ЎзА Ўзбек

13.06.2019 12:18 Чоп этиш версияси

Ер қаъридан зиё топган қадимшунос (Замонамиз қаҳрамонлари туркумидан)

Ер қаъридан зиё топган қадимшунос (Замонамиз қаҳрамонлари туркумидан)

“Оқтов” номи билан машҳур Нурота тоғ тизмаси нафақат Ўзбекистон, дунё харитасида ҳам ўз ўрнига эга. Унинг табиати мафтункор. Тоғ тепасида одамлар, турли ҳайвонлар, ўсимликлар шаклидаги тош ёдгорликларни кўрсангиз, тошга айланган тарих экан, деган фикрга борасиз. Қайси бир тош отни эслатса, қайси бири туянинг ўзгинаси. Маҳаллий халқ вакиллари томонидан “қирқ қиз” ва “қирқ йигит” деб ном олган тош ҳайкалларни, Сармишсой қояларию, Сангижумоннинг ғаройиб ва мафтункор тошларини кўрган ҳар қандай одам тоғ устида узоқ қолишни истаб қолади.

Абдукамол РАҲМОНОВ

avatar_2757561d-1443-47f2-a311-b978710eb00f.jpg

“Офтоброя” қисми Каттақўрғон, Хатирчи, Навбаҳор туманларига, “Бел” қисми Қўшрабод ва Нурота туманларига туташиб кетган Оқтов ўзининг кўп минг йиллик тарихига эга. Тоғдаги нодир ғорлар, қоялар, улардаги узоқ ўтмишдан садо берувчи ноёб расмлар ҳар қандай кишини ўзига ром қилади. 

Нурота туманининг Боғожот қишлоғи ҳам ана шу тоғларга туташиб кетган кенгликлар орасида жойлашган жуда обод қишлоқ. Қишлоқни узоқдан кўрган одам ўрмонга ўхшатади. Ҳа, у турли-туман дарахтлар, буталар қуршовида, қалин ўрмонни эслатади. Ўз даврида тоғ ён бағрида Искандар Зулқарнайн ташаббуси билан уч юз олтмишдан ортиқ кориз қазилган бўлиб, ана шундай коризларнинг биридан оқаётган бир тегирмон сув қишлоқнинг қон томирига айланган.

Шундай шинам қишлоқда туғилиб ўсган Жўрақул отаси Йўлдош бобонинг тавсияси билан “Ноғора” қишлоғидан Пиримқул бобонинг қизи Нозбибига уйланиб, отаси билан бир ҳовлида яшай бошлади. Ўшанда Йўлдош бобо ҳовлисининг бир четидан Жўрақул учун бир даҳлиз, икки хона уй қуриб берганди.

Уйнинг деворлари бақувват, ердан тизза бўйи тош терилиб кўтарилган ва унинг устидан пахса урилган, томлари вассажуфт қилиниб, устидан лойсувоқ урилган. Хоналар деворлари зах ўтмаслиги учун ички ва ташқи тарафдан сомонли лой билан сувалган, хона ички ер қисми қалин сомонсувоқ билан қопланган. Уйнинг деразаларидан тушадиган эрталабки қуёшнинг тафти уй ҳароратини кўтариб турарди. Шунга қарамасдан Йўлдош бобо ўғлини чақириб: “Ҳа демай совуқ кунлар ҳам бошланади, келин икки қат, печкани хом ғиштдан қурганинг маъқул бўлади, болам”, деб Жўрақулга топшириқ берди.

Йўлдош бобо оғир-босиқ, қишлоқнинг обрўли одамларидан эди. У ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари бошларида Бухорода ўқиди. Ўқиши ниҳоясига етмасидан мактаб ёпилиб, қишлоғига қайтиб келди-ю, ўғлини уйлантирди.

“Менинг мактабим чала бўлди, энди сен ўқи”, деди ўғлига тайинлаб. Ҳа, Йўлдош бобонинг дунёқараши кенг. У мактабни охиригача ўқимаган бўлса-да, қишлоқдошларидан билимдонлиги, мулоҳазалиги, кайвонилиги билан ажралиб турарди. Ҳамқишлоқлари, таниш-билишлари жуда саводли “қумқулоқ” одам сифатида эътироф этарди, ҳурмат қиларди. Турли халқ достонларини завқ билан ёддан айтиб бериши кўпчиликни қойил қолдирарди. Шу сабабли Йўлдош бобо Йўлдош бахши номи билан ҳам элда машҳур эди.

Тўйдан кейин бир йиллар ўтар-ўтмас хонадонда чақалоқ овози эшитилди. 1932 йил 9 май куни тонг саҳар Йўлдош бобо неварали бўлди. Ўшанда эндигина ЧС (чаласавод) мактабини битириб, “колхоз”да ишлай бошлаган Жўрақулнинг қувончи ўзига сиғмасди.

Нима қилсин, қувончини яширайин, деса яшириб бўлмаяпти, яширмайин деса отасининг кўзи тушиб қолса, уялади. Нима қилишини билмай ҳовлининг у бошидан бу бошига бориб-келиб турган Жўрақулни отаси чақирди: “Болам Худога шукр, сен ҳам ота бўлдинг, қани эшакни бу ёққа олиб кел. Бозорга бориб келаман, сен ўтин ёр, уйнинг ҳарорати тушиб кетмасин тағин”, дея уялганидан ерга қараб турган ўғлига табассум билан бир қаради-ю, сўнг хотинига “Келин кўпайишгани кўп яхши иш бўлди-да кампир, мен бир бозорга бориб келай, сен неварага яхши “от” топиб тур”, деб хуржунини эшагининг эгарига осиб, устидан чопонини ташлаб, “Ё пирим” деб эшакка миниб, халачўпи билан уни ниқтаганча бозорга жўнади.

Жўрақулнинг фарзандли бўлгани ҳақидаги хушхабар қуёш қишлоққа оралагунга қадар ҳаммага етиб бўлганди:

– Ҳо-о-о Муҳаммад, эшитдингми, Жўрақулнинг хотини қўзилабди-и-и-и-и, – деб бақирди хабарчи номи билан танилган Боймурод қишлоқни бир томонидан иккинчи томонига қараб. – Ўғил. Ўғил туғибди-и-и-и.

– Ноғоралик келинни кўзи ёриди, яна бир чавандоз дунёга келди, – дея сой бўйлаб кетаётган Қўзигул хола олдидан чиққандан суюнчи сўрарди.

Биринчи невара эмасми, Йўлдош бобонинг кайфияти аъло... Бозорга бориб келгунича юзлаб одамлар табриклашди. Айримлари “кўпкари қарздор бўлибсизлар-да”, деб ҳазиллашса, баъзи тенгқурлари “қулоқчўзма бўлдингизми?” деб ҳазиллашишди...

Хуллас, чақалоқ етти кунлик бўлгач, Йўлдош ота неварасига исм қўйиш учун қишлоқ масжидидан мулла таклиф қилди: “Неварамга унинг ўз исмига муносиб инсон бўлишини Парвардигордан сўраган ҳолда Мавлон исмини танладим. Зеро, у ўз исмига бир умр муносиб қолсин”, деди йиғилганларга қараб. Мулла дастлаб чақалоқнинг ўнг қулоғига азон чақириб, сўнгра чап қулоғига такбир айтиб, Мавлон исмини эълон қилди. Шундан кейин Қуръони Каримдан Фотиҳа, Ихлос суралари ўқилиб, дуолар қилинди. Ўша куни икки томон қудағайлар қишлоқнинг кайвони аёллари билан “бешикка солиш” маросимини ҳам хурсандчиликда ўтказишди.

Кунлар тунларга, тунлар кунларга уланиб, вақт ўтиши билан тетапоя бўла бошлаган Мавлон ҳа дегунча, мактаб ёшига етиб қолди. Дастлаб Боғожот қишлоғидаги бошланғич мактабда таълим олди. Сўнгра қишлоғидан анча узоқда жойлашган Тоз қишлоғидаги 18-сонли етти йиллик мактабда ўқий бошлади.

– Эс билган пайтларим қишлоғимиздаги узумзорлар орасида, дов-дарахтлар соясида маза қилиб ўйнардик, – дейди Мавлон Жўрақулов. –“Уруш бошланди, уруш” деб одамлар кўчаларда бақир-чақир қилиб юрганларини яхши эслайман. Ўша кезларда отамни уруш орти фронтига, укаси Тоғай амакимни урушга олиб кетишди. Амаким урушни бошидан охирига қадар қатнашиб, урушдан тирик қайтиб келди. Отам, янглишмасам, ўша йилларда оғир ишларни бажарган, ҳар-ҳар замонда бизни кўриш учун келиб, кетарди. Эс-эс биламан, саккиз ёшларимда Катта Фарғона канали қурилишида, уруш ва ундан кейинги йилларда Каттақўрғон сув омборини бунёд этишда, кейинчалик эса Фарҳод ГЭС қурилишларида ишларди. Ҳар келганида меҳрига тўймай орқасидан йиғлаб қолардим. У даврларда очарчилик, қаҳатчилик бирон бир оилани четлаб ўтган эмас. Кийим-бош етишмасди. Ёз пайтлари мактабга оёқ яланг борардик. Кун бўйи оч юрардик. Баҳорда, мактабдан қайтишда ноиложликдан далада “ўтлардик”, яъни такасоқол, чучмома каби ўтларни териб ердик. Ёз келиши билан тут меваси жонимизга оро кирарди. Кейинги фаслларда узум, қишда майиз еб жон сақлардик... Лекин ҳар қандай шароитда мактабга борардик, бирор бир кун дарс қолдирмасдан ўқирдик. Мактабимиз пастаккина, пахсадан қурилган, полсиз-потоксиз, зах босган кичик-кичик хоналардан иборат эди. Иситилмасди ҳам. Хуллас, қишин ёзин зах босган хоналарда ўқирдик. Қишлоқда от, қорамол сўйилса терилари тала-тала бўлиб кетарди. Чунки катта-кичикнинг оёқ кийими чориқ эди. Мол терисидан ясалган оёқ кийим – чориқ деб аталарди. Қиш кунлари ҳам оёқ яланг юрган пайтларимиз кўп бўлган.

