ЎзА Ўзбек

06.03.2019 Чоп этиш версияси

Гиламларнинг нафис жилоси

Гиламларнинг нафис жилоси

Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида гиламдўзлик ҳунармандчилигига бағишланган “Гиламлар жилоси” номли кўргазма ташкил этилди.

Кўргазмада музей фондида сақланаётган XIX-XXI асрларга оид гиламлар коллекциясининг 30 дан ортиқ намунаси томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. Улар гиламдўзликнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон ва Қорақалпоғистон ҳудудларида яратилган дурдона намуналаридир. Эътиборга молик жиҳати, миллий ҳунармандчиликнинг ушбу тури билан асосан бувиларимиз, онахонлар, опа-сингиллар шуғулланиб келган.

Миллийлигимизни ўзида акс эттириб турувчи ушбу ноёб гиламлар келажак авлодни миллий тарихимиз билан таништириш, уларда акс этган миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарга эҳтиром туйғуларини тобора кучайтириши, шубҳасиз. Кўргазмада намойиш этилаётган гиламдўзлик намуналари бетакрорлиги, анъаналарнинг давомийлигини ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир.

Коллекциядан ўрин олган XIX-XXI асрларга оид турфа гиламлар, палос ва ипакдан тўқилган нафис паннолар сержило санъат намуналари сифатида ғоят қадрлидир.

Шунингдек, кўргазма доирасида гобелен санъати – тўқима матода тасвирни акс эттириш бўйича маҳорат дарси ҳам бўлиб ўтди.

3 968
Н.Усмонова, ЎзА