ЎзА Ўзбек

08.03.2020 Чоп этиш версияси

Эътироф ва эътибор янги марралар сари чорлайди

Эътироф ва эътибор янги марралар сари чорлайди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъатшунослик факультети 2-босқич талабаси Мадина Норчаева Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Шу муносабат билан мазкур институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Мадинани алоҳида табриклаб, ёш авлод ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб етишиши учун мамлакатимизда кенг имкониятлар эшиги очилгани, ўз ўрнида ёшлар ҳам ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиши зарурлигини таъкидлади.

Мадина мукофотни қўлга киритишида институтнинг ҳиссаси катта эканини айтиб, институт раҳбариятига миннатдорлигини билдирди.

— Бугун мен жуда ҳаяжондаман. Президентимиз қўлидан мукофотни қабул қилиб олиш улкан қувонч бахш этди. Мукофот ижодий баркамолликка эришишим, янада катта марраларни эгаллашимда куч ва ғайрат бағишлади. Хотин-қизларга, аёлларга мана шундай юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойлик. Давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлашга ваъда бераман, – деди Мадина Норчаева.

Мадина 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил қилинган “Зомин” семинарида қатнашиб устоз шоир ва ёзувчилар ҳамда тенгдошларининг эътирофига сазовор бўлган. Шу билан бирга республика миқёсида ўтказилган турли фестивалларнинг фаол қатнашчиси. Жумладан, 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган “Ўзбекистон баҳори” фестивали ғолибаси, Республика Ёш ижодкорлар кенгаши ташаббуси билан ўтказилган туркий тилли ёшларнинг “Самарқанд шеър оқшомлари” семинари иштирокчиси. 2019 йилда Республика Ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил қилинган “Оролдаги одамлар” лойиҳасида иштирок этиб, қорақалпоқ аёллари ҳаётига бағишланган туркум шеър ва эсселар муаллифи ҳисобланади.

Мадинанинг ижод намуналари “Жилғалар қўшиғи”, “Ёшлик” каби ижодкор ёшлар баёзларида, “Ёшлик”, “Дугоналар”, “Ёш куч” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” газеталарида ва нуфузли интернет нашрларида эълон қилинган.

3 015
ЎзА