Тўғри, у пайтларда одамларда бойиш имкони бўлмаган. Сабаби, қизил империя бир оиланинг битта сигири бўлса ҳам бой бўлиб кетибди, деб қулоқ қилган, бу билан одамларини очарчилик ва қаҳатчилик шароитида яшашга мажбурлаган, халқнинг бойишига йўл бермагани, бундан одамлар қаттиқ азият чеккани бор ҳақиқат. Айниқса, мамлакатимизда 30–40-йиллар жуда оғир кечди. “Уни қамоққа олибди, буни сургун қилибди, фалончини мол-мулкини олиб кетибди”, деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турган бир пайтларда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, қатағон қийинчиликлари кейинчалик уруш ва унинг оқибатларига уланиб кетди. Бу шароит катта-ю кичик учун бир хил келди. Айниқса, уруш йиллари болалар учун заҳматли кечди. Қариялар, ногиронлар, аёллар ва болалар уруш ортида меҳнат қилди. Ўзлари емади, ўзлари киймади, топганини, қўлга илинганини урушга жўнатиб турди.

Мавлон ўн икки – ўн беш ёшларида ўзидан ёши катта йигитчалардан кам меҳнат қилмасди. Қишда яланг оёқ юриб, колхоз ерларини суғориш, маҳаллий чиқиндилар билан озиқлантириш, чорвага ем ташиш, баҳор келиши билан дарахтлар тагини юмшатиш, озиқлантириш, экин экиш каби енгил ишлар билан шуғулланса, ёз ва куз ойлари энг оғир меҳнатларга жалб қилинарди.

– Етти йиллик мактабни битириш йили, яъни 1947/1948 ўқув йили пахта теримига жалб қилиндик, – дейди Мавлон Жўрақулов. – Биз қорни тўйиб овқат емаган қилтириқдай ўқувчиларни Зирабулоққа пахта териш учун олиб боришди. Кун бўйи ўтириш, тик туриш бўлмасди. Ким-ки ўтириб қолса ёки тик турса, қамчи кўтарган бригадир ёки ҳисобчи келиб саваларди. Кечқурунлари базўр сўлғин ҳолда ётоқхонага қайтардик. Овқат масаласи жуда оғир эди. Бир кишига бир кунда битта чапчак нон (юпқа) берарди. Яхшиям ўша йиллари Зирабулоқда қанд заводи ишлаб турганлиги сабабли ҳозирги Нарпай туманининг пахтадан холи ерларида қанд лавлаги етиштирилар экан, шу лавлагини хомлай еб очликдан жон сақлардик.

Ҳа, урушдан кейинги тўрт-беш йил халқимиз учун уруш йилларидан ҳам оғир бўлди, десак муболаға бўлмайди. Уруш тугаган бўлса-да 1947, 1948, 1949 йиллари қишлоқларда яшовчи кўп одамлар очлик туфайли дунёдан кўз юмди. Ким кунжарадан бўкиб ўлса, яна кимдир ўт еб, дамлаб ўлди. Яна кимдир оғир касалликка мубтало бўлди.Эндигина балоғат ёшига қадам қўйган Мавлон 1948 йил ёзида етти йиллик мактабни битириб,Тоз қишлоғидан янада узоқроқ Жўш қишлоғидаги 56-сон ўрта мактабга ўқишга кетди. Саккиз, тўққиз, ўнинчи синфларда ўқишнинг ўзи бўлган эмас. Тушгача мактабда ўқирди, тушдан кейин колхозда қўш қўшиш, хашак ёки сомон жамлаш, хирмон янчиш ишларига жалб қилинарди.

– Ўқиш даврида дарслардан кейин кечга қадар тиним билмай ишлардик. Ёзги таътилда эрта тонгдан қош қорайгунча ғалла ўрардик, хирмон янчардик. Куннинг жазирама иссиғида қоп-қора чуйкаб, бир-биримизга қараб кулишардик. Кечаси билан хирмон янчган вақтларимиз ҳам кўп бўлган. Катта-кичик ғалла ўришга жалб қилинарди. Болалигимизда табиий офат кўп бўлганлигининг гувоҳи бўлганман. Масалан, экинзорларни чигиртка, ғаллазорларни хафсак, деган кана босарди. Мактаб ўқувчилари ана шу офатларни бартараф этишга жалб қилинарди. Тушлик – бир коса атала эди. Шу билан қаноатланардик. Тўғри, онда-сонда рағбат ҳам бўлиб турарди. Шундай рағбатлардан бири менга ҳам насиб қилган. Ғалла янчишда, ўришда фаол қатнашганлигим учун бир пуд арпа билан мукофотланганман ва энг қизиғи,уни сотиб, ҳаётимда биринчи марта оёқ кийим, юзаси латта билан қопланган туфли олиб, 10 синфни оёқ кийими – туфли билан битирганман. Ҳеч қачон ишдан қочмаганмиз. Тўғри, чарчаш, толиқиш бўлган, ўшанда ишдан қочишга ҳақли эмаслигимизни ҳар доим юрак-юракдан ҳис қилиб яшаганмиз, ишдан қочишга, масъулиятсизлик қилишга ҳеч биримизнинг виждонимиз йўл қўймаган.Чунки ортимизда Ватан турган. Шиоримиз ҳеч қандай баландпарвоз битта: Юрт тинчлиги, Ватан ҳимояси учун! Тамом, бошқа гап бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Ҳа, аччиқ синовлар шамоли кўп қатори Мавлоннинг ҳам шунчаки бошини силаб қўймади. Меҳнат, ўқиш ва яна меҳнат... Ана шундай оғир шароит, кунни тунларга улайдиган қора меҳнату очарчилик, қаҳатчилик, буларнинг барчаси Мавлон учун чиниқиш мактаби бўлди. У ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир ишидан, эришган натижасидан қувониб, уруш ортида, Ватан ҳимояси йўлида меҳнат қилаётганлигидан ғурурланиб, фахрланиб яшади...

– Вақт ўтиши билан йил сайин оиламиз каттариб борди, отам турли жойларда хизмат сафарида юрганлиги сабабли оиламизни бошқариш ва боқиш Йўлдош бобомнинг зиммасига тушганди, – деб эслайди суҳбатдошимиз. – Онам, Нозбиби ая бошланғич синф маълумоти билан кун бўйи колхозда меҳнат қилди. Мен онамга ёрдам берардим. Онам кечаси урчуқ йигириб,олача тўқиб сотарди. Бобом ҳар доим биз билан бўларди, отам йўқлигини билдирмасдан, еяр-ичаримиздан, иссиқ-совуғимиздан бохабар эди. Эртароқ ишдан қайтган пайтлари укаларимни сандал атрофига ўтқазиб, суҳбат қуриб ўтиришган кезлари даврага қўшилардим. Эртак ва достонлар, ҳикояларни жуда қизиқарли қилиб, ёддан айтиб берарди. Айниқса, Алпомиш, Гўрўғли, Авазхон, Равшан ва Зулхумор каби достонларни айтганларида завқ билан эшитардик. Ўтмишимизни, халқимиз тарихини, ўзбек уруғларини тушунтирарди. Халқ қаҳрамонларини жуда яхши биларди. Улар ҳақида невараларига эринмасдан сўзлаб берарди. Кўпинча топишмоқ айтарди ва биз топишмоқларнинг жавобини бир-биримиздан аввалроқ айтишга ҳаракат қилардик. Тополмасак “қўрғон” берардик, шунда бобомнинг ўзи жавобини айтарди.

Қаранг-а, Мавлон Жўрақулов ёшлик йилларини, ўша даврнинг яхши-ёмон кунларини унутмаган, аксинча, ҳар бир воқеадан тўғри хулоса чиқарган. Ҳозир ҳам ўтган кунларини эслаб, фарзандларига панду насиҳат қилади. Шогирдларини ўз аждодларини билишга, ўтмишини, ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилишга, ундан хулоса чиқаришга ундайди.

