ЎзА Ўзбек

01.09.2019 Чоп этиш версияси

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм

Хоразм... Бу кўҳна оламнинг кўҳна манзилларидан бири. Бепоён саҳро қўйнидаги қадим бир маскан. Бошқача айтганда, саҳро бағрида яралган ажиб мўъжиза. Гулу гулзорга, соя салқин дов-дарахтлар – гужумларга бой, тилими тилни ёрадиган гурвак, амири, қариқиз навли қовун-тарвузлар, мева-чевали боғ-роғлари кўзни қувнатадиган жаннатмонанд замин. Эл бунинг бетакрор ифодасини топиб айтган: Тангри берган ризқ. Ризқинг улуғ бўлсин, дейди халқимиз дуога қўл очиб.

Насибаси бутун бу ўлкага сафар этиш менга ҳар доим беқиёс ҳис-ҳаяжон, илҳомий туйғу, биттагина ибора билан айтсам, катта неъматлар берган. Ҳаммага маълум, қанча-қанча маънавият ва маърифат пешволарининг бешиги бўлган замин. Дунё тамаддуни ривожига катта ҳисса қўшган, устоз шоиримиз Абдулла Орипов ибораси билан айтганда, ақлу тафаккур машъали билан денгиз ортин ёритган аллома Беруний ва яна қанчадан қанча Хоразмийларни бир ёдга олинг. Маҳмуд аз-Замахшарийдек уламоларнинг ўгитлари бугун ҳам ғафлат оғушидаги дунёни уйғотишга қодир. Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг Ҳинд мулкига бўлган муҳаббати, кўрсатган олижаноблиги, мардлиги ҳақидаги сўзлар ривоят тусини олган эса-да, асло ҳақиқатдан йироқ эмас. Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг Ватан озодлиги йўлида кўрсатган жасоратлари қанча-қанча шеърлар, достонлар, романлар, кино ва саҳна асарларига мавзу бўла олади. Ҳазрати Нажмиддин Кубронинг бетимсол ибрати эса... Мактабда ўқиб юрган пайтимда устозим раҳматли Ғолиб домладан эшитганман, Чингизхон, Хоразмга қўшин тортганида пиру муршид Нажмиддин Кубро ҳазратларига нома йўллаган ва Ҳазрат, сиз шаҳарни тарк этиб, исталган жойингизга кетишингиз мумкин. Сизга ҳеч ким озор бермайди. Сиз мамлакатни тарк этганингиздан кейин жангу жадални бошлаймиз, деган экан. Етмиш ёшли буюк Шайх эса рад жавобини беради ва ўз муридлари билан мўғул галаларига қарши жангга чиқади. Чингизий саркардаларидан бирининг қўлидан туғни тортиб олиб мислсиз жасорат кўрсатади.

Мунис Хоразмий, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Муҳаммад Раҳимхон Феруз, Аваз Ўтар каби аҳли шуаронинг назм сарчашмаларидан қайнаб чиққан дуру жавоҳирлар қиёматга қадар ўз қадру қимматини йўқотмаса керак. Бу азиз гўшанинг куй-қўшиқлари жозибаси тамом санъат шинавандалари дил мулкини ишғол айлаган. Айниқса, Комилжон ҳофизнинг дилсўз нолалари қалбу шууримизга сингиб кетган.

Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига қилган ташрифларидан бирида шундай деган эдилар: “...Хоразм воҳаси шундай хосиятли бир юртки, унинг ҳар қандай одамни ҳам ўзига тортадиган беқиёс сеҳри, жозибаси бор. Чунки, Хоразм деганда, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, миллий давлатчилигимизнинг тамал тоши қўйилган бетакрор бир ўлка кўз олдимизга келади. Шахсан мен қачонки бу замин тупроғига қадам қўйсам, кўҳна тарих сирларидан огоҳ бўлгандек, кўп ҳаётий ҳикматларнинг мағзини чаққандек бўламан. Хоразм ҳақида сўз юритганда, машҳур шоиримиз Омон Матжоннинг мустақиллигимиздан олдин ёзган бир шеъри ёдимга тушади. У киши “Нега Хоразмда тоғлар йўқ?” деган саволни қўйиб, “Хоразмнинг буюк тоғлари бор – бу Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ферузлардир”, деб жавоб беради. Бугун биз чексиз ғурур ва ифтихор билан бу рўйхатга Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Ҳофиз Хоразмий, Сулаймон Боқирғоний сингари улуғ аждодларимизнинг қутлуғ номларини ҳам қўшиб айтишга тўла ҳақлимиз. Айниқса, енгилмас саркарда, Ватан ҳимоячиси, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангубердининг она юртимиз озодлиги йўлида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати, мана, орадан неча асрлар ўтса ҳамки, халқимиз учун буюк ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Бор-йўғи ўттиз икки йилгина умр кўрган бу жасур баҳодирга ҳатто унинг ашаддий душмани Чингизхон ҳам тан бериб, “Қани энди, менинг ҳам Жалолиддинга ўхшаган ўғлим бўлса эди, дунёдан беармон ўтардим”, деб айтган...”

