ЎзА Ўзбек

06.09.2019 Чоп этиш версияси

Фарғона ҳунармандчилик мактабининг илдизи ўрта палеолит даври​га бориб тақалади

Фарғона ҳунармандчилик мактабининг илдизи ўрта палеолит даври​га бориб тақалади


Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан

Шу кунларда Қўқон шаҳрида биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Унга тайёрланаётган ҳунармандлар ишини кузатар экансиз, беихтиёр уларнинг келиб чиқиши тарихига, ундаги элементлар нима маъно англатишини ўйлаб қоласан, киши.

Шу ўринда ҳунармандчилик тарихи ҳақида икки оғиз юритамиз.

Инсоният тарихидаги илк ҳунарлар, албатта, тоштарошлик, заргарлик ва ёғоч буюмлар ясаш ҳунаридир. Фарғона водийсида қуйи палеолит давридаёқ одамлар яшаб, турли буюмлар ясашган бўлса, техник жиҳатдан мукаммал тош қуроллар ўрта палеолит давридагина (200 минг йил аввал) вужудга келди. Айнан шу даврда ибтидоий заргарлар рангли тош парчалари, суяк ва чиғаноқлардан илк тақинчоқларни ясай бошлаган. Ёғоч буюмлар ясаш ҳунари ҳам уларга параллел равишда шаклланиб, илк тиғли ер кавлагич, найза, тўқмоқ ва бошқа ёғоч буюмлар ҳам шу давр маҳсулотидир.

Тамаддун босқичлари жараёнида турли ҳунарлар бирин-кетин пайдо бўла бошлади. Сўнгги 3 минг йил ичида эса, инсон тажрибаси, онги ва тафаккури даражасида юзлаб ҳунарлар сайқалланди ва ривож топди. Металлнинг пайдо бўлиши, айниқса, ҳунарлар турини кўпайтириб юборди. Фарғона водийсида бронзадан ясалган илк меҳнат қуроллари ва уй-рўзғор буюмлари Чуст (Наманган) манзилгоҳидан топилган бўлиб, бу ерлик ҳунармандлар қилич, пичоқ, камон ўқи учи, кетмон, болта, игна, тўғноғич каби металл буюмлар билан бирга ёғоч ва сопол буюмлардан ҳам кенг фойдаланишган. Ёки Сўх туманидан топилган икки бошли илон кўринишидаги улкан тумор ҳам ўз даври тоштарошлигининг ноёб намунасидир (3 минг йил аввал).

photo5416060546484120655.jpg

Шу давр ҳунармандлари сопол буюмлар ясаш усулини ўзлаштириб, очиқ оловда ёки бир марталик гувала печларда сополлар пиширган. Ҳатто, уларга турли шакллар тушириш усулини ҳам ихтиро қилишган. Бронза даври сополлари қўпол, чидамсиз ва эстетик жиҳатдан номукаммал бўлса-да, улар Фарғонанинг ўтроқ халқлари турмушидаги муҳим ашё ҳисобланган. Сопол дафн маросимларининг ажралмас атрибутларидан бирига айланган. Энди бу давр ҳунармандлари тўқимачилик усулларини ҳам ривожлантиришди. Буни биз тез-тез учраётган бронза игналар, йигириклар, тош моккилар ва бошқалар воситасида кўришимиз мумкин. Хом ашё эса асосан майда чорва ҳайвонларининг юнг ва териси ҳисобланиб, уларни қайта ишловчи ҳунармандлар ҳам талайгина эди. Шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ҳам баъзи ҳолларда бронзадан ясала бошланди. Масалан, турли маросимларда ишлатиладиган катта қозонлар асосан бронзадан, қуйма усулда ясалган. Айрим қозонлар турли илоҳий мавжудотларнинг ҳайкал-формалари (аждар, учар шер, қўчқор ва бошқалар) билан безатиларди. Металлга ишлов бериш технологияси ривожланиб бронза даврида бронзанинг ўзидан, ҳатто, олтин ва кумушдан тақинчоқлар ясаш оддий ҳолга айланиб қолган эди.

Ҳунармандларнинг бир жойда муқим яшаши Фарғонада шаҳарларнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Табиатан қулай ландшафтлар, сув манбаларига яқин жойлар ва карвон ўтиб турувчи йўллар бўйлаб дастлаб ҳунармандчилик маҳаллалари, кейинчалик шаҳарлар пайдо бўлди.

