ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:59 Чоп этиш версияси

“Эрта қайтган турналар”

Уруш – даҳшат! Уруш – қирғин! Уруш – вайронгарчиликлар! Уруш – очлик! Уруш – ғам, алам, изтироб, айрилиқ, ҳижрон… Уруш туфайли отаси, акаси, амакию тоғасидан ажралган етим-есирлар-чи? Улар уруш асоратларига болаликдаёқ юзма-юз бўлган, болалик шўхликларини жуда эрта унутган... 

...Буюк адиб, машҳур сўз санъаткори Чингиз Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” асари ҳам Иккинчи жаҳон уруши йиллари, халқнинг фронт ортидаги шижоати, хусусан, ўша суронли йилларда улғая бошлаган фарзандларнинг эрта сўнган болалиги ҳақида. 

Асардаги воқеалар сервиқор тоғ биқинидаги қирғиз овулларидан бирида кечган. Шу овулда яйраб-қувнаб ўсаётган болакайлар – Султонмурод, Онатой, Қуббатқул ва Эркинбек урушнинг нима эканини жуда эрта фаҳмлашган. 

Ҳар бир “қора хат” ортидаги аламу фарёдлар, урушга соппа-соғ кетиб қўлсиз, оёқсиз қайтаётган ота, акалар фронт ортидаги виждонсиз кимсаларнинг нопокликлари, овулдаги деҳқончилик юмушларини ўз зиммасига олган, букчайган чол-кампирлар, аёллар, урушга кетган ўғли, ёстиқдоши, ака-укаси йўлига муштоқ бўлиб кўз тикаётган она, келинчаклар... 

Асар қаҳрамонлари – болакайлар уруш йилларида овулдаги ана шундай муҳитга қоришиб кетади. Улар соат сайин улғайишади, овулдошларга кўмакдош бўлишади. Уруш тугагани ҳақидаги хушхабар овул болаларига ҳам қувонч бахш этади. 

Уруш йилларининг даҳшату изтироблари ҳақида ўнлаб қисса, ҳикоялар битган забардаст адиб Чингиз Айтматов мазкур асари орқали инсониятни огоҳликка, ватанпарварлик ва тинчликсеварликка даъват этган. 

Каттақўрғон шаҳар драма театри жамоаси “Эрта қайтган турналар” асари асосидаги спектаклни саҳналаштириб, ўз мухлисларини хушнуд этди. 

Асарнинг саҳнавий инсценировкаси истеъдодли ижодкор, ёш драматург Сардор Ҳамроев қаламига мансуб. Томошани маҳоратли режиссёр Fофур Мардонов етакчилигидаги бир гуруҳ тажрибали ва ёш санъаткорлар саҳналаштирган. Театр бош мусаввири Зокир Қобулов асар воқеалари руҳига мос саҳна қурилмалари яратган. 

Каттақўрғон театрининг янги томошаси атоқли ёзувчи Ч.Айтматов таваллудининг 90 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. 



ЎзА
4 831