ЎзА Ўзбек

20.03.2020 Чоп этиш версияси

Эртага Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун!

Эртага Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллуд топган кун! Ўзбек адабиётининг сўнмас қуёши, улуғ шоир ҳаётининг сўнгги баҳорида ёзган шеърларидан бир дастасини тақдим этамиз.

Абдулла ОРИПОВ

Сирли шеъриятга тўлди шукуҳим!

УМРИМИЗ ЙЎЛЛАРИ

Оқшом чўкар аста,
Бошланади тун
Тошкентнинг ўрда-ю гўшаларида.
Ўғлим иккаламиз кезамиз беун
Улкан бу шаҳарнинг кўчаларида.

Самодан тушгандек миллионлаб чироқ,
Ғаройиб нур билан чулғанар замин.
Бу жойда жам бўлар яқин ва йироқ,
Мен бунда тотганман ёшликнинг таъмин.

Улуғ давраларда чархланди руҳим,
Кўрдим дўстларимдан иззат, эътибор.
Сирли шеъриятга тўлди шукуҳим,
Балки зиналарда изларим ҳам бор.

Энди ёшим ўтган, қадрдонлар кам,
Билмайман ногаҳон борар еримни.
Торайиб қолгандек кўринар олам,
Гарчанд эъзозлашар ҳамон шеъримни.

Болам-чи, во ажаб, у ҳам беманзил,
Гўёки соҳилда қолдик икковлон.
Шаҳар қайнаб ётар, одам турфа хил,
Омад боқмас лекин бизларга томон.

Умрнинг бепоён йўллари бўйлаб,
Қайгадир жимгина ташлаймиз қадам.
Мен-ку ниманидир юрибман куйлаб,
Фарзандим кўнглида нелар бор, билмам.

Инсон тафаккури, бахту иқболи,
Жўн бир тасодифга боғланмасин ҳеч.
“Олам заволидир олим заволи”,
Буни Расулуллоҳ айтган эрта-кеч.

Ҳикматни уқмади лекин одамзот,
Оёқ ости бўлди онг билан шуур.
Заминда юрсак ҳам бепар, беқанот,
Ҳар нечук ҳаётмиз, шунга ҳам шукур.

Ўғлим, фақатгина Ҳақнинг йўлин тут,
Фақат эзгулик деб қилгин ибодат.
Бир кун бу синовлар бўлгайдир унут,
Буюк иродангга таянгин фақат.

Ҳамдамдек қувончим ва фарёдимга,
Яна кўринади қуёш тонг-саҳар.
Олис ёшлигимни солиб ёдимга,
Бошимни силайди онамдек шаҳар.

7.04.2016


ХАЁЛ ВА ҲАЁТ

Магар чиқиб кетсам тоғларга томон,
Бўлардим айиқлар билан суҳбатдош.
Дўлана терардим балки ёнма-ён,
Меҳрибон дўстлардек туну кун йўлдош.

Шўнғиб кетсам агар теран уммонга,
Сувларнинг остида юрардим яшаб.
Балиқда тоқат йўқ шовқин-суронга,
Улар бақирмайди бизларга ўхшаб.

Бир кун осмонларга айласам парвоз,
Турналар сафида чаппор урардим.
Танишдир юлдузлар чалиб турган соз,
Базмига қўшилиб, жўр ҳам бўлардим.

Бу гаплар амалга ошмагай асло,
Энди хаёл билан қолганман буткул.
Бошқа бировни-ку айтмангиз, ҳатто
Набирам кўнглига тополмасман йўл.

Ҳануз тараққиёт тўхтаган эмас,
Ғордан чиққан каби шу зум одамзот.
Турфа синовларга кела олди бас,
Лекин ўзлигини унутди, ҳайҳот!

Афсус, қалбсизликка юз бурди Инсон,
Ақчадир суянган мураббийси ҳам.
Туйғулар бир четда қолдилар ҳайрон,
Бевақт нафақага чиққандек одам.

Ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ зарра,
Майли, кўк тоқига чироғингни ос.
Исмингни сўрашмас ҳатто бир карра,
Фалон рақамдаги бандасан, холос.

30.04.2016.


ҲАЁТ ИБРАТЛАРИ

Кўчадан келдиму ҳовлимда ногоҳ,
Ари уясига бошимни тиқдим.
Қайси кун, жарчи қуш қилса ҳам огоҳ,
Қашқир тўдасига бирдан йўлиқдим.

Ёз пайти сафарга чиқиб бир замон,
Дафъатан тушганман қишнинг забтига.
Аёзда йўл босдим, эгнимда чопон,
Бироқ дучор бўлдим ёзнинг тафтига.

