ЎзА Ўзбек

18.05.2018 21:00 Чоп этиш версияси

Фотосуратларда акс этган ижод

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида Михаил Левковичнинг “Фотография – мусиқа – театр” деб номланган шахсий фотокўргазмаси очилди.

М.Левкович мактаб ёшиданоқ фотографияга қизиқади. Бу қизиқиш жиддий тус олиб, 2007 йилда “Гуллар ва ўсимликлар” деб номланган илк йирик шахсий кўргазмасини ташкил этган. Фоторассом кейинчалик манзара ва репортаж жанрларида ишлаб, турли кўргазма ва танловларда қатнашган.

Тошкент Фотосуратлар уйи қошидаги “Ижодий фотография мактаб-студияси” ўқитувчиси М.Левкович кўплаб халқаро фототанловларда иштирок этган. Жумладан, Россияда ўтказилган “Йилнинг энг яхши фотографи”, “Россияда эътиқод” каби танловлар ижодкор учун ютуқлар ва янги марраларни олиб келди.

Фотомухбир 2012 йилда “Мен тасвирга туширишни доим истаганман” номли шахсий кўргазмасини ўтказгач, Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш медали билан тақдирланган.

Мазкур кўргазмада ижодкорнинг 150 дан зиёд бадиий фотоасари намойиш этилмоқда.

Ижодкор турли оркестрлар ижросидаги концертлардан илҳомланиб, бадиий фотокомпозициялар яратган. Ижодкорларнинг ижод лаҳзаларидаги шижоати, уларнинг истеъдоди ва касбига бўлган самимий муҳаббатини фотомухбир зукколик ва маҳорат билан тасвирга туширган.

Саҳналаштирилган опералар – “Алеко”, “Богема”, “Евгений Онегин”, “Лючия де Ламмермур”, “Флория Тоска”, “Царская невеста” ва А.Навоийнинг “Хамса” асарларидан олинган фотолавҳалар кўргазма иштирокчиларида қизиқиш уйғотмоқда.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 256