ЎзА Ўзбек

23.06.2020 Чоп этиш версияси

«Етукликнинг етти сири» ёхуд ҳаётнинг аччиқ машаққатлари-ю беаёв синовлари

«Етукликнинг етти сири» ёхуд ҳаётнинг аччиқ машаққатлари-ю беаёв синовлари
Мутолаа

Адабиётчилар орасида «Икки марта ўқишга ундамайдиган асар бир марта ўқишга ҳам арзимайди» деган гап юради. Ҳа, наср – чексиз уммон, унга ҳар бир қаламкаш турлича улуш қўшади.

Қайси бир ҳаваскорнинг ёзишмаларини охиригача ўқимай кўзингизни олиб қочсангиз, шундай асарлар борки, китобхонни оҳанрабодек тортишга қодир. Бир марта ўқиб, асардаги воқеалар билан тўлиқ танишиб олган бўлишингизга қарамай, саҳифаларини такрор варақлагингиз, ўша китоб оламида яшагингиз келади.

Таниқли публицист ва жамоат арбоби Абдукамол Раҳмонов қаламига мансуб «Етукликнинг етти сири» номли асар ҳам шулар жумласидандир. Асарни бир ўқиганда англаш, ҳазм қилиш, ўзига сингдириш иложсиз, бу китобни қайта-қайта ўқиш керак. «Етукликнинг етти сири» – етти ёшдан етмиш ёшгача, барча инсонларга мос келади. Уни фарзандларингизга ўқиб бериб ва ўзига хос изоҳлар билан тушунтириб, ҳаётдан сабоқ беришингиз мумкин. Китоб ёшларнинг қўлига тушса, уларда мурғак тафаккур шаклланишига катта кўмак бўлади. Ўрта ёшли одам ўқиса, тажриба тўплаш учун зўр имконият. Катта ёшли китобхонларга эса кўзгу вазифасини ўтайди. Кекса отахон ва онахонларимиз мазкур асарни мутолаа қилсалар, илм захиралари ортиб, ёшларга панду насиҳат қилишда янги манбага эга бўладилар.

Асарда етти қаҳрамон – ибратли ҳаёти ва залворли меҳнатлари билан ўзидан яхши ном қолдирган юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қилинади. Уни психологик асар, десак ҳам муболаға эмас. Зеро, ундаги воқеалар китобхоннинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб, ўй-фикрларини тозалай олади. Асардаги замонамиз қаҳрамонларининг бари ҳаётда тобланган шахслар, аксарияти Ўзбекистон Қаҳрамони унвонларга сазовор бўлган. Китоб мутолаасига шўнғиб, қаҳрамонларнинг ана шу буюклик даражасигача кўтарилиши осон бўлмагани, ҳаётнинг аччиқ машаққатларию беаёв синовларини бошдан кечирганларига гувоҳ бўласиз. Чиройли сабрнинг сийлови, мустаҳкам ироданинг мукофоти борлигини юракдан ҳис этасиз. Шу жиҳатдан асар ўқувчини интилувчанликка чорлайди. Ҳаёт йўлларида қоқилмаслик, арзимас кўнгилсизликлардан тушкунликка тушиб, муваффақият томон ҳаракатни тўхтатиб қўймасликка ундайди.

Албатта, асарни ҳар бир китобхон ўз тафаккур доирасида англайди. Мен ҳам мутолаани якунлаб, китобни ёпдиму, қаҳрамонлар ҳаёти кино лентасидек ҳаёлимдан ўта бошлади.

«Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов... Узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган бу устознинг камтарлиги, очиқкўнгиллиги ва ажойиб стратеглиги қойил қолдиради. Унга «Мажлисни санъат билан бошқарарди» дея топиб таъриф берилибди. Ахир қовоқ солиш, дўқ уриш, бақириш, сўкиниш ўрнига «Бундай хато ва камчиликлар сизга ярашмабди», деб туриш учун кенг юрак, гўзал хулқ керак. Ҳақиқатдан ҳам ибрат олса арзийдиган фазилатларни яна кўп ўқийсиз.

Профессор, офтальмолог сифатида бизга яхши таниш Холиджон Комилов... Бу кишининг меҳнатлари билан саноқсиз инсонлар борлиқни ўз ҳолича кўриш бахтига муяссар бўлганлар. Асарда беморларнинг миннатдорлик хатлари келтирилади. Қаранг-а, шифохонага келганида ўз қўлларини аранг кўрадиган кишилар профессорнинг даво чораларидан сўнг бу ёруғ оламни тўкис кўра олганлар. Бу ғоятда жиддий операциялар олдида дадил туриш, кўп йиллик билим ва тажрибасига ишонган ҳолда тиғ тутиш шарофати биландир. Асарда профессор ҳақида «Ҳаётнинг машаққатли синовларини мардонавор енгиб ўтган, у меҳнатдан қўрқмайди», деб ёзилади. Воқеалар ривожини ўқир экансиз, бу таърифлар чинданда ўзини оқлашига амин бўласиз.