Темирнинг кириб келиши минг йил ҳукм сурган бронза даврини сиқиб чиқара бошлади. Энди жанг ва меҳнат қуроллари асосан темирдан ясала бошланди. Бронза билан ишлаш усулини сақлаб қолган усталар эса, кейинчалик мисгарлар сифатида ўз ҳунарларини тараққий эттириб борди. Уларнинг ҳунари эндиликда санъат даражасига кўтарилди. Мис-бронза буюмлар эрамиз бошларига келганда турли саройлар, ибодатхоналар ва бошқа йирик иншоотларнинг анъанавий безак элементига айланиб қолди. Ҳатто, улардан қимматбаҳо кийимларни безатишда ҳам фойдаланилган.

Илк темир даврига келиб (2700 – 2200 йил аввал) ҳунармандчиликда кес­кин сакраш рўй берди. Ҳали уларнинг усулларини идеал даражада деб бўлмасада, ҳунармандлар инсон қўли билан қила оладиган ишларни минг турли машаққат билан бажара олишган. Шу даврда Фарғонага кулолчилик чархи кириб келди. Сопол маҳсулотлар ҳам тез фурсатлар билан ўз шакли ва ясалиш технологиясини ўзгартира бошлади. Сополнинг безатилиши, шакли ва рангига қараб қайси давр ва ҳудудга тегишли эканлигини айтиш мумкин бўлиб қолди. Фарғона ҳам бу жараённи бошидан ўтказиб, водийнинг жанубий, шимоли-шарқий ва ғарбий ҳудудларидаги сополлар бир-биридан фарқ қилиб турган. Буни халқларнинг турли-туманлиги, қўшни ҳудуд халқлари билан маданий ва савдо алоқаларини кучайганлиги ёки ўзига хос мактабларнинг вужудга келганлиги билан изоҳлаш мумкин. Оқ, сариқ, қизил ангобли, ингичка танали сополлар шу даврни типик сополларидир. Кейинроқ эса, улар қаторига қора ангобли ва тилма усулда тасвир туширилган сополлар қўшилди.

2.JPG

Бронзадан ясалган йирик ҳажмдаги буюмлар бу вақтда кам ясалган ёки ясалган бўлса ҳам унинг ўта қимматга тушиши туфайли бозор муносабатларига бардош беролмай қолди. Оқибатда эски бронза идишлар эритилиб, янги маҳсулотга айлантирилаверган. Бронза ва мисдан кўпроқ заргарлик буюмлари, айрим иншоотларнинг қимматбаҳо деталларини ясаш қулайроқ бўлган. Милодий эра арафасида турли тақинчоқлар, тўғноғичлар, косметик ойналар (улар кўпроқ “хитой ойналари” номи билан машҳур), қутичалар, тамғалар бронзадан ясаларди. Ҳозирги кунда алоҳида ҳунар тури сифатида қайд этилаётган кандакорлик ва заргарлик милодий эра бошларида ягона ҳунар – мисгарлик ҳунари сифатида маълум бўлган.

Шаҳарсоз маданияти кескин ривожланди. Шаҳар иморатларида қўлланиладиган ёғоч буюмларга ишлов берувчи усталар пайдо бўлиб, ёғочларга иморатнинг умумий композициясига монанд безак беришни ўзлаштириб олишган эди. Афсуски, шаҳарлардаги биноларнинг ёғоч материаллари вақт таъсирида йўқ бўлиб кетган. Бироқ уларнинг излари археологик ёдгорликларнинг аксариятида учрайди. Айниқса, диний иншоотларда турли мавжудотлар, илоҳий малаклар ва ёвуз кучлар тимсолини акс эттирувчи ҳайкаллар кўпинча ёғочдан ясалар эди. Уларнинг сўнгги намуналари ҳам Қува будда ибодатхонасида, VIII асрда ёқиб юборилган.

Матога ишлов бериш, турли рангларда мато ишлаб чиқариш Буюк ипак йўлининг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Бир томондан Хитой ипаклари турли рангларда кириб келган бўлса, иккинчи томондан Ҳинд пахта матолари Марказий Осиё бозорларини эгаллай бошлаганди. Уларнинг бўялган ва гул босилган намуналари айниқса ҳаридорбоп эди. Тез орада маҳаллий деҳқонлар ҳам ипак ва пахта етиштиришни ўзлаштиришиб, бозорларда хом ашё сифатида сота бошлашган. Улар ҳунармандлар томонидан қайта ишланиб, милодий эра бошларида Марказий Осиё ҳунармандлари ишлаб чиқарган пахта ва ипак матолар Олд Осиё ва Римда Ҳинд ва Хитой маҳсулоти сифатида сотилган. Бу ўринда Фарғона ҳунармандлари асосан ипак матолар ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. Ўзбек археологи М. Матбобоев томонидан ўтган асрнинг 80-йилларида Наманган вилояти Поп туманида топган V асрга мансуб қамиш тобутлар ичида ҳам бир неча ипак мато парчаси сақланиб қолган эди. Шунингдек бу топилма милодий эра бошларида фарғоналиклар иморатларни беркитишда майда ўсимликлардан кенг фойдаланилганлигини кўрсатди. Бу вақтда қамишдан бўйра ёки сават тўқиш оддий хол бўлган.