Оққан дарё оқаверади, дейишади. Азим дарёлар тўхтамайди. Оқаверади, оқаверади... Ана шундай ҳайратли хаёллар билан бўлиб “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг замонавий учоғи бир пасда манзилга етказганини ҳам сезмай қолдим.

Ишимизни хайрли тадбир билан бошладик. Дастлаб филология фанлари доктори, профессор Ҳамдам Абдуллаевнинг 80 йиллик таваллуд санасини Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ҳокимият вакиллари, университет жамоаси, олимнинг шогирдлари, дўстлари, адабиётсевар мухлислар ҳамда талабалар билан биргаликда нишонладик. Ҳамдам ака миллатимизнинг улкан сўз салафлари меросини, халқ оғзаки ижодиёти хазиналарини, ўзбек, туркман, қорақалпоқ адабий алоқаларини чуқур тадқиқ қилган ҳассос олимдир. Бундан ташқари олим бугунги адабий жараённи ҳам теран кузатиб боради. Фикру мулоҳазаларини ўз вақтида матбуот орқали айтиб туради.

Тадбир тугагач, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Гавҳар Ибодуллаева, филология фанлари номзоди Мадина Матёқубовалар ҳамроҳлигида ҳазрат боболар зиёрати, Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактаби билан яқиндан танишмоқ мақсадида очиқ осмон остидаги музей шаҳар – Хива сари йўл олдик. Маълумки, Хива Париж, Венеция, Прага, Лондон, Санкт-Петербург, Киото каби дунёнинг машҳур ва кўркам шаҳарлари қаторида эътироф этилган қадимий маскандир.

– Ўликлар тўймагунча, тириклар тўймайди, деган гапни ёши уллилардан эшитганман, – дея сўз бошлади Мадина Матёқубова менга қараб, – ижод мактаби билан танишиш аввалида Мунис Хоразмий ҳамда Муҳаммад Ризо Огаҳийларнинг қабрини бир зиёрат қилсак, нима дейсизлар?

Маъқул, маъқул, дедик ҳаммамиз бир овоздан. Дарҳақиқат, бу ҳаммамизнинг кўнглимиздаги гап эди. Мунис ва Огаҳий боболар қўним топган масканга келдик. Ҳаётлигида елкама-елка туриб элу юрт хизматида бўлган бу икки аллома охират сафарига ҳам бирга кетаётгандек таассурот беради кишига. Уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилдик. Зиёратгоҳни кузатдик. Ободончилик, таъмирлаш ишлари авжида. Зиёратгоҳ йўли таъмирланмоқда. Қабристон атрофи ободонлаштирилмоқда. Таъмирчи усталарнинг бирини суҳбатга тортдик.

– Огаҳий бобонинг юбилейларига қадар ишлар битиб қолса керак-а?

– Худо хоҳласа, битказамиз. Кўриб турибсиз, иш жадал кетаяпти. Йўлакларнинг икки тарафидаги ғиштин деворлар битиб қолди. Қабристон эшигидан то зиёрат манзилигача бўлган йўлакка асфальт ётқизиш бошланди. Хуллас, бу ерга келган зиёратчи борки, кўнгли ёришиб, руҳи енгил тортиб кетсин, деймиз...

Усталарга раҳматлар айтиб, йўлимизда давом этдик.

Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат – Ижод мактаби Ичон қалъадан унча узоқда эмас, Дишон қалъада, яъни Огаҳий бобонинг болалик йиллари кечган жой – Қиёт маҳалласида қад ростлаган. Мактабга кўзингиз тушиши билан ҳайратингизга ҳайрат қўшилади десам, хато бўлмайди. Бино замонавий ва шарқ меъморчилиги анъаналари уйғунлигида барпо қилинган. Бир қарашда қадим мадрасаларни ёдингизга солади. Ўзига хос ташқи безак усулларидан Самарқанду Бухоро, Шаҳрисабзу Хевадек улуғ шаҳарларни бунёд этган меъморларнинг нафаси келиб тургандек. Ҳа, усталар улардан чин маънода улгу олиб, ўзига хос меъморий ечим билан бунёд этишгани шундоққина кўриниб турибди. 220 ўқувчига мўлжаллаб қурилган бинонинг сўнгги безак ишлари амалга оширилмоқда. Асосий ўқув биносининг ёнгинасида амфитеатр қурилган. Амфитеатр саҳнасининг икки томони калта минорга, томошахонанинг орқа девори эса арк деворларини эслатади. Бу ерда келгусида ҳали қанчадан қанча завқли тадбирлар – адабий кечалар, мушоиралар, санъат ва маданият анжуманлари ўтказилади. Тасаввур қиламан: ўшанда бу анжуманлар иштирокчиси учун бир қанча муддат замон ва макон тушунчаси аҳамиятини йўқотиши, ажиб шуълаларга чулғанган, рангин, соҳирий, руҳоний оламлараро кезиши ва шу аснода қалбан тозариши, руҳан юксалиши шубҳасиз.

– Юз ўринга мўлжаллаган ётоқхонада кераклича шароитлар яратилган, – деб сўзини бошлади мажмуа қурилиши раҳбари Отахон Машарипов, – хона мебеллари сифатли, дизайни ўзига хос. Ўқувчилар компьютерлар билан таъминланган маънавият хонасидан, бой кутубхонамиздан истаган пайтларида фойдаланишлари мумкин. Мактаб ошхонаси бир вақтнинг ўзида юз нафар болага хизмат кўрсата олади. Амфитеатр, унинг ёнида босмахона биноси қурилди. Бунақа шароитлар илгари қаёқда эди...

Вазирлар Маҳкамасининг Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хивада Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисидаги қарорига кўра, 2019-2020 ўқув йилида 5, 6, 7 ва 8-синфларига танлов асосида ўқувчилар қабул қилиниши кўзда тутилган эди. Саралаш имтиҳонлари аллақачон бошланган. Албатта, энг иқтидорли ёшлар танлаб олинади. Шу ўринда бир таклифим бор эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилояти бўлими ўз биносига эга эмас. Агар мана шу Ижод мактабидан бўлим учун ҳам хоналар ажратилса яхши бўларди. Чунки, ўқувчиларимиз уюшмада ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиш, таниқли шоир-ёзувчилар билан кўришиш, танишиш имконига эга бўлишарди. Минг эшитгандан бир кўрган яхши, дейишади-ку. Бу менинг шахсий фикрим. Мутасаддилар ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди...

Бир ярим гектар ҳудудни эгаллаган мактабдаги ободлик, озода-орасталикни кўриб кўзинг қувонади. Бу ерда таҳсил оладиган ёшларга ҳавасинг, “оҳ сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” (Ҳамид Ғулом), дегинг келади. Бир замонлар мактабларда она тили ва адабиёти фанларига беписанд қаралгани, дарслар сони қисқартириб юборилгани эсингга тушади. Бугун эса мазкур фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўтилмоқда. Чунки, Ватанга, халққа, миллатга муҳаббат она тилига, миллий адабиётга бўлган муҳаббатдан бошланади. Яна энг аҳамиятлиси, мактаб ўқувчилари бу ерда хориж тилларини ҳам мукаммал ўзлаштириш имкониятига эга. Мактабга таниқли адиблар, шоир ва олимлар тез-тез келиб туришади. Халқимиз ардоғидаги инсонлар билан бўладиган бундай бевосита учрашувларнинг таъсир кучи катта бўлади. Вақти-вақти билан бошқа вилоятларимиздаги Ижод мактаблари ўқувчилари – тенгдошлари билан ўзаро учрашиб, танишиб қайтишга ҳам имкон яратилади. Булар ҳаммаси ёшларимизнинг келажакда кенг дунёқарашли, тийрак ва соғлом фикрли инсонлар бўлиб вояга етишига олиб келиши тайин. Аслида ҳам Президентимиз ташаббуси, ғояси бўлмиш – ижод мактабларидан кўзланган эзгу мақсад ҳам шу.

