ЎзА Ўзбек

26.03.2019 Чоп этиш версияси

Энди театрлар томошабинни ушлаб қолиш чораларини кўриши керакми?

Энди театрлар томошабинни ушлаб қолиш чораларини кўриши керакми?
ЎзА ижтимоий тармоқларда

Мамлакатимизда 21 март кун бошланган “Театр томошалари ҳафталиги” ва ҳафталик доирасида қилинаётган ишлар ҳақида сайтимизда қатор материаллар берилди. 

Эътиборлиси, бу лойиҳа жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинди, ижтимоий тармоқларда илиқ фикрлар билдирилди, уни тез-тез ўтказиб туриш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Ҳафталикнинг биринчи куни ЎзА сайтида “Фатхулла Маъсудов: Томошабинлар 540 ўринли театр биносига сиғмаяпти” сарлавҳали материал эълон қилинди.

Бу материал ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинди, фикр билдириш, “ёқди” белгисини қўйиш жараёни ҳамон тўхтаган йўқ. Тармоқ фойдаланувчилари ҳафталик доирасида театрларда саҳна асарлари бепул намойиш этилаётгани, либослар ва декорациялар кўргазмаси, ижодкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтаётганидан мамнунлигини айтишмоқда.

Жамоатчилик томонидан яхши қабул қилинган лойиҳа 

photo5245004690712799845.jpg

Қуйида оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири – "Фейсбук"даги баъзи фойдаланувчиларнинг Хуршид Қодиров мақоласига қолдирган изоҳларини айнан келтирамиз. 

Муножатхон Садриддиновна “Жуда зўр иш бўлибди. Лекин текинмас кунларда ҳам шунақа бўлса, унданам зўр бўлар эди” деб изоҳ қолдирган. Бунга жавобан Феруза Юсупова “Чипталар текин бўлмаганда ҳам шу ҳолат қолади, деб умид қиламиз” деб ёзади. Инобат Ойдин Нормуродова номи билан рўйхатдан ўтган фойдаланувчи “Томошабин театрга қайтди. Чиройли қайтди. Қойил, ташаббускорларга. Энди томошабинни ушлаб қолиш театр жамоасига боғлик. Вақти келиб шундоғам зал тўлиб кетади. Нархи ҳам қизиқтирмай қўяди”, дейди. Унинг фикридан бу хабардан мамнунликни сезишдан ташқари, келгусида бу йўналишда янада кўп меҳнат қилиниши лозимлигини тушуниш қийин эмас.

Муносабат билдирувчилар орасида Муқимий театри ҳам ташриф буюрувчилар билан гавжум эканини, томоша залларига сиғмай қолаётганлар кўплигини айтаётганлар бор. Шунингдек, яхши спектакллар, олис қишлоқларга гастролларни кўпайтириш, чипта нархини бироз арзонлаштириш зарурлигини таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Театр билан томошабин ўртасидаги алоқа

“Театр томошалари ҳафталиги” ҳудудларда ҳам пойтахтдагидек кўтаринки руҳда давом этяптими? Шу саволга жавоб олиш мақсадида жойлардаги мухбирларимиз ҳамда мутасаддилар билан боғландик. 

–Театримиз 700 ўринга мўлжалланган, – дейди Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри директори М.Қорақулова. – Ҳафталикнинг дастлабки кунида томошабинлар сони камроқ бўлган эди. Бошқа кунлари театримиз санъат ихлосмандлари билан тўлмоқда. Вилоятнинг барча ҳудудларидан келаётган томошабинларни кўриб, суюниб кетяпмиз. Бу, албатта, бизга янада масъулият билан ишлаш талабини қўяди.

14.jpg

Ҳафталик аввалида театрлар ҳовлиси томошалар ташкил этилгани, тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини берди. Натижада бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги театрларда ҳам гавжумликни кўриш мумкин.

–Театр фаолиятига энг тўғри ва холис баҳони томошабин беради, – дейди Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилояти мусиқали драма театри директори Н.Алимова. – Бунинг учун театр томошабинга тўлиши керак. Бироқ кейинги йилларда бу борада жиддий муаммолар бўлди. Ҳафталик бошланишида намойиш этилган Эркин Хушвақтов қаламига мансуб “Кўнгил гулдек нозик” комедиясида 550 ўринли театр залига 300 дан зиёд томошабин келгани биз учун катта муваффақият бўлди. Иккинчи куни томошабинлар сони 400 нафарга етди. Учинчи куни эса, зал тўлди. Бугун залда ўринлар етишмай қолди, кира олмай қолган томошабинлардан узр сўрадик. Демак, биз томошабинларни қанча соғинган бўлсак, улар ҳам театрни шунча соғинишибди. Театр билан томошабин ўртасида алоқа ўрнатилганидан хурсандмиз.

Камчиликлар муҳокамаларда бартараф этилади

Театрнинг одамлар билан бу тарзда тўлишини кириш бепул экани билан ҳам баҳолаш мумкин. Лекин масалага бошқа томондан қараш жоиз. Томошабинларда бу санъатга, бу даргоҳни, унда меҳнат қилаётган инсонларни кўришга иштиёқ бўлмаганида улар қимматли вақтини сарфлаб театрга кирмаган бўлар эди.

Тўғри, бу каби намойишлар жараёнида томошабин кўплигидан баъзи ноқулайликлар ҳам туғилмоқда. Кимгадир жой етмаса, кимдир ёш боласи билан келиб, бошқаларга халал беради. Яна кимдир томошанинг ярмида бошқаларни безовта қилиб, залдан чиқиб кетади...

Асосийси, бугун одамлар театрга қизиқиш билдирмоқда. Бу амалда исботини топмоқда. Ҳафталик, қайсидир маънода томошабин ва театр ўртасида деярли узилиб қолган риштани мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Кейинчалик ҳам мана шундай лойиҳалар амалга оширилса, томошабинлар учун қулайлик яратиш чоралари кўрилади, албатта. Хато ва камчиликлар эса, муҳокамаларда бартараф этилади.

23 362
Икром Аввалбоев, ЎзА