Милодий эра бошларида заргарлик ҳунари ҳам тараққий топди. Энди уларни ишлашда турли қабилаларнинг тотемларини ифодалаш одат тусига кирди. Арслон, бўри, ҳумо қуши, илон, туя ва қўчқор каби жонзотларни эслатувчи тақинчоқлар урф бўлган. Бунда тақинчоқ турига қараб унинг эгасини қайси қабила-уруғга тегишли эканлигини ёки қайси диний қарашга тааллуқли эканлигини билиб олиш мумкин эди. Фарғона ҳунармандлари асосан бўри, ҳумо қуши, илон ва қўчқор тимсолларидан кенг фойдаланишган. Айниқса, илон кўринишидаги тақинчоқлар жуда кенг тарқалган эди. Билак узук, камар тўғноғичи, узук ва бошқа буюмларда илон элементлари кўп учрайди.

Бошқа ҳунарлар турида, масалан бронза буюмларда аждар, қўчқор, бўрига тааллуқли шаклларни учратиш мумкин. Бу ҳолат сопол буюмларга ҳам хос. Ҳатто сополдан ясалган илоҳий мавжудотлар ясаш бу даврда авжга чиққанлигини кўрамиз. Мато буюмларда эса илоннусҳа, қўчқор шоҳи, ҳумо қуши кўринишидаги тасвирларни ифодалаш одатга кирган.

Ҳунармандчилик буюмлари орқали халқларнинг диний-фалсафий, маънавий-маърифий ўзгаришини ҳам кузатиш мумкин. Марказий Осиё ҳунармандчилиги эллинизм маданияти таъсирида ҳам ўзгариб борган. Олд Осиё ва Юнонистон халқларининг фалсафий қарашларини ифодаловчи зооморфик фигуралар, свинкслар ва бошқа илоҳий мавжудотларни тасвирлаш ана шу маданият таъсирида вужудга келган.

Фарғонага исломнинг кириб келиши билан ҳунармандчиликда фойдаланиладиган шакллар ўзгариб кетди. Кўпгина ҳунармандлар энди ўз ашёларида Қуръон оятларини тасвирлашга интилишган. Одатда ҳунармандлар оятларни дуо сифатида, айрим ҳолларда безак сифатида фойдаланишган.

Фарғонада Сомонийлар ва Қорахонийлар даврида ҳунармандчилик айниқса гуркираб яшнади. Кулолчиликда сирланган идиш ясаш технологияси ўзлаштирилгач (Х аср), турли шаҳарларда рақобатбардош сопол идишлар ишлаб чиқариш кучайиб кетди. Бу ўринда Ахсикент, Қува, Поп, Риштон, Ўзган каби шаҳарлар ўзига хос мактаблар яратилиб, бир-биридан гўзал сопол идишлар ясаш йўлга қўйилди. Айниқса, Ахсикент ва Қува сополлари хушбичим ва ранг баранг бўлиб, қўшни мамлакатларга ҳам олиб чиқиб сотилар эди. Бу давр кулоллари сополларда 12 тадан ортиқ рангларни ишлатишни билишарди. Асосан оқ ва оч ҳаворанг фонга бошқа рангларда тасвир тушириш шу даврнинг типик усулидир.

Айнан шу даврда водий шаҳарларида шишагарлик ҳунари ҳам кенг ривож топган. Фарғоналик шишагарларнинг маҳсулотлари ниҳоятда қадрланиб Эрондан Хитойгача экспорт қилинган. Айниқса, Қува ва Ўзганда ишлаб чиқарилган рангли шиша идишлар Хитой амалдорларининг севимли рўзғор буюмлари эди. Афсуски, бу ҳунар тури мўғиллар даврида инқирозга учраб кейинги асрларда кўзга ташланмай қолди.

Мис ва бронзага ишлов бериш ҳам Қорахонийлар даврида ўзининг юксак чўққисига кўтарилди. Ислимий вирлар, нақшлар, Қуръон оятлари, турли зооморфик шакллар шу даврда урф бўлган эди.