– Энг салоҳиятли ўқитувчиларни жалб этмоқдамиз. Кейин ўқиш давомида мунтазам равишда элнинг эътиборида бўлган шоирлар, адиблар, олимлар, санъаткорларнинг ўз тажрибалари ҳақида ёшларимизга ҳикоя қилиб беришлари учун мактабимизга таклиф этишни режалаштирганмиз, – дейди Ижод мактаби директори Сарвар Абдуллаев.

Бу ёруғ истакларнинг амалга ошишини биз ҳам чин дилдан хоҳлаймиз. Ижод мактаби биноси қаршисида асрий гужумлар аскарлардай саф тортиб турибди. Кўриб кўзинг қувнайди. Гужумлар атрофида жадал суръатларда ободончилик, тозалик ишлари бораётир. Биз бу ерда Огаҳий ҳазратлари ўз қўллари билан эккан тут дарахтини кўрдик. Бир қарашда оддийгина дарахт. Аммо бу дарахт япроқлари шивирида Мунис, Огаҳий, Аваз Ўтарлар нафасини туйгандай бўласан киши. Унинг кўкка бўй чўзиб турган новдалари дуога очилган қўлларни эслатади. Огаҳий ҳазратларидан ёдгорлик бўлмиш азим дарахт япроқлари шивиридан шундай қувватбахш калималарни англагандай бўлдим: “Эй фарзанд, гўзал замонлар келди. Улуғ аждодларнинг қутлуғ меросларини ўрганиб, элу юрт учун чинакамига хизмат қилгин. Ўз билиминг, тафаккуринг билан боболарга муносиб бўлгин!..”

Бу шивирлар ухлаб ётган томирларимизни-да уйғотиб юборади. Эй бобо тут, сен қанчалаб улуғ зотларни кўргансан. Бизга ўша улуғлар ҳақида ҳикоялар айтмоқдасан. Буни англаш учун қалб керак. Тангрим бизларга шундай қалб ато эт. Қалбки, аждодларимизнинг меросларни ўрганиш истаги билан ёнадиган қалб бўлсин. Лоқайдлик аталмиш иллатларни руҳимиздан, жонимиздан суғуриб олиб ташлайдиган қалб бўлсин.

Ҳазрати Огаҳий айтганлар:

Эй Шоҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямону яхшини,

Ким, меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.

Аллоҳим, ўз меҳру мурувватинг билан қалбимизни покиза туйғулар билан лиммо-лим айлагин...

Кекса тут қаршисидаги бу ўйлар ҳали ҳамон қалбу шууримни тарк этгани йўқ. Тутга яқин жойда анча йиллар муқаддам шу ерлик фидойи кишилар Огаҳий меросини ёш авлодларга етказиш истагида музей биноси қуришган. Музейга кириш аввалида Огаҳийнинг қўлида китоб ушлаб турган ҳайкалига кўзингиз тушади. Ҳайкалдан сал нарида фаввора. Атрофи гулзор. Анчадан бери таъмир талаб бўлиб ётган музей биносида ҳам таъмирлаш ишлари бошлаб юборилибди. Янги ўқув йили олдидан фойдаланишга топшириш кўзда тутилган экан.

Хуллас, бу ердаги ишларни кўриб кўнглимиз тўлди. Қувондик. Кундан кун чирой очиб бораётган юртимизга кўз тегмасин.

Шу манзилга келиб, Ичан қалъага кирмасдан кетиб бўлмайди. Даставвал, Паҳлавон Маҳмуднинг равзалари қаршисида туриб тиловат қилдик. Кейин Муҳаммад Раҳимхон Феруз, Аваз Ўтар каби зотларнинг рамзий қабрларни зиёрат эдик. Боболаримиз бунёд этиб кетган мўъжиза – тарихий ёдгорликлар ҳар гал борганимда мени ўзига ром этади. Сайёҳларнинг ҳайрат тўла нигоҳларига қарайман. Улар бу мўъжизаларни суратларга муҳрлаб олиб бормоқда. Улар бу қадим минорлару хонақоҳларни юракларига ҳам жойлаб ўз юртларига олиб кетаверишади.

