ЎзА Ўзбек

10.10.2018 18:56 Чоп этиш версияси

Дунёнинг ишлари

Дунёнинг ишлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудига бағишлаб ўтказилган фотокўргазма ва хотира кечаси ана шундай номланди.

Маданият ва санъат кўргазмаси ҳамкорлигида Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз борди. Унинг миллий адабиётимиз ва маънавиятимизга қўшган бой адабий мероси эътироф этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо мамлакатимизда халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, Президентимизнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтаришда улкан ислоҳотларни бошлаб берганини таъкидлади.

– Ижод аҳли учун яратилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш, Ўткир Ҳошимовдек истеъдод ва салоҳиятини Ватан равнақи йўлида сафарбар этиш ҳар бир ижодкорнинг бурчидир, – дейди адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров. – Ёзувчи бир суҳбатида: “Менинг эътиқод даражасига айланган шиорим бор. Худо кўнглига солмагунча, ёзувчи қўлига қалам олмайди. Истеъдоднинг биринчи талаби ҳам шу бўлса эҳтимол. Ижод шунчаки, қоғоз қоралаш эмас. Акс ҳолда саводи бор ҳар қандай одам адиб ёки шоир бўлиб кетаверарди. Чинакам бадиий асар ёзилмайди, катта ҳаяжон, ички эҳтиёж билан туғилади“, деган эди. У ўзининг ана шундай эътиқодига содиқ ижод қилди. Халқимизнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган етук асарлар яратиб, улар қалбидан чуқур жой олди.

Ўткир Ҳошимов 1941 йили Тошкент вилоятининг Зангиота (ҳозирда пойтахтимизнинг Чилонзор тумани) туманидаги Дўмбиробод мавзесида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида ўқиш билан бирга, республика газеталарида хат ташувчи, мусаҳҳиҳ, таржимон, адабий ходим, бўлим мудири лавозимларида самарали ишлади. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари сифатида ноширлик соҳасида ҳам жонбозлик кўрсатди. 1985-1995 йилларда “Шарқ юлдузи“ журналига бош муҳаррирлик қилди. 1995 йилдан 2005 йилгача Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлди. “Театр“ журнали бош муҳаррири сифатида маънавиятимиз юксалишига муносиб ҳисса қўшди.

Ёзувчининг “Пўлат чавандоз“, “Гунафша“, “Одамлар нима деркин...“, “Бир томчи шудринг“, “Баҳор қайтмайди“, “Қалбингга қулоқ сол“, “Узун кечалар“, “Нимадир бўлди“, “Ер фарзандимиз“, “Нур борки, соя бор“, “Қуёш тарозиси“, “Дунёнинг ишлари“, “Ялпиз сомса“, “Оқ камалак“, “Сирли юлдуз“, “Икки эшик ораси“, “Хазина“, “Изтироб“, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар“ сингари китоблари нашр қилинган. Кўплаб жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилимизга таржима қилган. “Хазон бўлган баҳор“, “Тўйлар муборак“, “Баланд дорга осилма“, “Қатағон“ каби саҳна асарлари яратилган.

Тадбирда адабиётшуносларнинг таъкидлашича, ижодкорнинг “Муҳаббат“, “Деҳқоннинг бир куни“, “Урушнинг сўнгги қурбони“, “Ўзбек иши“ каби новеллалари ўзбек ҳикоячилигида муҳим ҳодиса бўлди. “Икки эшик ораси“, “Тушда кечган умрлар“ романларида замондош – асрдош одамлар тақдири, йигирманчи асрнинг энг кескин фожиавий ҳодисалари – Иккинчи жаҳон уруши ҳамда мустабид тузумнинг жинояткорона сиёсати акс эттирилган.

Ўткир Ҳошимовнинг “Хазон бўлган баҳор“, “Инсон садоқати“, “Виждон дориси“ сингари бир қанча асарлари экранлаштирилган. Унинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар“ китоби ижтимоий-маънавий ҳаётимизда муайян из қолдиргани маълум. Ёзувчи асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

Адиб 2013 йил 24 май куни 72 ёшида вафот этди.

Ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, истеъдодли ёшлар ҳамда адибнинг оила-аъзолари иштирок этган тадбирда ижодкор шаънига илиқ фикрлар билдирилди.

Ўткир Ҳошимов китоблари ҳамда ҳаёти ва ижодига бағишланган фотокўргазма тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.



Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 478