ЎзА Ўзбек

10.03.2020 Чоп этиш версияси

Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга...

Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга...

Шамсим сизга боқиб кўзим адашди,

Кўзим не, асарим сўзим адашди.

Йўллар райҳон эди,

Хушвақт кетардим,

Пойингизни қучиб тўзим адашди...

Бир шуъла изладим йиллар оралаб,

Тунларнинг кўксига ёғдулар қалаб,

Ногоҳ порлаганда иқболим шаъми,

Бошимни кўтардим мен сиддиқталаб.

Шамсим сиз дўст бўлинг, дурдонам бўлинг,

Кадар фалагида бир донам бўлинг,

Менам бир кун кўриб,

яшилланайин,

Кўкламим, саврим, пирхонам бўлинг!

Либос орзусида сизга талпиндим,

Фасллар алмашди, хасдек ўкиндим.

Фақат хаёлимда сизники бўлдим,

Фақат хаёлимда сиз билан тиндим.

Шамсим сизга боқсам кўзим адашди.

Пойингизни қучиб тўзим адашди,

Соҳилсиз денгиздек унсиз ўтиндим,

Ўзимдан саросар, “ўзим”адашди...

***

Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга,

Мағрибдан машриққа елавераман...

Парвона боргандек, мунис ўлимга,

Бегим нега сизга келавераман...

Ҳолим паришондур, ихтиёрим йўқ,

Кўксимда шамоллар бир зум тинмайди...

Сиёҳ қуриганми, инмасми найсон

Наҳот бу ёзуқда гиёҳ унмайди...

Нега бу ишора, нечук имтиёз,

Карбало даштида бу нечук айём.

Бегим юрагимга тўлмоқда қасос,

Ўлсам, устингиздан қилурман даъво.

Мени улфат қилди, Ҳазрати Ҳайём

Беҳудуд жилвалар қилур ёдингиз,

Осмоним ер бўлди, бардошим тўзди.

Қуриди кўзларим -оловлиденгиз.

Оламга ўт кетса мендан ранжиманг,

Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга..

Бегим дорингизга ўрлайвераман,

Парвона боргандек, мунис ўлимга...

***

Бўронларда соврилган вақт-Мен.

Ёки вақтга беҳуда бўрон...

Овозингни кутган бекат-Мен,

Кўксим узра,

тинмади сурон...

Кезиб юрдим карбало дашти,

Мендек ҳурни кўрмади Ё раб!

Мени излаб минг йил адашдинг,

Ва кетдингми ортинга қараб...

Ахир бенур кўкармас дарахт,

Зулмат ичра узун бедорлик.

Беҳудамас бу қайғу, бу бахт,

Ахир бундай бўлмас чин ёрлик...

Қара, йўллар исмингни айтиб,

Кўк тоқига кетар туташиб...

Бенавомас ҳар айтган байтим,

Беҳуд эмас ёнганим шошиб...

Озода БЕКМУРОДОВА

7 028
ЎзА