ЎзА Ўзбек

01.06.2018 17:44 Чоп этиш версияси

“Гайдук қизи”

...Лилиана индамади, бирдан кўзи чақнади, бирдан ёвни ҳайрон қилиб, қаҳ-қаҳ урди ва деди: 

– Мен укамдан чўчигандим, ҳали гўдак дегандим, нима қилсанг қилгин энди, сотқин йўкдир бу уйда!

Бу парча Ўлмас Умарбековнинг “Гайдук қизи” ҳикоясидан олинган. Саҳнада юзлаб томошабиннинг олдида асардаги шу сўзларни театрнинг тажрибали актрисаларидек ижро этган 12 ёшли қизалоқнинг ижросидан сўнг зал қарсакларга тўлди, тасанно айтилди.

Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 4-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабидаги “Театр санъати” бўлими ўқувчилари ўртасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилган “Истеъдод ғунчалари” номли фестивалда ана шундай ёш истеъдод соҳиблари ўз маҳоратини кўрсатди.

Фестивалда мамлакатимизда санъатни ривожлантириш, халқимизнинг бебаҳо мусиқий асарларини ёшларимиз онгига сингдириш, шу орқали уларни она Ватанимиз, миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Тошкент шаҳридаги тўққизта болалар мусиқа ва санъат мактаби ўртасида ўтказилган мазкур тадбирда Ў.Умарбековнинг “Гайдук қизи”, Ҳ.К.Андерсоннинг “Ёввойи оқ қушлар”, А.С.Пушкиннинг “Ўлик бекач ва етти баҳодир”, ака-ука Гримларнинг “Бўри ва эчки болалари” каби асарлари саҳналаштирилди.

Юртимизда анъанавий ўтказиб келинаётган “Истеъдод ғунчалари” фестивали, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Санъат ғунчалари” каби кўрик-танловлар, “Камалак” юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Наврўз садолари” миллий чолғу ансамбль ва оркестрлар фестивали ёшларнинг ижрочилик қобилиятини ривожлантириш, иқтидорини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

– “Истеъдод ғунчалари” фестивалини ўтказишдан мақсад юртимиздаги мусиқа ва санъат мактабларида театр санъати бўйича таҳсил олаётган ўқувчиларнинг истеъдод ва интилишини қўллаб-қувватлашдир, – дейди 8-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Ё.Эрназаров. – Бу каби тадбирлар иқтидорли ёшларни излаб топиш, ўқувчиларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиши учун имконият яратишга хизмат қилади.

Фестиваль якунида истеъдодли ўқувчи-ёшларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
6 196