Ҳа, у болалигидан қийинчилик кўриб, машаққатлар билан курашиб балоғатга етса-да, ўқишни тарк этмади. Вақт топди, дегунча ўқиди, изланди. Йўлдош бахши бобосининг эртакларини, достонларини мириқиб эшитадиган, айрим пайтларда ўзини асар қаҳрамонлари ўрнига қўйиб кўрадиган Мавлон вояга етиб,бадиий адабиётларни мустақил ўқишга ҳаракат қилди. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, Лайли ва Мажнун асарларини ҳали мактабда бу мавзулар ўрганилмасданоқ ўқиб-ўрганди.Тенгдошларидан олдинда юришга, кўпроқ билимга эга бўлишга интилди. Ҳам мактаб, ҳам колхоз ишлари, ҳам уй меҳнатини баравар олиб борди. Пировардида мактабни аъло баҳоларга тамомлади. Бундан яхши хабардор бўлган халқ таълими раҳбарияти ўнинчи синфни битириши билан Боғожот қишлоғидаги бошланғич синфга ўқитувчи қилиб тайинлади. Ўрта мактабни тугатиши билан меҳнат фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлаб, илк бор Устоз, деган муборак номга мушарраф бўлди.Ўшанда у бобосининг “Ўқитувчи бўлсанг шогирдларинг кўп бўлади ва қаерда бўлмасин, улар сени устоз деб кутиб олади, ҳурмат қилади, қачонки сен шунга лойиқ бўлсанг” деган гапларини эслади. Унинг ўқитувчилик фаолиятига олти ой бўлар-бўлмас 1951 йил декабрь ойида армия сафига чақирилди ва 1954 йили апрель ойига қадар ҳарбий хизматни қаттиқ интизом ва намунали хулқ билан ўтади.

– Армияда хизмат қилиш учун қизил вагонда,16 сутка йўл юриб,Қримга етиб борганмиз, – дейди Мавлон Жўрақулов.– Урушнинг энг аччиқ қисматини Севастополь, Симферополь, Саки, Сочи каби шаҳарларнинг вайроналарида кўрганмиз. Уруш тугаганига беш-олти йил ўтган бўлса-да, ҳали унинг изи кўзга яққол ташланарди. Ҳа, Ер билан яксон бўлиб ётган иморатлар, парчаланиб кетган танклар, қўпорилиб ётган улкан дарахтлар фашизм балосининг “эсдалик”ларидек кўзга ташланарди. “Таманская гвардия” дивизиясида 4 йилдан кўпроқ хизмат қилдим.

У пайтлар ҳамма ҳам ўрта мактабни тўлиқ ўқиш имконига эга эмасди. Айрим имкони бор йигитлар ҳам охиригача етиб боролмасди. Армияга ўнинчи синфни битириб, ўқитувчилик фаолиятини бошлаб боргани учунми йигирма ёшли навқирон йигит 6 ойлик сержантлар мактабида ўқишга лозим кўрилди. Албатта, ўқиш осон бўлгани йўқ. Ҳамма дарслар, машғулотлар фақат рус тилида. Бунинг устига ҳарбийча талаблар... Мавлон узоқ бир қишлоқда, етишмовчиликлар ва қийинчиликлар оғушида ўсганини сездирмади. Аксинча, ғурурини баланд тутди. Рус тилини ўрганишга астойдил киришиб, командирлик сирларини мукаммал ўрганди. Ҳарбий интизомни биринчи ўринга қўйди. Ўқиш якунида махсус ҳарбий қисм командирининг буйруғи билан рағбатлантирилиб, ўз ҳарбий қисмига қайтарилди ва бир йўла взвод командири этиб тайинланди. Унинг хизмат мартабаси тез ўсиб, ҳарбий унвони ҳам кўтарилиб борди. Ҳарбий қисм раҳбарлари ва аскарлари ўртасида ҳурмат қозонди. Тўрт йиллик хизмат уни янада чиниқтирди. Хизматни ўтаган йилларда эришган ютуқлари учун бир неча бор раҳбарият томонидан рағбатлантирилди. Оддий аскар сифатида хизматга чақирилган йигит юртимизга катта сержант унвони билан қайтди. Ҳарбий хизмат даври ҳам Мавлон учун катта бир мактаб бўлди.

– Армиядан сўнг Тоз қишлоғидаги ўзим бошланғич синфдан кейин ўқиган етти йиллик мактабда ўқитувчилик қилдим ва 1955 йили Самарқанд давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирдим, – дейди Мавлон Жўрақулов. – Ўқишга кириш қийин бўлмади.Тезда киришиб кетдим.Менда археология йўналиши қизиқиш уйғотди. Моддий аҳволим оғирлиги туфайли баъзи бир қийинчиликлар билан тўқнаш келганман, холос. Онам “Қахрамон она” унвонига сазовор бўлган эди. Бу албатта, кўп болалик, дегани. Ота-онам укаларимдан орттириб менга беришларини хоҳламасдим. Шу боис, қанчалик қийналмайин, уйдан моддий ёрдам олмадим...

Ҳа, у даврларда талаба бўлишнинг ўзи бўлмаган. Қишлоқдан шаҳарга келиш учун бир юзу эллик километрдан ортиқ йўл босиш керак. Қайтиш ҳам шунча. Ҳали йўлларга асфальт қопланмаган,автотранспорт йўқ.Бир кунда бир марта юк транспорти ё ўтади, ё ўтмайди. Асосий транспорт эшак, от-арава. Бу ҳам ҳар доим юравермайди. Ана шундай шароитларда ўқишни канда қилмаслик учун талабамиз кўп марталаб қишлоғидан Қўшрабодга, Қўшработдан Митангача бўлган ўттиз-қирқ километрдан ортиқ масофани яёв босиб ўтган.

Шундай ҳолатларда ҳам ўз шаштидан қайтмади. Мақсад ўқиш, бобоси айтиб берган тарихий воқеалар ортидан қувиш, тупроққа айланган қадимий шаҳарларни, қалъаларни излаб топиш, фанга киритиш, ўзидан кейинги ёшларга тарих сабоқларини аниқ далиллар билан етказиш... Қуръони Каримда келганидек: ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш. Ўқишдан бошқаси иккинчи даражали ҳисобланарди, ҳатто уйланиш ҳам. Ота-онанинг орзуси эса тезроқ ўғилни уйлантириш, неваралар кўриш... Жўрақул ота Нозбиби ая билан катта ўғилни уйлантиришга қарор қилди. Ўғлини розилигисиз, албатта. Ҳа, шундай ҳам бўлди, агар уни розилиги олинса, яна вақт керак. Ўзлари келин топди, ўзлари унаштирди, ўзлари урф одатлари бўйича фотиҳа тўй қилишди, ўғил эса “Суюнчи” кинофильмида “Ҳм, профессор бўлармиш...” деганларидек, профессор бўлиш орзусида. Ўқиш билан банд.

Орадан анча-мунча вақт ўтди ва бу орада никоҳ тўйига қишлоқ удумлари бўйича тайёргарлик кўрилди.Талаба ўғилга тўй вақти-соати ҳақида хабар етказилди. Уйланиш қочиб кетмас, ўқиб олиш керак... Лекин унинг бу фикрига қўшилмаган ота-она тўйни бошлаб юборишган. Талаба йигитни ўқишдан қолдирмаслик учун никоҳ тўйи шанба кунига белгиланди. Буни эшитган куёв бола “шунақаси ҳам бўларкан-да”, деган фикр билан ўқишдан рухсат олди.Аммо минг афсуски, улов бўлмаганлиги сабабли ўз уйланиш тўйида иштирок этиш насиб этмади. Ота-она, қариндошлар, қўни-қўшни, синфдошлар жам бўлган тўйда куёв боланинг ўрни бўш турди. Куёвнинг иштирокисиз ҳам тўй ўтказса бўларкан.

Келин от-аравада ота-онаси яшайдиган уйга туширилди.Жўрақул ота ҳам, Нозбиби ая ҳам ўғли уларнинг гапини икки қилмаслигини яхши биларди. Шундай бўлса-да, бир-бирига “нима бўлди”, дегандек хавотир аралаш қараб қўйишади. Ҳамма ҳайрон. Миш-мишлар, пичир-пичир гаплар кўпайди. Кимдир “куёв норози экан” деса, яна кимдир “Мавлон ўқимаган қизни хоҳламаганмиш” каби гапларни тарқатиш билан овора.Қандай бўлмасин келин Жўрақул ота хонадонига яхши ниятлар билан кириб келди, элга ош берилди. Эртаси куни урф-одатлар бўйича келинсалом, беточар маросимлари бўлиб ўтди.

– Хўш, кампир, ўғлингдан хабар борми?, – деди орадан уч кун ўтиб, қуда момолару, келин янгалар уй-уйига тарқаб кетгач Жўрақул ота Нозбиби аяга қараб. – Тинчмикан, ишқилиб?

– Билмадим, Самарқанд қаерда-ю мен қаерда, – деди онахон ҳам соғинчдан, ҳам ташвишдан чарчаган кўзлари остида пайдо бўлган бир томчи ёшни артиб. – Нима бўлса ҳам худойим шарманда қилмасин.

– Хавотир олма, Мавлон ота-онасининг сўзини икки қиладиган бола эмас, – деганича Жўрақул ота ўрнидан турди-ю ташқарига чиқиб кетди.

