ЎзА Ўзбек

07.11.2018 17:55 Чоп этиш версияси

“Эй дўст ёхуд Азимнома” номли китоб нашр этилди


Тўлдирилган ва қайта ишланган мазкур тўртинчи нашрдан шеърий қайирмалар, насрий қайирмалар ўрин олган.

Снимок.JPG

ЭЙ ДЎСТ (Шеърий қайирмалар)

Эй дўст!
Тангрим Одам Атони одам яратди,
Момо Ҳавони унга ҳамдам яратди.
О, аслида, ақлу куч эгасини
Ишқу илҳом билан кўркам яратди.

***

Эй дўст!
“Отам қариб қолди, тан-жони малол...” –
Бир фарзанд қошимда турибди беҳол.
Мен дедим: “Тез боргил, тан қариса-да,
Ақли қаримайди, суҳбатини ол!”

***

Эй дўст!
Юксак тоғлар қори мангу эримас,
Булоқларнинг суви зинҳор қуримас.
Зироат ободдир, боғ-роғлар барпо,
Ҳар ёнда тириклик – зийнат хосу мос!

***

Эй дўст!
Кўз бердинг, оламнинг кўрдим суратин,
Ақл ато этдинг, очдим сийратин.
Тил бердинг ва лекин у шунча ожиз – 
Шарҳи йўқдир ҳамон кўнгил ҳайратин!

ЭЙ ДЎСТ (Насрий қайирмалар)

Олам – ҳикмат китоби. Ўқиб ва уқиб яша.

***

Олам тақдири – одам тақдири.

***

Ватаним тоғида ётган тошнинг ҳам тарихи бор. Фақат унинг тилини уқмоқ лозим.

***

Ватан тандир. Нон-тузин унутганлар кўр бўлади!

***

Энг буюк жасорат Ватан тақдири йўлида қилинган жасоратдир.

***

Ватан камолоти учун амалий фаолият ватанпарварликдир.

***

Замин абадий эмас, заминмонанд маконлар абадий. Инсон абадий эмас, инсоният абадий.

Қайирма – мустақил жанр

Кейинги йилларда адабиётда, хусусан, шеъриятда янгилик яратишга, яъни ҳар хил услуб ва шаклларни янгилашга бўлган интилиш кучайди. Бундай қизиқиш нафақат ёш қаламкашлар, балки бир қадар суяги қотган ижодкорлар орасида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Мен, айниқса, атоқли шоиримиз Азим Суюннинг бу борадаги изланишларини алоҳида таъкидлашни истардим.

Азим Суюннинг қайрилмаларини кўпдан буён кузатиб келаман. Бу қайрилмалар Шарқ мумтоз шеърияти уммонидан “сув ичаётгани”, яъни Умар Хайём, Саъдий Шерозий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобур каби улуғ донишмандларимиз асарларидаги донолик, теранлик, ихчамлик, лўндалий каби фазилатларга эшлиги, айни пайтда, энг қадимий даврларда тоғ-тошларга ўйиб ёзилган битиклардек аниқлиги билангина эмас, балки шаклдаги янгилиги билан ҳам эътиборга лойиқдир.

Биз рубоий, туюқ, фард деган жанрларни билар эдик. Менимча, буларнинг қаторига “қайирма” ҳам алоҳида жанр бўлиб қўшилади. Чунки Азим Суюннинг ғайрати ва меҳнати билан “қайирма” ҳам мустақил жанр хусусиятларига эга бўлади. “Эй дўст” деган сатр мурожаатдангина иборат эмас. У турли ўринларда турлича оҳанг ва маъно касб этмоқда. Тўртликни маъно ва шакл жиҳатидан янгиламоқда. Шу билан Шарқда минг йиллардан бери ўзгартириб бўлмайдигандай туюлган тўртлик, энг муҳими, янгича руҳда кўринмоқда. 

Шоиримизнинг бу янгилиги адабиётда албатта эътироф этилади. Азим Суюнга эргашиб бу йўлни давом эттиришга бел боғлайдиганлар ҳам чиқишига шубҳа қилмайман. 

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, 
Ўзбекистон халқ шоири,
2003 йил “Тафаккур” журнали

ЎзА
3 010