ЎзА Ўзбек

30.10.2012 18:38 Чоп этиш версияси

Ёш истеъдодлар кўриги

Мамлакатимизда ёш истеъдодларнинг изланиш ва интилишларини қўллаб-қувватлашда “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Янги авлод” анъанавий болалар ижодиёти фестивали муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Фестивалнинг Жиззах вилояти шаҳар ва туман босқичларида бу йил уч минг нафардан зиёд 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар иштирок этди. Уларнинг 500 нафардан ортиғи Юнус Ражабий номидаги мусиқали драма театрида бўлиб ўтган вилоят босқичида беллашди.

Мазкур босқичда қатнашчилар олти йўналиш бўйича ўз иқтидор ва маҳоратини намойиш этди. Ёшларнинг жаҳон ва миллий мусиқа асбоблари жўрлигида ижро этган куй-қўшиқлари, бадиий тасвир, амалий санъат асарларида акс этган она Ватан манзаралари, турли образлар мутахассислар ва мухлисларда катта таассурот қолдирди.

– Ушбу анъанавий фестиваль ёшларимиз учун катта имкониятлар очмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси мусиқа ва санъат таълими муассасалари бўлими бошлиғи Гулзода Бекбўтаева. – Болалар санъат мактаблари, ижодиёт марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга берилаётган юксак эътибор ёш истеъдодларнинг камол топишига хизмат қилаётир. Ушбу фестиваль иштирокчиларининг йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам ана шу ғамхўрлик натижасидир.

Президентимизнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида вилоятда бешта мусиқа ва санъат мактаби янги бинога эга бўлди. Нафақат махсус санъат таълими муассасалари, балки барча умумтаълим мактабларида, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказларида ҳам ёшларга санъат турлари билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилгани ҳам ўз самарасини бераётир.

Фестиваль ғолиблари унинг мамлакат босқичига йўлланма олди.


ЎзА, Т.Бекназаров
8 719