Орадан бир ҳафта ўтгач бўсахонада урчиқ йигириб ўтирган Нозбиби аянинг кўзи қир тепасида кўринган ўғлига тушди. Йигириб турган урчуғини бир четга қўйиб, ўғлига пешвоз чиқди. Она бола бир-бирига қараб югураётганини кўрган келин қўлидаги супиргисини қўйиш-қўймаслигини билмай қотиб турарди. Боласини бағрига босиб турган онадан кўзини ололмай турган келин қаттиқ ҳаяжонда: “Энди нима қилсам экан-а? Пешвоз чиқиб кўришишим керакми ёки қочишим...” Она-бола яқинлашиб келавергач, келин ўзини уйга ичига урди...

Икки кундан кейин Мавлон яна Самарқандга жўнади. Ортидан кузатиб чиққан онасидан “келинингизни Самарқандга қачон олиб кетаман”, деб сўрамоқчи бўлганини Нозбиби ая бутун вужуди билан сезиб турарди. Лекин она-боланинг ўртасидаги истиҳола боис бу сўз тилга кўчмади.

– “Талабалик – олтин даврим” деб бежиз айтишмаган, биз илм олиш учун ўқиганмиз, яшаш учун курашганмиз, ҳаётни қадрига етишни ўрганганмиз, –дейди Мавлон Жўрақулов. – Тўғри, у даврларда озиқ-овқат маҳсулотлари танқис эди. Магазиндан бир студентга рўйхат билан бир буханка нон бериларди. Лекин кучга тўлган, ёшлик давримизда битта нон билан илм олиш мушкул эди. Стипендия етмасди. Ўқишдан вақт топсам ота-онамдан хабар олишни орзу қилардим, аммо бунинг иложи кам эди. Борганимда ота-онам менга йўл пули топиб беролмай қийналишарди, мен хижолат чекардим. Қишлоқдошлардан сўраш ноқулай, “Биз камбағал оила, қарздан қутулолмасак уят бўлади”, деб қарз олмасдик. Йўл пули топиб беролмаганларидан, айниқса, онам эзилиб, йиғлаб кузатарди. Шу сабабли дўстларимиз билан вокзалга бориб, вагонлардан юк тушириб, юк ортиб пул ишлаб,ҳаётимизни, шароитимизни яхшилашга ҳаракат қилардик. Ота-онамизга ёрдам берардик. Қишлоққа борганимда онамга мардикорликдан ишлаб топган пулимни кўрсатиб, кўнглини тинчлантиришга ҳаракат қилардим, кўз ёшларини артиб, бир қисмини мажбурлаб қўлига тутқазардим. Кейинчалик орттирган пулларимдан турмуш ўртоғимга ҳам берадиган бўлдим. Шундай қилиб, етишмовчилик туфайли 4-курсгача сабабини ота-онамга билдирмаган ҳолда ҳарбий либосда юрганман, охирги курсга ўтиб,орттирган пулларимга костьюм-шим ва пальто олганман... Шунинг учун шўхроқ шогирдларимга мардикорлик қилган талабалар устидан ҳеч қачон кулмаслик лозим, деб уқтираман... Бизнинг талабалик йилларимизда ҳаммада ҳам бутун оёқ кийими бўлавермас эди. Қиш кунлари кимнинг туфлиси бутун бўлса, ўша талаба Ленинский кўчаси (ҳозирги Алишер Навоий кўчаси)даги дўконда бўладиган нонга борарди, ҳамма дўконларда ҳам нон сотилмасди. Шу нон бизни сақлаб турарди. Бу кунлар тарихи эртакка ўхшайди. Ҳа, кўпларнинг ишонгиси келмайдиган ҳаёт машаққатлари ва синовлари – бор ҳақиқат.

Самарқанд давлат университети ўз вақтида Ўрта Осиёдаги энг кўзга кўринган нуфузли илм даргоҳларидан бири саналарди. Шунга қарамасдан ўқиш учун шароитлар етарли ташкил қилинмаганди. Ётоқхоналарда аҳвол ачинарли. Ўша йиллари ётоқхоналарда свет умуман бўлмаган. Дарс қилиш, яшаш учун шароит оғир. Кечалари лампа-чироқлардан фойдаланиларди. Эшак арава билан бочкада келтирилган керосин ётоқхона олдида талабаларга тарқатиларди. Чироқни тўлдирмасдан берарди. Лампа-чироқ ёруғлигида талабалар ярим тунгача дарс қилишарди.Ҳар бир хонада 8-10 нафардан талаба яшарди.

– Ҳозирги ҳарбий кафедра жойлашган бино биринчи ётоқхона эди, – дейди суҳбатдошимиз Мавлон Жўрақулов. –Талабалик йиллари ана шу ётоқхонада яшардик. Аниқроғи, олти нафар талаба, 16-хонада турардик. Биз бу хонада фахрланиб яшаганмиз. Чунки у хонада талабалик йиллари Шароф Рашидов яшаган экан.

У даврларда талабалар ана шундай шароитларда ўқирди. Талабалар ҳам бўш турмасди. Ўқиш билан бир вақтда қишлоқ хўжалиги ишларига,ҳар йили куз фаслининг бошидан қишнинг ярмига қадар пахта теришга жалб қилинарди. Қишнинг аёзли, совуқ кунлари ҳам қор босган пахта ғўзалари устидан арқон судраб, қорини тушириб, пахта терилган кунлар кўп бўлган. Эрта саҳардан қоронғи кечга қадар пахта теришган талабалар учун кечаси ётоққа машинада кўрак келтирилиб, унинг пахтасини ситиб олиш топшириларди. Ҳар бир талаба учун 6 кг кўрак чувиш тунги норма қилиб белгиланган эди.

– Хоҳлаймизми-йўқми, ҳар йили пахта йиғим-терими январь ойининг 10-12 саналарига қадар давом этарди, – дейди Мавлон Жўрақулов. – Бундай талабларга жавоб беролмаган талабалар университет билан хайрлашишга мажбур бўлишарди. Пахта теримига давлат сиёсати даражасида қараларди. Ўқишни ҳеч ким сўрамасди. Агар кимдир қаршилик кўрсатса, қарши гапирса, албатта, қамалиб кетарди. Эллигинчи йилларида ана шундай сиёсат ҳукмрон эди. У даврларда кадрларни қатағон қилиш авжига чиққанлиги сабабли домлалар ҳам қамалиб кетган ҳолатлар кўп бўлган. Уларни ўрни Ленинград, Москва, Киев каби шаҳарлардан келган домлалар билан тўлдириларди.

Суяги меҳнат билан қотган Мавлон Жўрақулов ҳеч қачон чарчаш нималигини билмасди. Дарсдан ташқари вақтларда университетнинг жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этарди.Ҳали талабалик давридёқ университет касаба уюшмаси кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланди. Дастлабки курсларда факультет ёшлар ташкилотининг котиби, сўнгги курсларда эса факультет бошланғич партия ташкилоти котиби сифатида фаолият кўрсатди. Ҳам ўқиш, ҳам жамоатчилик ишлари, ҳам қора меҳнатни уйғунликда олиб борган қаҳрамонимиз 1961 йили университетни аъло баҳолар билан битирди. ва бир йўла университет илмий кенгашининг қарори билан шу олий даргоҳгаассистент-ўқитувчиэтиб тайинланди. Бу унинг Устоз деган улуғ номга иккинчи марта сазовор бўлиши эди.

Ўша йилнинг ўзида Ленинград шаҳрига аспирантурада ўқиш учун юборилди.Эндигина талабаликдан чиққан йигитга аспирантурада ўқиш ҳам осон кечмади. Албатта, йўл ҳақи, тураржой, озиқ-овқат харажатлари... Бир ойда 68 сўмлик стипендия билан бегона шаҳарда яшаш ва ўқиш ўзи бўлармиди... Биров билан бировнинг иши йўқ. Шунинг учун аспирантимиз ўқиш ва яшаш учун яна ҳам қаттиқроқ курашди. Вақт бўлди дегунча биржада юк ташувчи, кемага юк ортувчи бўлиб ишлади. Олган маошини ўзидан орттириб, Самарқанд шаҳрида ижарада турган турмуш ўртоғига, қишлоғида умргузаронлик қилаётган ота-онасига юбориб турди. Ва ниҳоят 1963 йили аспирантурани муваффақиятли тамомлаб, Самарқанд давлат университети умумий ва янги тарих кафедрасининг ўқитувчиси, доцент лавозимида иш бошлади ва бу билан учинчи бор устозлик мартабасига эга бўлди.

“Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат” деганларидек, Мавлон Жўрақулов турли масъул лавозимларда ишлай бошлади ва қайси вазифани бажармасин, ўз мактабини яратиб борди. 1966 йили “Ўрта Осиёда тош даврини ўрганиш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, тарих фанлари номзоди унвонига эга бўлди. Дастлабки ўн йил оралиғида бир қанча масъул лавозимларга тайинланди. Масалан, 1967 йилдан Самарқанд давлат университетининг Археология экспедициясининг раҳбари, 1967-1972 йилларда Афросиёб шаҳарчасини тарихий-археологик жиҳатдан ўрганиш муаммовий лабораториясининг раҳбари, 1971-1974 йилларда Самарқанд давлат университети археология кафедрасининг мудири, 1974-1985 йилларда университетнинг тарих факультети декани лавозимларида ишлади.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, энг қолоқ ва оғир факультет сифатида ушбу факультет ёш олим зиммасига топширилди. Албатта, тарих факультети университетнинг энг катта факультетлари сирасига кирарди. Янги раҳбар барча ишларни меҳнат интизоми ва шахсий намунадан бошлади. Ҳеч кимга қаттиқ гапирмайдиган, аввал кузатиб, сўнг ишига қараб муносабат билдирадиган янги раҳбар факультетда эркаланиб қолган айрим мутасаддиларни ҳушёрликка чақирди. Асосий эътибор дарс сифати, талабалар давомати ва ўқитувчининг дарсга тайёргарлик даражасига қаратилди.

