ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Дунёни ўзгартирган учлик ёхуд баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош беролмаётганларга...

Дунёни ўзгартирган учлик ёхуд баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош беролмаётганларга...

Баъзида ишимиз юришмай, омадимиз келмай қолса, умидсизликка тушиб, тарки дунё қиламиз. Олам кўзимизга қоронғи кўриниб, ўзимизни бахтсиз санаймиз. Барча эзгу мақсад ва орзулардан қўлимизни ювиб, қўлтиғимизга тиқамиз. Иродасизлигимиз сабаб, бундай салбий ҳолат билан курашишни ўзимизга эп кўрмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ўз ечими борлиги ва у қўлимизда эканлигини унутиб қўямиз.

Мақоламизни бежизга бу фикрлар билан бошламадик. Юртимизда ҳукм суриб турган карантин қоидалари кимгадир моддий зарар етказаётган бўлса, яна кимларгадир ўз устида ишлаши ва салоҳиятини намоён этиши учун чексиз имкониятлар инъом этмоқда. Ўзим ҳам онлайн тарзда уйда фаолият олиб бориб, бўш вақтим бўлди дегунча, уни китоб ўқишга сарфладим. Охирги марта Ҳусан Иброҳимовнинг «Соҳибқиронни англаш» номли йирик асарини ўқиб чиқдим. Ушбу асарда келтирилган айрим таъсирли маълумотларни сизга улашгим келди. Бу воқеалар кимнингдир ҳаётини ижобий томонга ўзгариб кетишига туртки бўлса, ажаб эмас.

Буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур Сейистон водийсида бўлган жангда ўнг қўлидан ва ўнг оёғидан ўқ еб, жиддий яраланади. Шундай бўлса-да у ғанимлар устидан ғалаба қозонади. Бироқ, саркарда у ерда қолишни истамайди.

– Бу мамлакатнинг об-ҳавоси менинг мижозимга тўғри келмагани учун у ердан чиқиб, Гармсир*га бордим, - дея ўзи маълумот келтиради «Темур тузуклари» асарида.

Олган жароҳати жиддийлиги сабаб, саркарда Гармсирдаги бир қишлоқда 2 ой қолиб даволанишни ихтиёр этади. Бир куни Темур девор соясида туриб, чуқур ўйга толиб, узоқ йўлнинг ибтидосидаёқ қўл ва оёғимдан жудо бўлдим, аммо кўзлаган муродларимнинг бирортаси ҳам ҳосил бўлмади, шу кундан бошлаб қаноат ва фақирлик гўшасига чекиниб, ўзимни қирғин ва олишувлардан холос этганим яхши, деб хаёлга толади. Шу пайт бир заиф чумоли девор тепасига тирмашиб чиқа бошлайди. У бир неча бор уринса-да, йўлнинг ўртасида йиқилиб тушар ва яна қайта тирмаша бошларди. Ниҳоят у тепага чиқади. Соҳибқирон бу заиф чумолининг аҳволи ўз ҳолатига жуда ўхшашлигини мушоҳада қилади ва дилида улкан саодатга умид уйғонади. Амир Темурнинг жиддий шикаст топганлиги туфайли ҳаётга бўлган ишончи сусайиб турган бир паллада бир оёғи жароҳатланган чумолининг мақсад сари интилиши унда умид ва ишонч туйғусини қайтаргандай бўлади.

Бу орада ушбу нохуш хабарни эшитган маънавий пири Зайниддин Таёбодий унинг ёнига келиб, ҳолидан хабар олади. Ўксиган кўнглини ўзининг донишмандликка йўғрилган сўзлари билан мавжлантириб юборади.

