ЎзА Ўзбек

30.11.2018 22:15 Чоп этиш версияси

Эзгу ташаббуслар катта мақсадларга ундайди

Эзгу ташаббуслар катта мақсадларга ундайди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “PROlogue-2018“ халқаро кинофестивалининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино“ миллий агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази, Ёш кинематографлар кенгаши ҳамда Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро кинофестиваль ижодкор ёшларнинг касбга оид малака ва маҳоратини янада юксалтириш, соҳа вакилларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида, миллий кинематографиямизнинг жаҳон кино маконига фаол интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этди. Тўрт кун мобайнида қизиқарли учрашувлар, фильмлар танловлари, маҳорат дарслари, тақдимотлар бўлиб ўтди. Юртдошларимиз эса ўзбек ва хорижий режиссёрларнинг энг сўнгги ижод намуналаридан баҳраманд бўлди.

– Кинофестивалга тақдим этилган фильмларни саралашда картиналарнинг ҳаётийлиги, ижодкорларнинг ўз вазифасига астойдил, чин кўнгилдан ёндашгани каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди, – дейди россиялик киноижодкор, халқаро кинофестивалнинг тўлиқ метражли бадиий фильмлар танлови ҳакамлар ҳайъати раиси Сергей Шакуров. – Бундай лойиҳалар ёшларнинг ижодий парвозида муҳим аҳамият касб этади.

8 (1).JPG

– Биз қисқа метражли фильмларни батафсил кўрдик, – дейди швейцариялик актёр Филипп Рейнхардт. – Уларнинг фалсафий ғояларга бойлиги, сермазмунлиги менда катта таассурот қолдирди. Бу фестивални ёш ижодкорлар учун эзгу ташаббусларнинг дебочаси деб аташ мумкин.

– Жаҳон кино оламида беш минг атрофида ижодий кинофестиваль бор, – дейди таниқли режиссёр Али Ҳамроев. – Менимча, ёшлар ана шу фестивалларда дадил иштирок этиши мумкин. Бу каби фестиваллар ёшларнинг ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

– Мен ушбу фестиваль лойиҳаси учун “Мусаввир“ номли фильмни тақдим этгандим, – дейди ёш режиссёр Фотиҳ Насимов. – Бўлиб ўтган учрашувлар, маҳорат сабоқлари, жонли мулоқотлар, маърифий тадбирлар билимларимизни янада бойитди.

9 (1).JPG

13.JPG

“PROlogue-2018“ халқаро кинофестивалининг Гран-при мукофотига “Мени ёлғиз қолдирма“ картинаси (Босния ва Герцеговина, Туркия ижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган фильм) муносиб топилди.

– Натижа кутганимиздан ҳам яхши бўлди, – дейди мазкур фильм режиссёри Айда Бегич. – Уруш, унинг оғир асоратларини ёшларга кўрсатиш керак эди. Кўнглимиздан кечган ғоя фестиваль иштирокчиларига манзур бўлганидан мамнунман.

Шунингдек, халқаро фестивалнинг турли номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.



Назокат Усмонова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
10 661