ЎзА Ўзбек

11.05.2018 09:30 Чоп этиш версияси

“Эртадан умид қилинг, эртага ишонинг! Эрта биздан кечмайди”

Миллатимизнинг ёрқин сиймолари ҳақида ёзилган ҳар бир асар, жанридан қаътий назар, энг аввало китобхоннинг - ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавиятини, тасаввурини бойитишга, қолаверса ўтган замон ва жараёнлар ҳақида қимматли маълумотлар беришга хизмат қилади.

“Буюкликка йўл” деб номланган ушбу китоб ҳамЎзбек халқининг улуғ фарзанди, геология фанида металлогения йўналишининг асосчиси, Республика иқтисодиётига улкан ҳисса қўшган давлат ва фан арбоби Ҳабиб Абдуллаевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Машҳур олимнинг оила ва жамиятдаги мавқеи, ҳаётий ва илмий қарашларининг мутаносиблиги, нафақат етук раҳбар, кучли шахс сифатидаги характери асармуаллифи томонидан самимий ва ёрқин чизгиларда очиб берилади. 

Фотима Абдуллаева Ҳабиб Абдуллаев билан кечган 22 йиллик ҳаёти давомидаги энг ибратли, ҳикматли воқеаларни қаламга олган.Миллат равнақининг етакчиларидан бўлган кучли шахслар фаолияти ва ҳаёти йўли ҳақида сўзлагувчи бундай хотира-асарлар, китобхонни ўткинчи орзу ҳаваслардан асраб, Ватан миллат, бурч ва маъсулият каби шонли ғояларнинг шаклланишида, ўқувчи қалбида, сўнмас бир ўт ёқиши шубҳасиз! Атоқли олим ҳақидаги хотираларни ўқиркансиз, беихтиёр ўзингизни Ватан учун, халқ учун, буюк ўзгаришларга, улкан ишларга қодирдек ҳис эта бошлайсиз! Аслида ҳар қандай асарнинг ҳам асл қиймати, ўқувчини ўзгартириши, муқаддас орзулар сари руҳлантира олиши, қалбида эзгу туйғулар уйғота билиши билан ўлчанади. Китобда самимий ва холислик билан тасвирланган,ўз даврининг пешқадами, халқининг виждони, ифтихори даражасига кўтарила олган Ҳабиб Абдуллаевнинг шахси,ўқувчини ҳаёт фақат кун ўтказишдангина иборат эмаслигига ишонтиради.

Ҳабиб Абдуллаев умр йўлдоши Фотима опага ёзган мактубларининг бирида “Азизам Фотимахон, сиз бугундан хафа бўлманг, бугун ҳар нарса бўлиши мумкин. Шунга тайёр туринг. Бардошли бўлинг. Эртадан умид қилинг, эртага ишонинг! Эрта биздан кечмайди”, деб ёзади.

Азиз китобхон, сизга халқимизнинг яна бир ёрқин сиймоси билан ғойибона учрашув муборак бўлсин! 

Озода Бекмуродова, ЎзА
9 856