Албатта, таълим даргоҳи тинч ва осуда, шовқин-суронлардан холи, пок-покиза бўлиши керак. Бу масалалар Мавлон Жўрақуловнинг кунлик назоратига олинди. Ўқув-педагогик ва илмий-методик ишлар сифатига алоҳида талаблар белгиланди. Шу билан бир вақтда талабаларнинг бўш вақтларини бекор ўтказмаслик, уларни турли тўгарак ва курсларга, спорт ва маданий-маърифий тадбирларга жалб этиш чоралари кўрилди. Талабалар ётоқхонаси ва унинг масъул ходимлари фаолияти таҳлил қилиниб, ички ислоҳотлар амалга оширилди. Шунинг учун ҳам у 1977 йилда “СССР олий мактаби аълочиси”, 1983 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонларига муносиб топилди.

Унинг ташкилотчилиги ва раҳбарлик қобилияти ҳамкасбларининг эътиборини торта бошлади. Ҳурмати ва обрўси ошиб борди. Факультет декани сифатида ўн икки йиллик фаолияти унинг учун яна бир мактаб – раҳбарлик мактаби бўлди. Шу орада профессорлик унвони берилди ва 1985 йил университет ректорининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу домланинг навбатдаги Устозлик курсиси эди.

Университетда ўқув ишларининг сифати масаласи, хизмат вазифаси нуқтаи назаридан ректорнинг биринчи ўринбосари зиммасига тушарди. Мавлон Жўрақулов янги лавозимга киришиши билан педагогикага эътиборни оширди. Ҳар қандай фан фақат ва фақат педагогик маҳорат эвазига берилсин, деган талабни илгари сурди. Чунки, унинг ўзи моҳир педагог. Дарс бериш, талабаларни дарсга жалб қилиш санъатини яхши билади. Ҳар қандай дарс, қайси фан бўлишидан қатъий назар, қуруқ гаплардан иборат бўлмасин, мазмуни бўлсин, шираси бўлсин, жони бўлсин, зеро ҳар бир талабанинг дарсдан кўнгли тўлсин, деган фалсафани илгари сурарди.

Ўқитувчилар маърузаларига қўйиладиган талабларни кучайтириб, унинг сифатини ошириш юзасидан махсус жамоатчилик кенгашлари тузган янги раҳбар дастлаб кўпчиликка ёқмай бошлаганди. Лекин, қўйилган тўғри талабнинг самараси тезда кўзга кўрина бошлади. Дарс сифатини яхшилаш, маърузаларни фаннинг энг сўнгги ютуқлари билан тўлдириб бориш, уни мазмунли ва қизиқарли тарзда тингловчига етказиш бўйича шахсан намуна кўрсатолган домла тез орада университетда моҳир раҳбар ва билимли педагог сифатида танилди.

Мана шундай иқтидор, раҳбарлик қобилияти уни янада масъулиятли вазифаларга етаклади. 1987-1993 йилларда Самарқанд давлат университетининг ректори лавозимида фаолият кўрсатди.Назаримизда, бу лавозим орқали ҳурматли домламиз Устозликнинг олий курсисига чиқиб келганди. Устоз айни вақтда жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатди. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг депутати этиб сайланди. Шу даврда, Самарқанд минтақасидаги олий ўқув юртлари ректорлар кенгашининг раиси сифатида мувофиқлаштириш ишларини ҳам олиб борди.

Очиғи, университетда оддий талабаликдан ректор лавозимига қадар кўтарилган янги раҳбар университет ҳаёти, профессор-ўқитувчиларнинг яхши-ёмон фаолияти, талабалик ва унинг машаққатларини ҳам бошқалардан кўра яхшироқ биларди.

Шу сабабли, раҳбарлик замонамиз қаҳрамони учун янгилик эмас эди. Ўқув-педагогик, илмий-методик ишлар бўладими, молиявий-хўжалик фаолияти, бухгалтерия ҳисоби ёки ҳуқуқшунос хизмати бўладими, буларнинг барчасини бир қўлда адолатли бошқариб, аввало, университетда барча норозичиликларга барҳам берди.Ўта оғир-босиқлик билан иш юритадиган, ҳаётнинг пасту баландини яхши биладиган, сермулоҳаза раҳбар барчанинг бошини қовуштира билди. Кекса профессор-ўқитувчиларга алоҳида ҳурмат кўрсатилди, пенсионер ходимларнинг ҳолидан хабар олинди, бемор ва ёрдамга муҳтожлар ҳам раҳбарнинг эътиборидан четда қолмади. Кўпминг сонли жамоа ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш, бир-бирига ёрдам бериш, бир оила бўлиб ишлаш тамойили жорий этилди.

Шу тариқа, соғлом жамоа билан университетнинг нуфузи нафақат вилоят миқёсида, балки мамлакат бўйлаб ошиб борди. Устоз муваффақиятларининг гарови ҳалоллик ва покликда бўлди. Беғаразлик ва тўғрилик билан иш тутди. Зулмдан йироқ бўлди. Одамларга самимийлик билан яхшилик улашди.

– Мен ректорлик қилган йилларим (1987-1993 йиллар) жуда қалтис йилларга тўғри келди, – дейди профессор Мавлон Жўрақулов. – Собиқ иттифоқдаги ўзгаришларнинг шамоли университетимизга ҳам тегиб турарди. Талаблар кун сайин, соат сайин ўзгарарди. Москвада бўлаётган турли тортишув ва миш-мишлар гўёки ёнимиздагидек хавфли эди. Ҳар куни 12-15 соатлаб, айрим вақтларда кечаю кундуз ишлашимизга тўғри келган. Мақсад, университетимизда фисқу фасоднинг олдини олиш, гуруҳбозлик ва бошқа шовинистик-экстремистик ҳаракатларга йўл қўймаслик, талабаларнинг кўтарилишига шароит бермаслик орқали тартибни ушлаш. Ўша даврларда Тошкентга ҳам кўп чақиришарди. Айниқса, саксонинчи йилларнинг ўрталари мамлакатимизда ўзбек тилига, миллий қадриятларга, урф-одатларга қарши уруш очилган йиллар эди. Мажлис кетидан мажлис... Бир кунда икки марталаб Тошкентга бориб келган вақтларимиз бўлган. Яхшиям, Тошкентга ҳар куни бир неча бор самолёт учарди. Ўша йилларда Московга яхши кўриниш истагида айрим раҳбарлар номақбул ишлари билан халқимизнинг маънавиятига қарши курашиши оқибатида кўп қийинчиликларга, тўс-тўполонларга дуч келганмиз.

Ҳа, домла таъкидлаганидек, саксонинчи йилларнинг таҳликали вазиятлари, халқимиз кўрган жабр биринчи ва иккинчи қатағон йилларини такрорлаб турарди. Бундай шароитда университет профессор-ўқитувчилари, асосий ва ёрдамчи хизмат ходимлари, талабалар билан олиб борилган пинҳона ишлар университет раҳбарининг ғазабини қайнатарди. Мақсад – миллий тилни йўқотиш!Мақсад – миллий байрамларни йўқотиш!Мақсад – динни йўқотиш!.. Шунақаси ҳам бўладими. Ҳа, бўлар экан. Кураш партия аъзоларидан бошланди. Намозга бориш, ибодат қилиш нари турсин, отасини жанозасида иштирок этиш партиядан ўчиш учун асос қилиб белгиланди. Бир неча юз йиллар давомида ўтказиб келинган Наврўз байрамининг олдига темир панжара тортилди. Сумалак пишаётган дошқозонлар ағдарилди... Шундай оғир замонларда тармоқ раҳбари бўлишнинг ўзи бўлмасди, албатта.

– 1987 йил.Ректорман.Собиқ Ўзбекистон компартияси марказий комитети котиби Раъно Абдуллаева кечаси икки машинада қуролланган аскарлар, ўзининг “махсус одамлари” билан шовқин, тўполон кўтариб, важоҳат билан кириб келди, – дейди қаҳрамонимиз. – Албатта, унга проректорлар, таниқли профессор-ўқитувчилар билан пешвоз чиқдик. У биз билан саломлашиш, сўрашиш нари турсин, эшитишни ҳам истамасдан, университетни кўздан кечира бошлади. Таълим даргоҳимиздаги Шароф Рашидов ва бошқа раҳбарларнинг, таниқли давлат арбоблари ва адибларнинг деворий ва шунга ўхшаш ёдгорлик лавҳаларини чилпарчин қилиб, синдириб ташлатди. Бу даражада жоҳил инсонни кўрмагандим. Айниқса, аёл кишини бунақа важоҳати, билмадим, нимага ўхшарди, ҳали-ҳамон тополмайман. У Шароф Рашидовнинг бюсти ва унга оид кўплаб кўргазмали воситаларни майдалаб, “Красный двигатель” заводида эритиб, кейин тинчиди. Ўшанда бу ҳолатни ўзимга сингдиролмай, тобим қочиб, касалхонага тушиб қолгандим. Ана шундай оғир бир шароитда ишлаб юрган кезларимизда давлатимиз раҳбарининг ўзгариши билан ҳаётга қайтадан келгандек бўлдик...

Ислом Каримовнинг 1989 йил ўрталарида мамлакатимизга раҳбар бўлиши вазиятни тубдан ўзгартирди. Энг муҳими, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Одамларнинг диний ва дунёвий ишларига тенг шароитлар яратилди. Йўқотилган байрамлар, унутилган урф-одатлар тикланди. Маънавиятимиз, илм-фан ва маданиятимиз, маънавий меросларимиз халқимизга қайтарилди. Янгидан янги эзгу ниятларни амалга оширишига кенг йўл очилди. Шу имкониятлардан ўз вақтида ва оқилона фойдалана билган қаҳрамонимиз ташаббуси билан университет ҳаёти тубдан янгиланди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муносабати билан таълим даргоҳида тилни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. Университет қошида ўзбек тилини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Кадрлар тайёрлашнинг илмий-замонавий йўли танланди. Университетда қисқа вақт ичида мустақил мамлакат учун зарур бўлган янги кафедралар, лабораториялар, бўлимлар ташкил этилди. Кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.Давлат раҳбарининг топшириғи билан университет ректори 1990 йилда Америка Қўшма Штатларига, 1993 йилда Мисрга уюштирган сафарлари илғор хорижий тажрибани олий ўқув юртига тадбиқ қилиш учун муҳим аҳамият касб этди. Самарканд давлат университетининг хорижий мамлакатлар олий ўқув юртлари билан шартномавий алоқалари кенгайди.

– Бундан чорак аср муқаддам АҚШнинг Техас университетида бўлиб ўтган қадимшуносликка оид йирик илмий анжуманда мендан Улуғбек академиясининг баланд устунларини сақлаб қолиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўраб-суриштиришганди, – дейди тарих фанлари доктори Мавлон Жўрақулов. – Бугун шуни мамнуният билан айтишим лозимки, илму фан тараққиётига қўйилган қадим устунлар янги зебу нақшлар билан жило топган. Ўша анжумандаги маърузамдан сўнг Самарқандга ташриф буюрган Техас университетининг бир гуруҳ олимлари бу хулосага ўз кузатувлари асосида иқрор бўлишганди.

Профессор Мавлон Жўрақулов Мисрда ўзбекистонлик меҳмонларга қарата айтилган гапларни шундай эслайди: “Сиз кўҳна эҳромларга бу қадар ҳайрат билан боқманг, барча ҳайрат ва ҳаваслар ўз юртингизда, Ўзбекистонда. Биз уни ўз кўзимиз билан кўриш, ҳис этиш учун сафарга имкон туғилишини орзиқиб кутиб яшаймиз”.

Шундай самимий таърифлардан сўнг Самарқанднинг, Бухоро-ю Хиванинг, бутун Ўзбекистоннинг дуру жавоҳирларга тенглаштириб бўлмайдиган тарихи, маданиятини севмай, қадрламай, тадқиқ этмай бўладими?

Хорижга ташрифлар бесамар кетмади. Университетда диссертациялар ҳимоясига қаратилган турли йўналишлар бўйича Ихтисослашган илмий кенгашлар ташкил қилинди. Ўшанда домла Ватан тарихи йўналиши бўйича Ихтисослашган илмий кенгаш раислигига сайланди. Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 1992 йилга келиб университет илмий салоҳиятининг сезиларли даражада ўсиши кузатилди. Жумладан, фан докторлари ва профессорлар сони икки карра ошди.Илмий даражали ва илмий унвонли ўқитувчилар кўрсаткичининг 55 фоиздан 70 фоизга кўтарилиши маълум маънода ректорнинг оқилона сиёсати ва фидокорона меҳнатларининг самараси эди.

Мана шу жараёнда, домла мамлакат мустақиллигига эришиш остонасидаги ва ундан кейинги ислоҳотларнинг университетдаги фаол ижрочисига айланди. Бор куч-ғайрати билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, унинг порлоқ келажагини таъминлашга қодир кадрлар тайёрлашга ҳаракат қилди. Шу билан бирга илмий фаолиятини давом эттириб, 1992 йили “Зарафшон ҳавзаси тош асри маданияти” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади.

У нафақат ўзининг орзулари, ота-онасининг, айниқса,жуда катта ният ва ишонч билан неварасига Мавлон исмини танлаб қўйган, бир умр унинг устоз бўлишини орзиқиб кутган, умрининг охирги йилларида – 96 ёшида ҳам “фан доктори бўлдингми, болам?, деб сўраб турган,ўз халқининг тарихий илдизларини, унинг қадимий урф-одатлари, бой маънавий-маданий меросини ўрганишга қизиқтирган, яъни қалбида маърифат машъаласини ёққан табаррук,дуогўй бобоси Йўлдош бахшининг орзулари ушалди. Бу билан қадимшунос олим ўз олдига қўйган эзгу мақсадларининг яна бир чўққисини забт этган эди.

Тўғриси, Мавлон Жўрақуловнинг ҳаёт йўли мураккаблиги ва самарадорлиги билан эътиборга молик. Қийинчилик ортидан муваффақият, заҳмат ортидан фароғат, меҳнат ортидан роҳат... Бунинг сабаби нима? Унинг эришган ютуқлари ниманинг эвазига келди?Наҳотки, фақат меҳнат билан ҳамма мақсадларга эришиб бўлса? Омад ҳам керак эмасми? Бу саволларга жавоб топиш учун кўп китобларни варақлашимга тўғри келди.Шундан кейин, юқорида бир неча бор Устоз сўзига урғу бердим. Бу бежиз эмас эди. Маълум бўлишича, Мавлон исми: устоз, мурувват қилувчи, яхшилик қилувчи, деган маъноларни билдирар экан. Аждодларимиз исмнинг хосияти, ниятнинг софлиги тўғрисида мисоллар, ривоятлар орқали бизга кўп ўгитлар қолдирган. Йўлдош бахши ҳам неварасига исм танлаганида, уни яхши ниятлар билан устоз мақомига эга бўлсин, одамларга мурувват кўрсатсин, яхшилик қилсин, деб ният қилган бўлса ажаб эмас.

– 1993 йил ректорликни топширдим, – дейди профессор Мавлон Жўрақулов. – Ҳаётдан маълумки, раҳбарликни топшириш ҳамма вақт ҳам осон кечмайди. Аммо,мени айблашмади ҳам, қоралашмади ҳам. Аксинча, вазирнинг ўзи келиб,ютуқларимни кўрсатиб, миннатдорчилик билдириб,елкамга тўн ёпди. Ўшанда бир йўла,университет Оқсоқоллар кенгаши раиси лавозимига тайинлашди. Шундан буён Оқсоқоллар кенгаши раиси, 1967 йилдан буён эса Самарқанд давлат университети Археология экспедициясининг раҳбари сифатида университетдан узилган эмасман.Орадан кўп ўтмай, 1994 йилда фахрий профессор унвонини беришди. Шу-шу университет билан биргаман. Ҳозиргача уларга оғирим тушган эмас. Қўлимдан келган ишимни қиламан, маслаҳатимни бераман...

Тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Жўрақулов ўз раҳбарлик фаолиятини ўта камтарлик ва самимийлик билан, юқори касбий маҳорат ва жасорат билан бошқарди. Ўша ўзгарувчан даврнинг юқори мартабали раҳбарлари Раъно Абдуллаева кабиларнинг найрангларига учмади. Аксинча, олий таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини янада такомиллаштириш ва уни жаҳон талаблари даражасига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.Фаолияти давомида мамлакатимизга жуда кўп етук мутахассис кадрлар: тарихчилар, филолог-адабиётчилар, файласуфлар, биологлар, химиклар, физиклар, математиклар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, маънавиятчилар – минг-минглаб мутахассислар тайёрлаб беришга бош-қош бўлди.

Унинг раҳбарлиги остида университетдан мамлакат равнақи учун хизмат қиладиган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан фидойилари, олимлар ва бошқа етук раҳбарлар етишиб чиқди. Қаранг-га, оддийгина бир узоқ қишлоқдан қийин бир шароитларда Самарқандга келган йигитчанинг ҳаёт йўли нақадар намунали, унинг нафақат Самарқанд, Ватанимиз тараққиётидаги улуши нақадар юксак.

Халқимизда: “Бўладиган бола бошидан маълум”, деган мақол бор. Бу ҳикматнинг қай даражада ҳақиқатга яқинлиги узоқ қишлоқда, оғир шароитда туғилиб ўсган, бутун умрини таълим олиш ва таълим беришга бағишлаб келаётган Мавлон – бугунги Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Жўрақулов тимсолида намоён бўлди.

Замонамиз қаҳрамони нафақат яхши раҳбар, фаол бошқарувчи сифатида, яхши олим, мурувватли инсон сифатида ҳам эл-юрт ҳурматини қозонди. Унинг археология кабинетига кириб, мамлакатимизнинг узоқ ўтмишига, халқимизнинг қадимий ҳаёти ва маданиятига сайр қилганим ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Ҳа, иқтидорли олим айнан археология йўналишини танлаб адашмаган экан. Ўтмишни ўрганиш, ота-боболаримизнинг бой маданий меросини бугунги ва келгуси авлодларга етказиб бериш олижанобликдир.

