ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Эзгу қадриятлар маскани маҳаллани қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади

Эзгу қадриятлар маскани маҳаллани қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади

Муносабат

Жамиятнинг энг катта таянчи ва асоси ҳисобланадиган маҳалла ва оила институти азалдан халқимиз ҳаётида катта аҳамият касб этиб келади. Одамларимизнинг турмуш-тарзи, ўзаро муносабатлари, қўйингки, барча ижтимоий фаолияти маҳалла ва оиласида кечади, шу ерда ривож топади. 

Президентимиз томонидан маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда жуда ўринли ҳамда бугунги кунимиз учун ўта долзарб фикрларни келтириб ўтди. Юртбошимиз бу борадаги ўз хавотирларини билдирар экан, жумладан, шундай деди:

“Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир".

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Оилаларимизда қадрланиб келинаётган неча асрлик анъана ва урф-одатларимиз, “каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш лозим” деган шарқона одоб меъёрларимиз бугун ҳам ҳаётимиз бир бўлагига айланиб бўлган. Бизга бегона бўлмаган бу қарашлар ёшларимизни ҳам муносиб тарбия қилишда намуна бўлиб хизмат қиляптими? Бу борада маҳалла ва кенг жамоатчилик иштирокининг ўрни қандай бўлиши лозим? Шу каби саволларга жавоб топиш биз соҳа фидойиларини ўйлантириши керак.

Йиғилишда кўтарилган масалалар қаторида оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммоларга оид ташвишли мисоллар бугун барчамизни янада сергак ва жонкуяр, шу Ватан, шу халқ фаровонлиги, ёшларимизнинг эртаси ва фаровон келажаги учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз лозимлигини кўрсатиб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш, тизим самарадорлигини янада ошириш мақсадида Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи барчамизни мамнун қилди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари фаолиятини тубдан янгилаш, маҳалла раисларига қўшимча зарур ҳуқуқ ва ваколатлар бериш, маҳалла марказларини керакли моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш борасидаги фикрлари ҳамда тавсиялари соҳа заҳматкашларининг неча йиллик армонларини ўзида акс эттирди, десак муболаға бўлмайди.

Эндиги масала, белгилаб берилган вазифаларни тўлақонли бажариш, халқимизни рози қилиш, аҳоли муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилишда бошқа мутасадди ташкилотлар билан узвий ҳамкорликни таъминлашимиз зарур. Бунинг учун бизда имконият ҳам, ҳуқуқий асослар ҳам етарли.

Дилшода МИРЗАЖОНОВА,
Республика маҳаллалар кенгаши
раисининг ўринбосари

4 500
ЎзА