ЎзА Ўзбек

27.05.2018 20:37 Чоп этиш версияси

Европа киноси фестивалида намойиш этилаётган картиналар менталитетимизга мосми?

Европа киноси фестивалида намойиш этилаётган картиналар менталитетимизга мосми?
Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киносаройда VI Европа киноси фестивали бўлиб ўтмоқда. Европа Иттифоқи ва “Ўзбеккино" миллий агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган кино кунлари бу сафар фақат Тошкент шаҳри доирасида эмас, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилади. Бу ҳақида “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шухрат Ризаев фестивалнинг очилиш маросимидан аввал берган интервьюсида қайд этиб ўтди:

“Хусусан, Тошкентда бошланган бу фестивал бир неча кундан кейин Шахрисабзда давом этади. Ундан кейин бир неча кун ўтиб Фарғонада бўлиб ўтади. Ҳозир 10 та Европа давлатининг 12 та филми иштирок этаётган бўлса, бошқа ҳудудларда ҳам улар намойиш этилади.” – дейди Шухрат Ризаев. “Бизнинг халқимиз кинога жуда меҳр қўйган халқ. Биз ўз киномиз билан Марказий Осиё бозорида ўз ўрнимизга эгамиз. Бунга етарлича далилларни келтиришим мумкин. Лекин, энди янги сифат босқичига чиқяпмиз. Фестивал доирасида энг яхши филмлар намойиш этилаяпти ва бу халқимизнинг сифатли кинога бўлган эҳтиёжини қондириш баробарида бизнинг ёш киноижодкорлар учун маҳорат мактаби вазифасини ҳам ўтайди“.
0464fb12e1df788fab3a9fca2370a7f1.jpg
Ғарб киноси деганда баъзида нисбатан эркинроқ муносабатлар акс этган ва оилавий кўриш учун бироз тўғри келмайдиган филмлар тушунилади. Фестивалга фарзандлари билан ташриф буюрган оилалар ана шундай холатга тушмайдими? Бу саволга Шухрат Ризаев шундай жавоб берди:

- Айтиш керакки, Европа киносида ҳам турли туман йўналишлар бор. Бизнинг менталитетимизга зид келадиганлари ҳам йўқ эмас, шунингдек, оилавий кўришга мос ҳақиқий санъат асарлари ҳам талайгина. Лекин, менга энг маъқул жиҳати шу бўлдики, Европа киноси фестивалини ташкил этишда иштирок этган мутахассислар миллий хусусиятни инобатга олган ҳолда, ўзбек томошабинларини таъби ва дидига мос юксак санъат намуналарини танлашган. Биз бу филмларни “Ўзбеккино” миллий агентлиги мутасаддиларини жалб этган ҳолда олдин кўриб чиқдик ва кино санъатини том маънода намоён этадиган филмлар тақдим этилганини гувоҳи бўлдик."

Эслатиб ўтамиз, Фестивалда оилавий кўриш учун мўлжалланган 4 та картина ҳам намойиш этилади: “У баскетболчи бўла қолсин” (Словения, 2017), “Компютердан хавфлироқ бобо” (Латвия, 2017), ”Бубуль” (Швейцария/Бельгия, 2014), “Хонаки” (Руминия, 2012). Шунингдек фестивал кун тартибидан иккита ҳужжатли филм ҳам ўрин олган.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шухрат Ризаев ўз интервьюсида халқаро ҳамкорлик алоқалари хусусида ҳам тўхталиб ўтди:
- Бундай форумларнинг ўтиши бизда одатий тусга кирди. Қатор мамлакатлар билан биз маданий, хусусан, кино алоқалари бўйича ҳамкорлик борасида шартномалар имзолаяпмиз. Турли давлатларнинг элчилари ва маданий атташелари келиб кино соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклифларини беришмоқда. Айни пайтда биз ҳам ўз таклифларимиз билан мурожаат этаяпмизки, ҳамкорликда узоқ ва яқин ҳориждаги киноижодкорлар билан филмлар яратиш имконияти юзага келмоқда. Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан Қирғизстонлик киносанъаткорлар билан биргаликда филм ишлашга киришдик. Шу кунларда Япония киноматографистлари Ўзбекистонда бўлиб, биз билан ҳамкорликда филм суратга олаяпти. Бир неча кундан кейин эса юртимизга Ҳиндистоннинг Калкуттасидан жуда катта кино гуруҳи ташриф буюриб, биз билан ҳамкорликда “Шоду хуррамликда” деб номланган яхши бир комедия олишни режалаштирган. Биз куни кеча бу филмни сценарийларини Бадиий кенгашда кўриб, мулоҳазаларимизни айтдик. Яқин кунларда суратга олишга киришилади.

Н. Тошпўлатова,ЎзА
11 242