Пири Амир Темурга қараб, шу сўзларни айтади: “Бу Тангрининг сўнгги синовларидан биридир. Гарчи, бугундан эътиборан ўнг қўлингиз ва ўнг оёғингизнинг табиий имкониятлари бироз чекланади. Лекин бундан азият чекманг, бой берилган имконият эвазига сизга янги бир фазилат ато этилур. Бошқача айтганда, айни шу нуқсонингиз фазилатга айланур. Шу кундан эътиборан, тақдирингизга жаҳонгирлик қисмати битилмиш. Сизга оламни билак кучи билан эмас, балки ақл кучи билан олиш муяссар бўлғуси. Бу шундан далолат... Аллоҳ жисмоний куч-қувватингизни бироз чекламоқ эвазига маънавий қудратингизни ўн чандон оширмиш.

Сизнинг доно сиёсатингиз ила Курраи замин жаҳолат ботқоғидан чиқиб, башарият тамаддуни маърифат дунёсига бир неча қадам илгари босмиш. Илло, сиз бунёд этажак қудратли салтанат башарият учун ибрат, андоза, намуна тарзида эътироф этилиб, боқий умр кўргусидир.

Тангри таоло назари тушган бандасига давлат ва саодат беришдан аввал, уни бало ва машаққатлар гирдобида сақлаб, ранж ва ташвиш ила парвариш қилмиш. Юсуф алайҳиссаллом қудуқ ичра туширилиб, ранж ва машаққат чекмагунларича давлат ва шаҳриёрликка етишмади. Муҳаммад алайҳиссалом ғурбат машаққати ва ҳижрат заҳматларини чекмагунларича фатҳга мушарраф бўлмади. Зеро, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлур. Тун ортидан тонг, кеча кетидан кундуз келадур. Ранж, алам, машаққат тортмасдан роҳат, фароғатга етишиб бўлмас...”

Бу панд-насиҳатлардан сўнг Амир Темур куч-қувват олиб, вужудида кечаётган изтироб ва жисмидаги оғриқлардан халос бўлади. Шу онда унинг вужудида чексиз қудрат пайдо бўлиб, тафаккури тиниқлашиб, улуғ мақсадлари жуда яқинлашгандай туюлади. Энди унга мумкин бўлмаган нарсалар бирдан мумкин бўлиб қолгандек эди. Кўнгли сурур ҳиссидан мавжланган Темурбек беихтиёр оғриқ ва хижолат ҳиссини унутиб, олдида турган улуғвор ишларга бутун вужуди билан киришиб кетади.

Пири унга қишда совуқ ўтказмайдиган, пайкондан ҳимоя қиладиган нортуянинг жунидан тўқилган чакмон, ўзидан табиий қувват таратиб, шикаст топган томирлари ва танасига куч-қувват бағишловчи белбоғ ҳамда жаҳонгирлик фаолиятида дастуруламал бўладиган китоб туҳфа этиб, оқ фотиҳа беради.

Бу воқеалардан сўнг нималар бўлганини, Амир Темур улкан салтанат барпо этиб, тарихда ўчмас из қолдирганини ҳамда бутун дунё аҳли унга юксак эҳтиром кўрсатганини барчамиз яхши биламиз.

Соҳибқироннинг ҳаётида содир бўлган юқоридаги биргина ҳолат туфайли у ўзини қайта ўнглаб, олдига қўйган буюк мақсадларига бирин-кетин эришди. Бунинг учун унга пирининг кўрсатмаси-ю маслаҳатлари ҳамда нимжонгина чумолининг ибрати туртки бўлди.

Бугунги кунда пандемия шароитида айрим юртдошларимизнинг баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош беролмай, ўз жонига қасд қилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу ҳолатни кузата туриб, бизга Темур бобомизнинг метиндек иродаси ва унинг пири каби маслаҳатгўй устозлар етишмаётгандек туюлади. Ибрат бўладиган чумоли зарур дея олмайман, чунки чумолилар юртимизда бисёр. Нима бўлганда ҳам, биз кимнинг авлодлари эканлигимизни, уларга муносиб ворис бўлиб ҳаёт кечиришимизни, бугунги шукрона кунларга сабр-қаноат эвазига етишганимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

*Форсчадан «Иссиқ ўлка» маъносини англатувчи вилоят.

Ваҳобжон ЎРАЗМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати масъул ходими

9 082
ЎзА