Дарвоқе, Хивага ҳам темир йўл ҳам олиб келинганидан, хабарингиз бор. Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Урганчдан Хивагача 30 километр “пўлат из” ётқизилиб, Хива шаҳрида вокзал барпо этилди. Зарур инфратузилма иншоотлари, қўриқлаш пунктлари, йўл ўтказгич ва кўприклар қурилди. Вокзал биноси йўловчиларга қулайлик ва хавфсизлик талаблари асосида қурилган. Девор ва устунлар Хоразмнинг қадимий меъморчилик анъаналарига хос тарзда безатилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида икки юз йўловчига хизмат кўрсатилади. Замонавий VIP заллар, она ва бола, тиббиёт хоналари ташкил этилган. Зиёратчи ҳамда сайёҳлар учун ахборот берувчи белгилар, планшетлар қўйилган. Вокзалдаги 20 ўринли меҳмонхона юртдошларимиз ва туристларга қўшимча қулайлик яратади. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ вокзал қадимий Хива қалъаси яқинида қурилгани катта аҳамиятга эга. Бу шаҳарга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун кенг имконият яратади.

Яна айтаверсам... Йўқ, айтган билан адо бўлмайди. Ҳар галгидек таассуротлар, ҳаяжонлар, ҳайратлар бисёрки, улар ўз-ўзидан назмий мисраларга айланиб бораётир...

Йўқ, менга сўйлама Зардушт қиссасин,

Унга эҳтиёжим йўқ асло, бироқ

Олам, сенга айтсам кўнглим ҳавасин,

Мен Замахшарийга муҳтожман кўпроқ.

Ихтиёр берилса кўнгилга агар,

Ҳою ҳаваслари билмагай ҳудуд.

Ким бўлмоқ истаса нафсга музаффар,

Сиздан сабоқ лозим, Паҳлавон Маҳмуд.

Ҳақ сари юрмоққа айлайман жазм,

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм.

Ечилгай ҳар қандай жумбоқ, муаммо,

Чиқмасанг виждоннинг амри, измидан.

Эй, сен ҳисобини йўқотган дунё,

Дарс олсанг бўларди Ал-Хоразмийдан.

Инсонни ҳамиша этгай мўътабар,

Тангрининг неъмати – ақлу тафаккур.

Буюк Берунийга тан берур башар,

Авлодлар қалбида ғурур ва шукур.

Такрор-такрор дилга ташлайман разм,

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм.

Ошуфта қалбимда олиб юрибман,

Азиз боболарнинг азиз руҳини.

Қўлларидан тортиб ололмас душман,

Нажмиддин Кубронинг тутган туғини.

Султон Жалолиддин тортган наърадан

Ҳайратга тушгандир Чингиз лашкари.

Тарихи, ўтса ҳам йиллар орадан,

Онгу шуурлардан кетмагай нари.

Ғолибдир садоқат, шижоат, азм,

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм.

Юрагим жаранглар торлар торинда,

Рост, Бузрук, Наволар тинглайди Феруз.

Руҳимнинг порлаган бу шароринда,

Қуёшдан насиба бордир шубҳасиз.

Нурсиз идрокларни чулғамиш нурга,

Муниснинг бир мунис сўзлари – нусрат.

Илкини узатиб Навоий – пирга,

Огоҳ бўл, ҳайқирар Огаҳий ҳазрат,

Сен ҳақда не айтсам, шоҳ сатр – назм,

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм.

Боқиб Ичон қалъа, Дишон қалъага,

Кўксимга жойладим қадим Хивани.

Билдим, қулоқ тутиб сўз, ашулага,

Ёфасдан мерос бу қутлуғ шевани.

Сенга кўз тегмасин ҳеч қачон ўлкам,

Сен Аму, Ҳазорасп, Шовот, Урганчсан.

Ўтмишинг, бугунинг, эртанг ҳам кўркам,

Ватаним бағрида бир дурри ганжсан.

Сен борсан, кўнглимда мангу тўй-базм,

Эй қадим Хоразм, азим Хоразм.

Ғайрат МАЖИД

16 298
ЎзА