Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 16:43 Чоп этиш версияси

Гул олмаган гўзаллар

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқий театрида ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг «Гул олмаган гўзаллар» пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакль премьераси бўлиб ўтди.

Қўчқор Норқобилнинг «Гул олмаган гўзаллар» асари сиз билан бизга замондош бўлган оддий инсонлар, уларнинг ўй-ташвишлари, орзу-истаклари ҳақида. Спектаклнинг бош қаҳрамони Дилбар хотин-қизлардан иборат кичик жамоа фаолият юритадиган давлат идорасига фаррош бўлиб ишга киради. Ҳамкасбларининг ўзига, ишига бўлган лоқайдлиги, эътиборсизлиги уни ажаблантиради. Идорага янги раҳбар тайинланганидан хавотирга тушиб, унга яхши кўриниш илинжида турли кулгили ҳаракатлар қилиб юрган ҳамкасблари эса, дастлаб уни менсимайди. Спектаклнинг кульминацион нуқтасида оддий фаррош Дилбарнинг жамиятда таниқли фаол аёл, янги раҳбарнинг турмуш ўртоғи экани маълум бўлади. Бош қаҳрамон Дилбарнинг сўзи билан айтганда, фаррош хонани, кўчани тозалаши мумкин, аммо у инсон қалбини тозалашга қодир эмас. У ҳар бир инсоннинг ўзигагина боғлиқ.

Спектаклнинг саҳна юзини кўришида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист С.Узақбаев, актёрлар С.Ғаниева, Д.Жалғасбаева, М.Мамбетмуратова, И.Кўмекбаева ва бош роль ижрочиси Ж.Пирлешованинг ҳиссаси катта. Шунингдек, К.Алланазаров, С.Айимбетов сингари маҳоратли актёрлар ижроси ҳам томошабинни бефарқ қолдирмайди.

Таниқли қорақалпоқ адиби Ш.Уснатдинов таъкидлаганидек, комедия элементларидан моҳирона фойдаланилган бу асар теран маъно ва катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Асар барчамизни, айниқса, хотин-қизларни ўз гўзаллиги, қадр-қиммати, ақл-идроки, билими ва зеҳни билан оила ва жамиятда ўз ўрнини англашга, қалбларни поклашга чақиради.

Чаржов Елмуратов, ЎзА
2 527






Все о погоде - Pogoda.uz