ЎзА Ўзбек

25.03.2019 Чоп этиш версияси

Достончилик – боқий санъат

Достончилик – боқий санъат
Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта бахшичилик санъати фестивали ташкил этилади. Мазкур фестивалнинг биринчисини жорий йил 5-10 апрель кунлари ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, академик Тўра Мирзаевўзбек халқ бахшичилик (достончилик) санъати ҳамда мазкур фестивалнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

– Маълумки, бахшичилик ўзбек фольклорининг юксак профессионал санъат тури ҳисобланади. Достончилик санъати, ундаги ижрочи ва ижодчиларнинг репертуари, ижро усуллари ва барқарор бадиий анъаналари кўплаб авлодлар ва ижодкорлар иштироки, ижодий меҳнати билан жонли оғзаки ижро шароитида юзага келди, шаклланди, ривожланди. Ўзига хос қиёфага эга бўлиб, шоир-бахшилар, жиров-жирчилар, қиссахону халфаларнинг бетакрор амалиёти орқали бизгача етиб келди. Достончилик анъаналаридаги бундай давомийлик ва унинг ижодий табиати фақат муайян даврларда яшаган алоҳида бир бахши-шоир ижоди ва репертуари унинг ўсиб-улғайиши билан бирга, йилдан-йилга шаклланиб ва бойиб боришини таъминлабгина қолмай, балки умуман, халқимиз достончилиги эпик репертуарининг замонлараро барқарорлиги, асрлараро кенгайиб, мукаммаллашиб, бойиб боришига ҳам имконият яратган. Қачонлардир яратилган халқ достонларини бир ижоддош сифатида ўзининг ҳайратомуз ҳофизасида сақлаб қолиб, бизгача олиб келган, баъзан ўзи ҳам қадимий ва барқарор эпик анъаналар асосида янги-янги асарлар ижод эта билган бахшилар халқимизнинг жуда катта ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган.

Халқ бахшилари юртимизнинг барча ҳудудларидан етишиб чиққан. Кейинги авлод бахшилари берган оғзаки маълумотларга қараганда, ХIХ аср ва ХХ аср бошлари достончиликнинг энг гуллаган, ижро усуллари ғоятда такомилига етган даври ҳисобланади. Бу даврда бахшилар репертуарида 200 га яқин халқ достони бўлиб, уларни машҳур сўз санъати усталари куйлаб келган. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ислом шоир, Саидмурод Паноҳ ўғли, Абдулла шоир, Умир шоир, Бола бахши, Нурмон Абдувой ўғли, Холёр Абдукарим ўғли, Қодир бахши, Ҳайдар Бойчаев, Раззоқ Қозоқ ўғли, Зоҳир Қўчқор ўғли каби етакчи санъаткорлар ўзига замондош бошқа бахшилар билан бирга бу эпик анъанани қабул қилиб олиб, уни янада ривожлантирди, баркамол ва гўзал ҳолатда бизгача олиб келди. Улар даврнинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларини тасвирловчи 20 дан ортиқ янги достон яратган. Фольклор заминида мустаҳкам турган бу санъаткорлар янги-янги форма ва имкониятлар излаб топиб, анъанавий усул ва тасвирий воситаларни янги тематика ва ғояларга бўйсундирган.

Достончилик анъаналари бугунги кунда ҳам айрим ўзгаришлар билан изчил давом этмоқда. Ака-ука Қора ва Чори Умировлар, Хушбоқ Мардонақулов, Қаҳҳор Раҳимов, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Қаландар Норматов, Норбек Абдуллаев каби бахшилар ва уларнинг кўплаб шогирдларининг ижодкорлик ва ижрочилик фаолияти туфайли бахшичилик анъаналари XX асрдан XXI асрга олиб ўтилди, терма ижодкорлиги ривожланди. Бу эса юртимизнинг турли ҳудудларида фольклор ансамбллари ташкил топиши, ёшлар орасида достончилик сирларини ўрганишга иштиёқ кучайишига олиб келмоқда.

Юқорида айтилганидек, достончилик – юксак профессионал санъат. Шунинг учун ҳам етакчи халқ шоирлари бўлажак бахши – шогирд тайёрлашга алоҳида эътибор берганлар. Оғзаки яратилиб, оғзаки куйлаб келинган достонларни авлоддан авлодга фақат шу йўл билангина етказиш мумкин эди. Етакчи бахшилар шогирдларига 2-3 йил давомида достончилик йўлларини ўргатган. Барча ўқитиш-ўргатиш ишлари устоз куйлашини тинглаш орқали амалга оширилган. Шогирд устоз репертуарининг муайян қисмини ўрганиб, мустақил ижрочи даражасига кўтарилгач, унга оқ йўл тиланган.

Илгари шундай эди. Ҳозир эса достончилик йўлларини ўрганиш ва ўргатишда янги имкониятлар очилди, халқ достонларининг асосий қисми нашр этилди, радио ва телевидение орқали халқ ижоди намуналари асосида кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу соҳадаги ташаббуси мавжуд камчиликларни бартараф этиш, халқ оғзаки ижодини ўрганиш ва уни тарғиб-ташвиқ қилиш ишларини янги босқичга олиб чиқди. Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтиришдан иборат улкан мақсад унинг давомийлигини, сеҳрли ва жозибадор ижросининг яна узоқ йиллар сақланиб қолишини кафолатлайди.

Халқ ижодкори – бахшилар, шоирлар, оқинлар, жировлар, жирчилар, манасчилар ва қиссахонларнинг ўзаро ҳамкорлиги, бири-бирига устоз-шогирдлиги, шу орқали улар эпик репертуарининг бойиб бориши мисолида ҳам очиқ-ойдин кўришимиз мумкин. Шу маънода, фестивалга халқаро мақом берилгани ҳар жиҳатдан асосли ва ибратлидир. Айни вақтда бундай фестиваллар, кўрик-танловлар, ҳамкорликда турли-туман тадбирлар ўтказиш халқимиз бадиий ижоди бойликларини халқаро миқёсда тарғиб-ташвиқ қилиш учун муносиб майдон ҳамдир.

Фольклор – бу анъаналарда сақланиб, бизгача етиб келган оддий мерос эмас, у биз билан ҳаракатда, хизматда, ўсиш ва ривожланишда бўлган улкан ижод. Бу тенгсиз ижодни бугунга хизмат қилдириш, унинг замонамизга ҳамнафас жиҳатларини ривожлантириш бизнинг асосий вазифамиздир.

7 194
Хуршид Қодиров, ЎзА