Педагог Муҳаббат Шарапова... Аёл кишидан буюк шахснинг етишиб чиқиши икки карра қаҳрамонлик, асли. Муаллиманинг ҳар бир ўқувчини ўз боласидек кўриши қалбингизни энтиктириб, кўзингизга ёш келтиради. Асарда ёзилишича, у ўқувчиларидан бирида ғамгинликни, дарсларга бепарволикни пайқайди ва сўраб-суриштиради. Маълум бўладики, боланинг онаси вафот этиб, ўрнига бошқа аёл келган. Ўқитувчи ўша аёлни мактабга чақириб, болага етарли меҳр бермаётганлигидан норозилик билдиради ва «Менинг ўқувчим – менинг болам, лекин энди сизнинг ҳам болангиз, биргаликда тарбиялаймиз, ўқитамиз», деб аёлга вазифаларини тушунтириб беради. Куюнчакликлар бесамар кетмади, ҳозир ўша ўқувчи республикадаги нуфузли бир ташкилотда ишлар экан.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев... Асарда ёзилишича, у Олий Суд раиси лавозимида фаолият юритаётганида жазони ўтаётган бир чўпоннинг ишини шахсан ўзи ўрганиб чиққан. Унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлигини айтиб, республикадаги барча судлардан шу тоифадаги жиноят ишларини зудлик билан чақиртириш ва қайта ўрганиб чиқишни буюрган. Натижада чўпонларни камомад билан жиноий жавобгарликка тортиш ва судланиб кетиши замирида ҳисоботлардаги қўшиб ёзишлар ётгани аниқланди. Биргина шу мисолдан ҳам бу инсоннинг нақадар одиллиги, оддий инсонлар тақдирига бефарқ эмаслиги, адолат қарор топишига чанқоқлигини англаш қийин эмас.

Профессор, қадимшунос Мавлон Жўрақулов... У ҳақиқатдан ҳам Ер қаъридан зиё топган. Ёшлигини билим олишга, изланишга сарфлаган бу олим ҳатто ўз никоҳ тўйида иштирок этишга вақт ва имкон топа олмаганига нима дейсиз?! (Ҳа, бу китобнинг қайсидир саҳифалари кўз ёшларингиз-ла намланса, айрим воқеалардан мириқиб куласиз). Зарафшон ҳавзаси тош асри маданиятини ўрганган профессор умрини лаборатория ва экспедицияларга бағишлади. Пировардида мамлакатимизда археология соҳаси ривож ва равнақ топди. Бу кишининг саъй-ҳаракатлари билан Нуротадан «нур» порлаб чиққани рост.

Шайх Абдулазиз Манзур... Бу зотнинг болаликдан илмга, китобга ихлосли эканлигини ўқиб, қалбингиз тўлқинланиб кетади. Туни билан китоб ўқиётганини кўрган отаси чироқни ўчириб кетса, кўрпа остида фонарь ёқиб мутолаани давом эттиргани ҳозирги ёшлар учун катта ибратдир. Шайхнинг дунёвий ва диний билимлари ҳайратда қолдиради. Араб, форс, рус тилларини мукаммал билиши, ахборот технологияларидан яхши хабардорлиги исботлар билан ёзилган. Қуръони каримнинг араб тилидаги тафсирини (шарҳини) рус тилига таржима қилгани бунга бир мисолдир. У уч йиллик ҳарбий хизмати ичида маънавият хонасига кириб, араб тилидан рус тилига, рус тилидан араб тилига таржима қилишни машқ қилганини ўқиб, юксак илм эгасига яна бир бор тан берасиз, тасанно ўқийсиз.

Ўзбекистон Фахрийлар кенгаши раиси Бектош Раҳимов... Бу шахс ҳаётининг ўспиринлик даврлариёқ ўқувчининг катта ҳайратига сабаб бўлади. Ахир ким «урушга бораман» деб жанжал қилади?! 17 яшар йигитлар кўча чангитиб юради. Бектош эса акалари изидан урушга бориш, душманга қақшатқич зарба бериш истагида ёнади. Буни амалга ошириш учун ҳарбий комиссар ҳузурига боради, «Урушга бормасам, виждоним ором топмаяпти» деб туриб олади. 18 ёшга тўлмаганини айтиб тушунтиришса, колхоз раисидан ёшини бир ёшга катта кўрсатиб, маълумотнома беришни илтимос қилибди. Ахири кўпчилик хавфсираб, ҳайиқиб турган жанг майдонига шижоат ва жасорат билан етиб боради. Бу қаҳрамонимизнинг ҳаётида ҳам кескин синовли дамларни кўрамиз. Вилоятларга раҳбарлик лавозимларида ҳалоллик ва фидойилик билан меҳнат қилишига қарамай, собиқ совет тузуми кишиларининг туҳматларига қолди, терговларда қийноқларга солинди, руҳий ва жисмоний азоб берилди, аммо у сўнгги дақиқагача фақат ҳақиқатни гапирди, қилмаган ишини бўйнига қўйишларига йўл қўймади. Албатта, бу учун метин ирода, тошдек қаттиқ сабр керак.

«Етукликнинг етти сири» асари бизга аввалдан билган одамларимизни яқиндан танитди, ички оламига, болалигидан бугунги кунигача бўлган ҳаётига олиб кира олди. Асарда тасвир ва таҳлил кучлилигидан воқеалар сизни зериктирмайди, ўз оламига ғарқ қила олади.

Тақриз талабидан айрим жузъий камчиликларни таъкидлаб ўтишни жоиз, деб билдик. Биринчидан, асар матни равон, сўз ва жумлалар ўқувчига қийинчилик туғдирмайдиган даражада тушунарли бўлишига қарамай баъзи ўринларда имловий ва грамматик хатоликлар учрайди. Иккинчидан, асар кам ададда чоп этилган. Ёшларга мамлакатимизнинг мустақилликка эришиш заҳматларини кўриб берувчи, ватанпарварлик ғояларини сингдирувчи, ҳаётдан ибрат берувчи асар кўпроқ хонадонларга етиб бориши лозим. Асарнинг навбатдаги нашрида бу фикрлар инобатга олинади, деган умиддамиз.

«Очганингда ҳузурланиб, ёпганингда руҳан бойитган китобгина яхши китобдир» деган нақл бор. “Етукликнинг етти сири” асари китобхонга роҳат бағишлаш қаторида руҳан тарбиялай олади. Мутолаадан сўнг бунга амин бўласиз.

Дурдона АЛИМОВА

4 630
ЎзА