ЎзА Ўзбек

23.10.2012 18:50 Чоп этиш версияси

Фотосуратларда Шанхай манзаралари

Тошкент Фотосуратлар уйида 23 октябрь куни “Шанхай: Шарқ дурдонаси – Тошкент билан биродарлашган шаҳар” фотокўргазмаси очилди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 20 йиллигига бағишланган ушбу тадбир Ўзбекистон Бадиий академияси, Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳри хорижий мамлакатлар билан дўстлик уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бошқа соҳалар қатори маданият ва санъат йўналишларида ҳам изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Хитойнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Шанхай 1994 йилдан буён Ўзбекистон пойтахти – Тошкент билан биродарлашган. Шанхай иқтисодиёти ва саноати юксак ривожланган шаҳарлардан.

Ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мазкур кўргазмада Шанхай шаҳри манзараларини акс эттирувчи бир юз йигирмага яқин фотосурат намойиш этилмоқда.

– Кўргазмадан мақсад суратлар орқали ўзбекистонликларни Хитой халқининг маданияти, жумладан, мамлакатимизнинг энг тараққий топган шаҳарларидан бири

– Шанхай билан яқиндан таништиришдан иборат, – деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо. – Бундай маданий тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


ЎзА, Мадина Умарова, Сарвар Ўрмонов (сурат)
8 375