ЎзА Ўзбек

14.03.2019 18:42 Чоп этиш версияси

Эзгу амаллар айёми

Эзгу амаллар айёми

Яратганга шукр, кўкка ҳам оғзимиз тегди. Шу кунларга, Наврўзи оламга яна соғ-омон етдик.

Бу Бешариқ туманидаги Тошариқ маҳалласида яшовчи 114 баҳорни қарши олган Лутфинисо ая Туронованинг шукронаси. Онахон билан суҳбатлашарканмиз, баҳорни жуда соғингани, уни интиқ бўлиб кутгани шундоқ юзу кўзидан, сўзидан сезилиб турарди.

Ҳа, баҳорни ким ҳам соғинмайди дейсиз?! У гўзаллик, янгиланиш ва орзу-умидлар фасли. Атрофда борлиқ уйғонмоқда. Яшариш, янгиланиш фасли эшик қоқмоқда. Офтобнинг ҳаётбахш нуридан ер етилиб, қир-адирларга зумрад гилам тўшаяпти. Баҳор элчиси бўлмиш бойчечак эса унга ажиб тасвирлар битиб, бутун борлиқ қайта ороланмоқда. У биз кутган, кўнгилларга шодумонлик, қалбларга сурур бағишловчи ардоқли байрамимиз – Наврўздан дарак олиб келади.

5.jpg

Наврўз – янги кун демак. Халқимиз ҳар йили Наврўз мўъжизаси билан юзма-юз келиб, ундан руҳий қувват олади. Зеро, у янги-янги интилишлар, изланишлар, ижодий парвозларга қанот бўлади. Нафақат табиат, балки ўзимиз ҳам янгиланамиз бу фаслда. Бир сўз билан айтганда, Наврўз янгиланиш, яшариш, яратиш ва яшнатиш каби халқимизга хос улуғ қадриятларнинг бошланишидир.

– Наврўз айёми деҳқонлар фаолиятида муҳим аҳамият касб этган, чунки айнан шу кунларда экин экиш, дала, боғ юмушларига киришилган, – дейди Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи катта илмий ходими Шоира Азизова. – Фарғона чўпонлари эрта баҳорда “Наврўз чумчуқ” деб аталувчи қушнинг учиб келиш вақти ва унинг рангига эътибор берганлар. Агар у оқ рангли бўлса, ёғингарчилик кам бўлади, сариқ тусда бўлса, ёмғир кўп ёғади, деб таъбир қилганлар. ”Наврўз чумчуқ” чўпонларнинг ёз давомида доимий ҳамроҳи ҳисобланади, кузда ўша қуш ҳадеб ўзини сурув ичига ураверса, демак яқин орада бўрон туриши кузатилган. Буни яхши билган чўпон чорвани тезроқ пастга олиб тушишга ҳаракат қилган.

6.JPG

Дарҳақиқат, мавжудотлар билан боғлиқ табиат ҳодисалари айнан баҳор ойларида кузатилади. Баҳор уйғониш фасли, табиатнинг янгиланиши, гулчечакларнинг очилиш давридир. Ўзбекистон заминида азалдан баҳор фаслида гулга бағишланган сайиллар ўтказилиб келган. Бундай байрамлар тоғ бағрида, қир-адирларда, боғларда ташкил этилган. Гул байрами дунёда кенг тарқалган анъаналардан биридир. “Қизил гул”, “Лола” ва “Бойчечак” сайиллари айни баҳорий сайиллардир

Бугун гўзал Фарғонанинг барча жойида кўклам ташвиши бошланмоқда. Адиру чўлларда баҳордан дарак берувчи бойчечаклар бўй кўтарган. Айниқса, қишлоқлар таровати ўзгача. Маҳаллаю далаларда баҳорги ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Қишлоқларда ўтказилаётган сумалак сайилларида кайвони момолар Яратгандан эл-юртга омонлик, тўкинлик, қут-барака сўрамоқда, дошқозонда Наврўз таоми пиширилмоқда. Ёш-яланг сумалак ковлаб, қўшиқ айтмоқда:

Лола гул алвон-алвон,
Сумалак берар дармон.
Сумалак етмай қолган
Бир умр қилар армон.

– Ҳар гал сумалак пиширганда халқимиз шу кунларга етказганига шукрлар бўлсин деб, аввало, эл-юртга омонлик, экин-тикинга барака тилайди, – дейди Данғара тумани Каттатурк қишлоғилик Кимё ая. – Худога шукр, юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, фарзандларимиз соғ-саломат. Эртанги кунидан хотиржам, яратувчанлик туйғуси, тўй-томошалар орзуси билан яшаётган халқимиз кўкламни шоду хуррамликда қарши олаётир.

8.jpg

Наврўз нафақат табиатга ошуфталик айёми, балки ризқ-рўз байрами ҳамдир. Бободеҳқонларимиз азалдан Наврўз куни кўкламги юмушларга киришган. Ерга дон сепиб, ниҳол эккан. Ариқ-зовурларни тозалаб, боғ-роғларга шакл берган. ”Куз хирмони баҳорда билинади”, деган гап бор. Дарҳақиқат, Наврўз саховатли заминимиз билан, деҳқону соҳибкорларимиз меҳнати билан чамбарчас боғлиқ.

9.jpg

Фарғона вилоятида Наврўз умумхалқ байрамини кўтаринки руҳда қарши олиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, унинг жойлардаги ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Маҳаллалар, меҳнат жамоаларида улуғ айёмни муносиб нишонлаш, кекса ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, муҳтож оилаларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, шаҳару қишлоқларда баҳорги ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, корхона-ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан изчил ишлар амалга оширилаётир.

10.jpg

Наврўз табиатни янгилайди, поклайди. Унинг удумлари эса инсон руҳиятини янгилайди. Чунки байрам ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Кўнглига қувонч солади, ҳаётга боғлайди. Бу кунларни сева-сева, инсон ўзи ҳам катта муҳаббатнинг бир қисмига айланади. Обод ва фаровон ҳаёт сари дадил интилаётган юртдошларимизнинг қалби бугун оппоқ орзуларга тўла. Зеро, Баҳор ва Наврўз ҳаёт абадийлигининг тантанасидир. 114 ёшли момонинг шукронаси ҳам шундан дарак аслида.

Маъсуджон Сулаймонов, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА
2 375