X-XII асрларда ёғоч ўймакорлик ҳунари ҳам тараққий топди. Ахсикент ва Қува шаҳри хароблари орасидан археологлар нақшинкор ёғоч қолдиқлари, меъморчиликнинг ёғоч элементларини кўп марта топишган. Афсуски, вақт ўз таъсири кўрсатиб бу топилмаларни бут холича сақланишига йўл қўймаган.

Айнан шу даврда Ахсикент, Қува ва Ўзган қаторида Марғилон, Поп, Чуст, Қўқон, Риштон, Ўш, Аввал ва Косон каби шаҳарлар гуркираб яшнаган. Уларнинг ҳар бирида ўзига хос ҳунармандчилик мактаблари ҳосил бўлиб, кейинчалик улар ҳозирги миллий ҳунармандчилик мактаблари учун негиз бўлди. Масалан, Риштон ўзига хос тупроқ қатламлари билан кулолчилик учун, Чуст Чортоқ тоғ тизмаларидаги темир конларига яқинлиги сабабли пичоқчилик учун, Марғилон карвон йўли устида жойланганлиги сабабли ипакчилик ва мисгарлик учун, Қува шишагарлик учун ихтисослашган эди.

Аҳамиятлиси шу давр ҳунармандлари эришган машҳурликка кейинги асрлардаги ҳунармандлар XIX асрга қадар эриша олмадилар. Айниқса, XIII асрдаги мўғиллар босқини Фарғонадаги ҳунармандчилик тараққиётини уч юз йилга тўхтатиб қўйди. Фақатгина темурийлар даврига келиб, Фарғонада яна ҳунармандчилик ривожлана бошлади. Эндиликда ҳунармандчилик маълум ҳудудларга бўлиниб ривожланди. Иқтисодий ва географик жиҳатдан қулай бўлган шаҳарлардаги ҳунармандлар ўзларининг қадимий усулларини сақлай билишди. Темурийлар даврида Самарқанд, Бухоро, Хирот, Тошкент каби йирик шаҳарлар қаторида Фарғона водийсидаги Андижон, Марғилон, Наманган каби шаҳарларнинг мавқейи орта бошлади. Гарчанд Қорахонийлар давридаги даражага етмаган бўлсада, бу шаҳарларда ишлаб чиқарилган ипакчилик, читгарлик, мисгарлик, темирчилик каби ҳунармандчилик маҳсулотлари четга олиб чиқиб сотилар эди.

XVII-XVIII асрларда водий шаҳарларидаги иқтисодий аҳвол яхшиланди, водийдаги йирик шаҳарларда турли ҳунарлар учун ихтисослашиш жараёнини мустаҳкамлади. Бу ўринда Қўқон шаҳри ўзига ҳос ҳунармандчилик пойтахти вазифасини ҳам ўтаб, Марғилон ва Наманган ипакчилари шу шаҳар бозорида рақобатлашган. Ёки Чуст ва Шаҳрихон пичоқчилари учун мусобақа майдони ҳам Қўқон шаҳри ҳисобланган. Шунингдек, Риштон ва Ғурумсарой (Наманган) кулоллари ҳам ўз маҳсулотларини айнан Қўқонда намойиш қилишган. Водийда миллий шаҳарсозлик технологияси ривожлангани сари ёғоч ўймакорлик ҳунари ҳам тараққий этди. Бу ўринда Қўқон ёғоч ўймакорлари билан ҳеч ким рақобатлаша олмаган.

Тўғри бошқа шаҳарларда ҳам ҳунарларнинг барча тури мавжуд эди. Лекин уларнинг энг моҳир усталари юқорида айтилган шаҳарларда фаолият кўрсатишган. Эътиборлиси шундаки, Фарғона ҳунармандлари қадимий усул ва технологияларни сақлаб қолишган. Йирик шаҳарларда аёлларга хос ҳунар турлари ҳам сақланиб қолган ва улар каштачилик, зардўзлик, миллий либос ва кулолчиликда намоён бўлади.

Замонавий технологиялар ҳар қанча ривожланмасин Фарғона ҳунармандлари қадимий анъаналарга содиқ қолди. Айниқса, сўнгги юз йил ичида ҳунармандларга – ҳунармандчиликка қилинган таҳдидлардан омон чиқиш осон бўлмади. Фақатгина, Мустақиллик туфайлигина миллий ҳунармандчилик ўзининг қадимий фалсафаси ва гўзаллиги бўй-басти билан намойиш қилиш бахтига муяссар бўлди.

Баҳодир ҲОШИМОВ,

Фарғона вилояти тарихи

ва маданияти давлат музейи директори


9 001
ЎзА