ЎзА Ўзбек

07.03.2020 Чоп этиш версияси

Фидойи аёллар муносиб рағбатлантирилди

Фидойи аёллар муносиб рағбатлантирилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 6 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлат ва жамият ҳаётида фаол меҳнат қилаётган, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида давлатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлган ишлаб чиқариш тармоқлари, тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёлларга Президентимиз номидан ана шу мукофотлар тантанали топширилди.

photo_2020-03-07_22-22-41.jpg

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасидаги улкан хизматлари муносиб эътироф этилмоқда.

photo_2020-03-07_22-22-28.jpg

Тадбирда сўзга чиққан аёллар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканини таъкидладилар.

– Президентимиз фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотига муносиб кўрилдим, – деди II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Роҳат Ҳаитова. – Бу мен учун чексиз қувонч ва шараф. Мендек оддий аёлга, ўқитувчига камтарона хизматларини қадрлаб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилгани катта бахт. Ушбу мукофот мени соҳада янада астойдил меҳнат қилишга, фарзандларимизни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди.

2 644
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА