ЎзА Ўзбек

12.08.2019 17:17 Чоп этиш версияси

Энг улуғ, энг азиз айёмга тайёргарлик

Энг улуғ, энг азиз айёмга тайёргарлик

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Президентимизнинг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Маданият вазирлиги томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказиладиган, бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари кенг қамровда олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлаш, уларнинг янада завқли, қизиқарли бўлишини таъминлаш мақсадида оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар тайёргарлик жараёнига кенг жалб қилинмоқда.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий тадбирларга тайёргарлик жараёни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида олиб борилмоқда.

– Халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини катта тайёргарлик билан кутиб олиш, бу қутлуғ санани унинг моҳияти ва аҳамиятига, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу орзу-интилишларига муносиб тарзда нишонлаш учун барча имкониятларимиздан фойдаланамиз, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ва тизимдаги бошқа ташкилотлар билан биргаликда истиқлол айёми тантаналарини муносиб нишонлаш мақсадида театр ва рақс жамоалари, таниқли ва ёш хонандалар, мусиқий ансамбллар иштирокида байрам дастури учун катта тайёргарлик ишлари шу кунларда қизғин паллага кирган. Айниқса, бу йилги байрам тантаналари дастури учун кўплаб ёш истеъдодли хонандалар жалб қилиняпти ва уларнинг жонли ижрода қўшиқ куйлашларига катта эътибор қаратиляпти.

Н.УСМОНОВА, ЎзА
2 782