ана шу яхши ишларни ижросига бағишласа, ёнида бўлса яхши. Ҳаммамиз бирлашсак, бу улуғ бир куч бўлади. Ўзбекистон бундан ҳам келажаги буюк бўлади. Бугуни чиройли, келажаги бундан ҳам чиройли мамлакатга айланади. Ҳамманинг ҳаваси келади. Бунга ишонаман. Бу жараёнда ёзувчиларнинг қўшадиган ҳиссаси халқ орасида бўлишдир. Ҳали бу фидойиликларнинг самараси етмаган жойлар бордир. Ана ўша ерларга бориб, одамлар билан мулоқот қилиб, қилинаётган ишлар, қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида ёзиши керак. Биз энди ортга қараб ўтган гапларни ҳам бугунги кундаги яхши ишларни ҳам халққа айтишимиз керак. Буни ижодкорлар қилиши керак.

– Қандай асарлар яратгингиз келяпти?

– Ёшлигимга қайтиб қолсам, кўтаринки руҳдаги, бўлаётган чиройли ўзгаришларни ифодаловчи, яхшиликни илдиз-илдизигача очиб берувчи асарлар яратган бўлардим. Кўнгилдагидек иш бўлаяптими, раҳматимизни айтайлик, омон бўлинг дейлик, қўлимиздан келган ёрдамни берайлик. Ижодкорлардан шуни истардим. Мақтовлар яхшиликларни олдида тўсиқ ҳам пайдо қилади. “Суратнинг сийрати” деган бир тўплам яратдим. Агар вақти келиб, нашриётлар лозим топиб, босмадан чиқса, 27 йилги ҳаётимда руҳимда кечган туйғулар ўқувчиларга маълум бўлади. 

"Ҳақиқий ижодкорнинг сўзи ва амали бир-бирига тўғри келиши керак."

Фақат. Мен бошқача бўлишни тушунмайман. Чунки қалам ҳаммага берилмайди. Илҳом ҳаммага ҳам берилавермайди. Шу инъомга хиёнат қилмаслик керак. Ҳақиқат, ҳақиқат ва яна ҳақиқат. Мана шу ҳақда ёзилиши керак. Аллоҳни шу ёшга етказганига беадад шукрлар қиламан. Шунақа чиройли ҳаёт учун, шундай ҳаётни яратишда ташаббус қилаётган халққа, одамларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевга, раҳбарларга катта раҳмат дегим келади, холос. 

– Бугун халқаро муносабатлар мустаҳкамланяпти...

– Кутган ўзгаришларим мана икки йилдан буён бўлаяпти. Биз ён қўшниларимиз бўлган давлатлар билан "сан-ман"га борган эдик. "Юзкўрмас"ларга борган эдик. Улар ҳаммаси билан тил топишишлар, борди-келдилар бошланди. Бу жудаям чиройли ташаббус. Ижодкорларга алоҳида эътибор берилаяпти. Ваҳоланки, олдин ижодкорларга “мени мақтасанг йўл бор, бўлмаса билганингни қилавер, ҳеч қайсингга йўл бермайман”, деган фикр бор эди. Энди минг бора шукр. Ижодкорлар билан алоҳида учрашувлар, уларнинг фикрларини, таклифларини эшитиш изга тушди. Буни кўрмагандим. Буларнинг ҳаммаси бахт мен учун. Шуларни орзу қилган эдим. 

– Бугунги ёш ижодкорларга айтар сўзингиз борми?

– Ҳозирги ёшларга жуда ҳавасим келади. Юраги тўла ғайрат, шижоат, қалами тўла илҳом. Ана шу илҳом, шижоат қоғозларда ўз
ифодасини топишини, ҳаётимизда бўлаётган яхши ўзгаришлар асарларга кўчишини истардим. Биз амалга ошира олмаган орзулар уларга мерос бўлиб қоляпти. Бизнинг истакларимизни амалга оширишларини хоҳлайман. Энг муҳими эзгулик, адолат, ҳақиқат, поклик, ҳалоллик, яхшилик учун хизмат қилишдир. Булар ҳаётнинг тиргакларидир. Буларсиз ҳаёт бўлмайди. Тиргаклар эса ёзувчининг адолатли сўзига муҳтож. 

Бир шеър ўқиб бераман:

Талай юртлар, ўлкалар кездим,
Қуёшида қиздирдим елкам.
Лекин сира кетмадинг кўздан,
Эй, ўзимнинг қуёшли, ўлкам.

Талай юртлар, ўлкалар кездим,
Мевалар еб, кўрдим пахта ҳам.
Лекин сира кетмадинг кўздан,
Эй, ўзимнинг пахтакор, ўлкам.

Мен қуёшни кўрдиму, бироқ,
Туғилганим элни кўрмадим.
Менга ҳамдил элни кўрсамда,
Онам берган тилни кўрмадим.

Боғбон кўрдим, кўрмадим, лекин,
Бошда дўппи, белида қийиқ.
Мева тутди, демади, лекин,
Қутлуғ йўлдан ўтманг деб қуруқ.

Тўйлар кўрдим, кўрдим базмлар,
Эшитмадим ёр-ёрни бироқ.
Юрагимга кирди назмлар,
Кирдинг фақат, сен, она тупроқ.

Кезмай қай эл, қай бир ўлкани,
Мен ўзингга қайтаман юртим.
Яккаш сенга фарзанд эканим,
Сўзсизгина айтаман, юртим.

Бошим кўкда бу танти бахтдан,
Мен сен учун яшайман, Ватан.

Мана ёшимиз ҳам саксонга етибди. Одатда кексаларнинг дуоси жўяли дейишади. Юртимизда бўлаётган ўзгаришлар учун шуни ташаббускори бўлган Шавкат Мирзиёевнинг умри узун, тан-жони соғ, ризқи бутун бўлсин. Ташаббуслари кўп йилларга етадиган бўлсин. Барча орзулари амалга ошсин. Халқ меҳрида бўлсин. Асрлар ўтиб ҳам уларнинг ташаббусларини халқ эслаб юрсин. Омон бўлинглар. Суҳбатингиз учун раҳмат. 

Барно Мелиқулова, Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА
6 496