Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 17:14 Чоп этиш версияси

Эзгу ташаббуснинг парвози баланд бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир" номли маърузасини ўқиб...

Халқимиз азалдан маърифатпарвар, маданият ва санъатга ошно. Бу юртда санъат намоёндалари ҳамиша ардоқда бўлган. Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов соҳа вакилларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб, маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимиз равнақига кенг йўл очган эди. Бугун бу анъана янгича асосда ривожлантирилмоқда.

Давр шиддати барча соҳалар қатори ижодий йўналишдаги ишларимизни ҳам янгича руҳда такомиллаштиришни талаб қилмоқда. Давлатимиз раҳбари шу йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда бу борадаги мавжуд муаммолар, ечимини кутаётган муҳим масалалар юзасидан долзарб таклифларни илгари сурди.

Улардан бири – ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этиш масаласи. Халқимиз «сахийлик ва ҳомийлик ишларини кенг қилсанг, кам бўлмайсан», дейди. Бу ҳомийлик маърифат йўлида кечса, янада муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбек Миллий академик драма театри мамлакатимизнинг йирик маънавият масканларидан. Отахон театр саҳнасида кўплаб машҳур актёрлар тарбияланди, улар яратган ўлмас образлар ҳозир ҳам халқимиз, хусусан, ёшларимиз маънавиятини бойитишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Бугун театрда 220 дан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Улар орасида 12 Ўзбекистон халқ артисти фаолият юритмоқда.

Театр жамоаси олдида улкан вазифалар, олий мақсадлар турибди. Бу йўлда уларни қийнаётган муаммолар, мавжуд камчиликларни ҳал этишда, ижодий жамоани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббус билан чиқиб, ҳомий сифатида ҳамкорликни йўлга қўймоқчи.

– Президентимиз билан учрашув бизда жуда катта таассурот қолдирди. Учрашувда бугун ижод аҳлини ўйлантириб келаётган барча масалалар батафсил муҳокама қилинди, – дейди Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов. – Шу йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга эга таклифи барчамизни хурсанд қилди. Унга кўра театримиз ва “Ўзкимёсаноат” ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Энди ушбу ташкилот билан биргаликда мавжуд муаммоларимизни ҳал этамиз. Бу бизнинг олдимиздаги масъулиятли вазифаларни ҳал этиш имконини яратади. Булар нималар? Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, бугун замонамиз қаҳрамонлари образларини яратишимиз керак. Демак, репертуаримизни янгилаймиз. Бунда асосий эътибор, аввало, драматурглар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилади. Яна бир муаммо – театримизни таъмирлаш ишларини охиригача етказиш, актёрларга етарли шароит яратиш. Кичик саҳнамиз бор. Уни ҳам бугунги кун талабларига мос таъмирлашимиз лозим. Президентимиз билан учрашувдан сўнг кўнглимизга жуда кўп мақсадларни тугиб қўйдик. «Шу азиз Ватанимиз учун нима қилдик?» деган саволни яна бир бор ўзимизга бердик. Энди ҳаракатларимиз, ишимиз ва амалимиз бизга берилган катта имкониятларга муносиб бўлади.

– Ватанимизга, халқимизга хизмат қилиш, ислоҳотларимизга ҳамоҳанглик руҳида яшаш – олий бурчимиз, – дейди “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуҳошим Абдуллаев. – Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашуви кўплаб ташаббусларга қанот бўлди. Биз Ўзбек Миллий академик драма театрига ҳомийлик қилиш ташаббуси билан чиқдик. Президентимиз бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бундан мақсад Миллий театр жамоасини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини яхшилаш билан бирга, жамоамизнинг маънавиятини ҳам юксалтиришдан иборат. Биз қайси касб эгаси бўлмайлик, мақсадимиз бир: шу юрт равнақи учун биргаликда хизмат қилиш, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш. Бу маънавиятимизни юксалтиришдан бошланади. Шу маънода, биз барча имкониятларимиздан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан учрашуви маданият, санъат, адабиёт ва оммавий ахборот воситалари ривожида муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, уларга катта масъулият ҳам юклайди. Бугун ҳаёт лоқайдлик билан яшаётган ҳеч кимни кечирмайди. Демак, сўзимиз ҳам, амалимиз ҳам шунга монанд бўлиши зарур.

Улуғбек Асроров, ЎзА
1 802






Все о погоде - Pogoda.uz