ЎзА Ўзбек

30.11.2018 22:00 Чоп этиш версияси

“Евросиё халқлари оила этномаданияти (XX аср)” номли кўргазма очилди

Тошкент фотосуратлар уйида очилган кўргазма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази билан Россия этнография музейи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида ташкил этилди.

Кўргазма қатор ҳамкор ташкилотлар архив ва фондларида сақланаётган факсимиле фотосуратлар асосида ташкил этилган бўлиб, ташриф буюрувчиларни XX аср бошларида Ўрта Осиё, Волгабўйи, Сибир ва Кавказ ўлкаларида яшовчи халқларнинг оила анъаналари, кундалик турмуш тарзи билан таништиради.

Фотоматериаллар оила ҳаёти, асосан, ижтимоий институтлар – миллий ва этник маданият, оилавий меҳнат, тарбия, тўгарак, авлодлар муносабати, тўй, сайил, байрам ва бошқаларга бағишланган фотосуратлар воситасида намойиш этилган.

Кўргазма ушбу ҳудуддаги турли халқларнинг анъанавий маданияти ҳақидаги билимларни кўпайтиришга имконият яратади ҳамда миллий оила тарихидаги такрорланмас ва хос жиҳатларни ҳис этишга йўл очади.



Гулноза Бобоева, ЎзА
8 366