– Унинг бевосита раҳбарлигида 1967-1971 йилларда қадимий Самарқанд – Афросиёбни ўрганиш бўйича ташкил қилинган лаборатория ва экспедиция томонидан олиб борилган изланишлар ўта самарали бўлиб, Ўрта Осиё археология фанининг ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди, – дейди тарих фанлари доктори, профессор И.Саидов. – Экспедиция IX-XI асрлар тарихи, фани ва маданиятига, қурилиш ва меъморчилик, шаҳаршунослик, коммуникация, ҳунармандчилик, кулолчиликка оид катта илмий аҳамиятга молик бўлган ашёвий далиллар тўплади. Ва бу лаборатория кейинчалик университетда археология кафедрасининг очилишига асос-замин яратди. У минтақада аспирантураси мавжуд бўлган, археолог мутахассислар тайёрловчи бирдан-бир илмий-педагогик марказ бўлиб қолди. Узоқ йиллардан буён домла раҳбарлик қилган ушбу кафедранинг кейинчалик Ўзбекистан Фанлар академиясининг Самарқандда фаолият бошлаган археология илмий-текшириш институти билан ҳамкорликда олиб борган ишлари унинг шуҳратига шуҳрат қўшди.

– Оҳалик ва Сазағон қишлоқлари атрофида жойлашган ибтидоий давр ёдгорликлари, эрамиздан аввалги3-4 мингйилликка тааллуқли бўлган уруғ-қабила бошлиқлари қўрғонларини тадқиқ қилиш, Зарафшон воҳаси тоғ бағирлари қадимги маданияти тарихини ўрганиш, Самарқанд шаҳрида палеолит даври маконини текшириш учун уюштирилган қатор экспедициялардаги Мавлон Жўрақуловнинг иштироки унинг қалбини бутунлай сеҳрлаган, археология деб аталмиш бу ғаройиб фан оламининг дарвозаси олдига олиб бориб қўйган эди, – дейди иқтидорли шогирдларидан бири – Н.Аванесова. – Тўпланган бой тажриба ва материаллар, унинг собиқ СССР Фанлар академиясининг Археология институтида, Ленинград давлат университетининг археология кафедрасида ўқиши олим ҳаётида улкан юксалишларга сабаб бўлди, десак ноўрин бўлмайди. Шу сабабли ҳам домла Сазағон, Зирабулоқ, Чашма, Олмабулоқ, Қоракамар, Самарқанд сингари қадимги манзилгоҳларда археологик изланишлар олиб бориб, қувончли натижаларга эришди.

Дарҳақиқат, ўн минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олаётган ва ҳар йили икки ярим минг нафар олий маълумотли мутахассис тайёрлаб чиқараётган университет нуфузи, обрў-эътибори айни шундай жонкуяр ва фидойи инсоннинг ўз касбига бўлган меҳру муҳаббатида намоён бўлади. Мавлон Жўрақуловнинг ўқув-педагогик ва бошқарув фаолияти билан ҳамоҳанг равишда илмий тадқиқот соҳасидаги изланишлари ҳам ғоят самаралидир.


У ўз меҳнат фаолиятининг барча босқичларида жамоатчилик, ташкилотчилик, раҳбарлик ишларини илмий изланиш ишлари билан боғлиқ ҳолда олиб борди. Қадимшунос олимнинг археология илми ва унинг аҳамиятига, бу йўналишдаги илм-фан ютуқларини ўрганиш ишларини такомиллаштиришга бағишлаб махсус курслар бўйича ёзган китоблари, методик қўлланмалари, курс дастурлари ҳам талайгина. У ўз фаолияти давомида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди, ўнлаб фан докторлари ва фан номзодларини тайёрлади. Унинг бевосита илмий раҳбарлигида кўплаб магистрлар археология мутахассислиги бўйича диссертация ишларини ёқлади.

– Мавлон Жўрақуловнинг кўп қиррали илмий фаолиятидаги йўналишлардан бирини тош асри маданиятини ўрганиш ташкил қилади, – дейди тарих фанлари доктори, профессор И.Саидов. – Тахминан 2,5 миллион йил аввал бошланиб, эрамиздан олдинги тўрт мингинчи йилларгача бўлган даврни ўз ичига оладиган ўтмишимизни тадқиқ қилиш изланувчидан тинимсиз меҳнат ва жасоратни талаб этиши ойдек равшан. Домла кафедра ва факультет қадимшуносларини бирлаштириб, уларнинг илмий салоҳиятини тарихимизнинг муҳим соҳаларидан бўлган мавзу – “Ўрта Осиё халқлари маданий мероси ва унинг жаҳон маданиятида тутган ўрни” ҳақидаги фаннинг долзарб масалаларини тадқиқ қилишга йўналтириб, унга раҳбарлик қилиб келди ва бу борада сезиларли муваффақиятларга эришди. Жумладан, олимнинг 1987 йилда “Фан” нашриётида чоп этилган “Самарқанд макони ва Ўрта Осиё палеолити муаммолари” монографияси ана шу давр маданияти тарихини ўрганиш якунлари сифатида юзага келди.

– Юрт тарихини, миллат маданиятини, унинг бунёдкорлик ишларини ҳеч қачон йўқотиб бўлмайди, – деб таъкидлайди устознинг ўзи. – Аёзли кунларнинг умри тугаб, тупроқдан қайта бош кўтарган майса, чечаклар сингари яна ўз қиёфасини намоён этаверади. Афросиёб тепаликларида йиллар давомида олиб борилган қазилма, тадқиқотлар давомида бу хулосага қайта-қайта ишонч ҳосил қилганман. Жонсиз қалъа, тупроқтепа деб қаралган Афросиёбда аҳамонийлар давригача ҳам шаҳарсозлик, шаҳар маданияти гуркираб ривожланган.

– Домланинг кўпгина илмий асарлари билан танишганман, уларнинг барчаси мавзунинг муҳимлиги, материалларнинг ноёб ва янгилиги, таҳлилнинг пухталиги билан эътиборга лойиқдир, – дейди бутун умрини педагогик фаолиятга, маънавият ва маърифатга бағишлаб келаётган, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят Кенгашининг раиси, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари соҳиби Ҳасан Нормуродов. – У ўз илмий тадқиқотларида ўзбек халқи жаҳоннинг энг бой, энг мазмундор тарихга ва маънавий меросга эга бўлган халқлардан бири эканини янги-янги далиллар, ноёб топилмалар, археологик қазилмалар воситасида ишонарли қилиб исботлаб берган. Масалан, домланинг “Ўрта Осиё ибтидоий археологияси”, “Энеолит ва бронза даврида Ўрта Осиё”, “Археологик тадқиқотларнинг услуби”, “Ўрта Осиё палеолити”, “Ўрта Осиё бронза даври историографияси”, “Ўрта Осиё антропологияси”, “Зарафшон воҳасининг ибтидоий ва қадимги аҳолиси маданияти”, “Зарафшон воҳаси археологияси ёдгорликларининг геологияси”, “Ўрта Осиё мезолити” сингари ўнлаб асарлари билан танишман. Бу илмий асарлар археология фанининг назарий асослари, ўзига хос хусусиятлари, унинг Ўзбекистондаги тараққиёт босқичлари ва ҳозирги ҳолати ҳақида чуқур билим ва зарур маълумотлар бериши шубҳасиз. Ўйлайманки, Самарқанд шаҳри ва унинг атрофидаги манзилларда олиб борилган тадқиқот ишлари бугунги навқирон авлод ва келажак авлодларимиз учун тарихий манба сифатида хизмат қилади. Домла ҳозир ҳам тиришқоқ, меҳнатсевар. Бугунги кунда ҳам нуронийларнинг орасида энг фаолларидан, жамоатчилик ишларида шахсий намуна кўрсатиб келмоқда. Эл-юрт ҳурматига сазовор инсон.

Бахтли тақдир ва заҳматли меҳнат туфайли оддий ассистентликдан Самарқанддаги улуғ дорилфунун ректори даражасига кўтарилган Мавлон Жўрақуловнинг илмий ташкилотчилиги, зукко раҳбарлиги, ёш олимларга ғамхўр устозлигини, беқиёс илмий кашфиётлари билан дорилфунун довруғини яна бир карра дунёга маълум қила олганлигини бугун унинг ўнлаб шогирдлари фахр билан эътироф этишмоқда.

– Устознинг босқичма-босқич, изчиллик билан олиб борган тадқиқотлари – қадимшунослик фанида кескин бурилиш ясади, – дейди тарих фанлари номзоди, доцент Н.Холматов.– Зарафшоннинг ўрта оқими, Қоратепа тоғ этакларидан ва Сазағон, Тепақул қишлоқларидан мезолит (эрамиздан аввалги XII-VI минг йилликлар) ва неолит (эрамиздан аввалги VI-IV минг йилликлар) даврларига оид 30 дан ортиқ ибтидоий уруғ жамоалари маконларининг кашф этилиши нафақат домламизга, балки Самарқанд археологларига ҳам катта обрў келтирди. 1991 йилда устоз билан ҳамкорликда ёзган “Зарафшон воҳасининг мезолит ва неолит даври, Сазағон маданияти” номли монографиямиз ана шу тадқиқотлар натижасидир.

Хуллас, қадимшунос ватандошимизнинг илмий асарларида Ўрта Осиё халқларининг эрамиздан олдинги мингинчи йилларда бўлган ҳаёти, моддий ва маънавий турмуши, хусусан, тош асри маданияти кўплаб ноёб археологик топилмалар ва далиллар асосида аниқ ёритилган. Халқимизнинг энг қадимий тарихи, маданияти, турмуш тарзи, қурилиш ва меъморчилик, коммуникация ва шаҳаршунослик, ҳунармандчилик ва кулолчиликка оид кўпдан-кўп ашёвий далиллар таҳлил қилиниб, муҳим илмий хулосалар чикарилган. Ва албатта, бундай салмоқли натижалар ҳеч бир инкорсиз мамлакатимизда илм-фан ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган.

Суҳбатларда айрим одамларнинг ўз муваффақиятларидан, эришган ютуқларидан ғурурланиб, оёғи ердан узилганлигини эшитамиз. Мақоламиз қаҳрамони Мавлон Жўрақулов ундай одамлар сирасидан бўлмади. У – археология фанининг йирик арбоблари – А.П.Окладников, П.И.Борисовский, В.М.Массон, М.П.Грязнов, Я.Ғуломов, Д.Н.Лев, В.А.Шишкин, А.Аскаров, У.Исломов, М.Қосимов, М.У.Аминов, М.М.Абрамов, Х.Аминов, С.Р.Рустамов каби устозларининг сабоғу суҳбатларини, меҳнатларини ҳеч қачон унутган эмас. Ҳар бир устозини меҳр-муҳаббат билан эслайди. Уларнинг, айниқса, хорижлик устозларининг оддий ўзбек боласига бўлган ғамхўрлигини, эътиборини, ҳурматини қадрлайди. Айни вақтда, кўп минг сонли шогирдлари билан, айниқса унинг изидан борган 3 нафар фан доктори, 6 нафар фан номзоди – археолог-олимлар, 57 нафар магистр-изланувчилар билан фахрланади. Ҳали ҳамон университет жамоаси билан бирга. Унинг 1000 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари, 8 та монографияси (шундан 3 та чет давлатда), 5 та дарслик, 24 та ўқув-услубий қўлланмалари мамлакатимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан ўрганилмоқда.

Бугунги кунда саксон саккиз баҳорни қаршилаган ва ҳали ҳам ўз ўрнини жамоатчилик даврасида билган Мавлон Жўрақулов фидокорона меҳнатлари, одилона раҳбарлиги, илмий ютуқлари билан халқимизнинг юрагидан чуқур жой олган табаррук инсон. У кишининг кўп йиллик самарали меҳнати қадрланиб, кўплаб давлат мукофотларига лозим кўрилди. Бир инсоннинг икки йўналиш бўйича “Хизмат кўрсатган” деган унвонга мушарраф бўлиши камдан-кам воқеа. У 1982 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, 2002 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” деган юксак унвонларга сазовор бўлди. Шунингдек, йигирмага яқин орден-медаллар соҳиби. Давлатимиз унинг болаликдаги уруш орти меҳнатларини ҳам унутган эмас. “Улуғ Ватан уруши йилларида шавкатли меҳнати учун” медали билан ҳам мукофотланган.

Албатта, қаҳрамонимизнинг ўзи кўрмаган, билмаган, танимаган қизга уйлангани ҳам, ўзининг тўйида иштирок этолмагани, узоқ шаҳарларга ўқишга кетиб,гуллаган ёшлик даврини турмуш ўртоғидан узоқда ўтказгани ҳам, яшаш учун бир дуруст шароит бўлмай узоқ йиллар ижарама-ижара юргани ҳам бор ҳақиқат. Унинг турмуш ўртоғи Шафоат ая “тўйимга келмагандингиз” деб аразламади, аксинча бор меҳри-муҳаббати билан ёрини севди, ҳаётда дуч келган барча қийинчиликларни садоқат билан, вафодорлик билан енгди.

– Турмуш ўртоғим кечиримли, донишманд, фариштали аёл эди, – деб эслайди қаҳрамонимиз. – Биз сен-менга бормасдан, гап талашмасдан иззат-ҳурматда, иноқликда 55 йил бирга яшадик. Талабалик йиллари оиламизда қийинчиликлар кўп бўлган бўлса-да, турмуш ўртоғим бирон марта ҳам юзимга солмади. Раҳматли оилам чевар аёл эди. Мен пул етказиб беролмаган пайтларим Украин миллатининг каштачилик санъатидан турли каштали кўйлаклар тикиб, уларни сотиб, харажатларимизни қоплар эди.

Бу гаплардан кейин, қават-қават уй-жой қуриб, қимматбаҳо автомобиллар билан ҳовлиларини тўлдириб ён-верига кўз-кўз қиладиган, ҳашамдорлик ортидан қувиб, мол-дунёга ҳирс қўйиб кибрга берилган атрофимиздаги баъзи амалдорлар кўз олдимизда гавдаланади. Аслида, “от устида” пайтимизда оддий соат ҳам, олтин соат ҳам вақтни бир хилда кўрсатишини, юз миллион сўмлик автомобиль ҳам беш юз миллион сўмлик автомобиль ҳам манзилга бир вақтда етиб боришини, уй-жой ҳар қанча ҳашаматли бўлмасин, оддий ва шинам уй бажарган вазифани бажаришини унутиб қўямиз. Лекин домла,бундай одамларга ўхшамади. Зебу зийнатсиз, оддий ва камтарона яшаб фарзандларига, шогирдларига, қолаверса, атрофдагиларга ибрат бўлди.

Дарҳақиқат, домланинг Самарқанд шаҳрида, академик А.Отахўжаев кўчасида жойлашган уч сотихлик ҳовлисида ортиқча дабдабани сезмайсиз. Юқори лавозимларда ишлаб, фақат илмдан обрў излаган устоз бу манзилда фарзанд-у неваралари қуршовида қаноат билан умргузаронлик қилади.Ҳовлининг пастаккина дарвозаси ҳар доим очиқ. Мўъжазгина ҳовлисига шогирдлар тез-тез ташриф буюриб,зарур маслаҳат, мадад олишади. Устоздан зебу зийнатсиз, ҳашамларсиз, оддийгина яшаш сирларини ўрганишади.

– Бундай яшашнинг сири қаноатли бўлишда, – дейди устоз шукроналик билан. – Бойлик орттирмадим, ҳашамга қизиқмадим. Вақтимни илм ўрганишга бағишладим. Тупроқ қаъридан зиё изладим. Фарзандларим, невара-эвараларимни ҳам ўзимга мос тарбияладим, деб ўйлайман. – Қизим Дилфуза Жўрақулова илм йўлини танлади, ҳозирда у дорилфунунда олима, тарих факультети декани. Неварам Шоҳрух Жўрақулов университетда таянч докторант, Навоий стипендияси соҳиби. Айни вақтда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати...

Профессор Мавлон Жўрақуловни Европада ҳам, океанорти мамлакатларида ҳам, қадимий эҳромлар юрти Мисрда ҳам Улуғбек Академиясининг муносиб давомчиси сифатида билишади. Самарқандлик камтарин ўзбек олими, таниқли археолог, этнограф, миллат тарихининг зукко тадқиқотчиси ҳисобланган юртдошимиз эса ўз шахсига билдирилган иззат-икромдан кўра Улуғбек академиясининг илмий кашфиётлари асрлар оша барҳаётлигидан ва дунё миқёсида тан олинаётганидан қалби фахр-ифтихорга тўлиб сўзлайди. Самарқанд давлат университети Улуғбек академиясининг том маънодаги вориси сифатида илму фан тараққиётига салмоқли улуш қўшиб келаётганини, заковатли аждодлар мероси инсонга, энг аввало, ўзликни ва дунёни англашга хизмат қилаётганини бот-бот таъкидлайди.
Тезоқар, асов дарёларни жиловлаб инсон қудратига бўйсундириш мумкиндир. Лекин вақтни бўйсундириб ёки ортга қайтариб бўлмайди. Вақт – ойлар, йиллар, асрлар шамолдай тез ўтаверади. Ўтган ҳар кун биз учун тарих. Бу тарих бизга ҳар доим қандай яшаш, киндик қони тўкилган юртни қай даражада қадрлаш, аждодлар меросини улуғлаш орқали бахтга мушарраф бўлиш шартларини эслатиб туради.

Камтарлик, қаноат, сабр ва чидам мактабини яратган, Ер қаъридан ўзбек давлатчилигининг ноёб ва нодир бойликларини қидириб топиб, илм-фан оламини зебу зийнатга тўлдирган меҳнаткаш-заҳматкаш, фидойи олим, меҳрибон устоз, табаррук инсон Мавлон Жўрақуловнинг айтган ҳар бир сўзи зиё, босган ҳар бир изи нурдир. Бу зиё, бу нур офтоб тафтидек иссиқ, илму маърифат чироғидек ёрқин бўлиб, устоз яратган мактаб кошонасини абадий ёритиб туражак.

ЎзА
3 113