Жаннатни кўрай деб, мен шўрим қуриб,
Қанча синовларга айладим бардош.
Ва лекин дунёдан кетмасдан туриб,
Дўзах аҳли билан бўлдим даврадош.

Ахир эзгуликка тиккандим-ку кўз,
Дилимда яшарди улуғ ибодат.
Барча юкунишлар ҳайф экан, афсус,
Агарда бўлмаса улар ижобат.

Қирқ йил камситдилар эринмай, секин,
Кирар эшигимни қаттиқ ёпмадим.
Ўзимча барчани тушундим, лекин
Мени англайдиган зотни топмадим.

29.03.2016


ТОИФАЛАР

Сизга баб-баробар ёқмасман сўзсиз,
Гарчи шеър ёзаман ёқмоқ қасдида.
Бирингиз нарвоннинг тепасидасиз,
Иккинчингиз эса унинг пастида.

Бир жойдан чиқмаган фикрингиз асло,
Бирингиз тегирмон, иккинчингиз дон.
Мен-чи, тегирмончи кимсаман гўё,
Гапим уқдиролмай, ўртада сарсон.

Бирингизга ёқар офтобли кунлар,
Бирингиз ёмғирли кунга ошиқсиз.
Бирингизда мудом ҳасратли унлар,
Бошқангиз ҳамиша кўнгли очиқсиз.

Сиз шайдо ва лекин фарқингиз анча,
Дидингиз турлидир, ҳатто қоришиқ.
Бир вақтнинг ўзида, уринмай қанча,
Айтиб беролмасман икки хил қўшиқ.

Балки қалбларингиз англамоқ учун
Йиллар ўтиб кетар секин ва оғир.
Келишиб олгайсиз, иншоллоҳ, бир кун,
Қолмас орангизда жумбоқ билан сир.

Ҳозир-чи, дардингиз турфадир мутлоқ,
Рози ҳам бўлмайсиз мендан шу фурсат.
Бировингиз учун кўринсам-да оқ,
Иккинчингиз учун қораман фақат.

16.03.2016


ШАРҚ ҚИСМАТИ

Шарқликман,
Эмасман йўлидан озган,
Санъатга ўрайман айтар сўзимни.
Тагор ҳинду бўлиб мадҳиям ёзган,
Мулла Тўйчи айтган “Қора кўзим”ни.

Кашфиёт қилай, деб уринмай ҳарчанд,
Йўлимни муттасил тўсди хурофот.
Фикрим коинотни қучса ҳам гарчанд,
Мудом ҳамроҳ бўлди ароба-ю от.

Мен ҳатто қуёшнинг ҳидини сездим,
Юлдузлар ифорин туйдим бехато.
Гар севсам, Карбало даштида кездим,
Кирди тушларимга Тожмаҳал танҳо.

Бошқалар яратди, мен эса тун-кун,
Унга мафтунликдан айламадим ор.
Афсус, энг чиройли гулнинг ҳам бир кун,
Сўлиб, оёқ ости бўлмоқлиги бор.

Бойлик қазиб олдим ернинг остидан,
Тугаб қолишини ўйламай асло.
Тўй қилиб, айрилган бор бисотидан,
Ношуд бойваччанинг ўзиман гўё.

Энди англаб етдим, шуҳрат-шонимни
Таъмин этган экан буюк даҳолар.
Ёвларнинг ўқидан хонадонимни
Асраб келмиш доим эзгу дуолар.

02.03.2016


АЧЧИҚ ЧОЙ

Ярим давлат эмиш ниятинг гоҳо,
Қорни тўйган куни йўқсил бой эмиш.
Муҳаббат чиройни танламас асло,
Уйқу босиб келса, тош ҳам жой эмиш.

Майли қишлоқдасан ёки шаҳарда,
Эгамга бир феълинг ёқса агарда,
Хизр йўлдош бўлгай доим сафарда,
Бошингга қўнган қуш, у Ҳумой эмиш.

Магар чаппа кетса ишинг,омадинг,
Ўттизга кирмасдан ёйдир қоматинг.
Яшашга чайла ҳам қура олмадинг,
Элликка борганда ҳолинг “вой” эмиш.

Худойим бердими ақл ва юрак,
Уларга муносиб муҳит ҳам керак.
Кимга элу юрти бўлса гар тиргак,
Қариган чоғда ҳам тошқин сой эмиш.

Саломат етдингми қутлуғ бир ёшга,
Шукур қил, ҳамдамсан ойга, қуёшга.
Ва лекин шаробнинг йўриғи бошқа,
Ўрнини босгувчи аччиқ чой эмиш.

29.05.2016

3 315
ЎзА