ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

Дима Қаюмни танийсизми?

Дима Қаюмни танийсизми?

– Тоға байрамлари муносабати билан манави гулни сотиб олиб, опамга совға қилинг, совқотдим туравериб.
– Қанча экан, жиян?
– 50 доллар.
– Иссиқроқ кийиниб олсанг ўласанми, жиян!

Ҳа, буни ўқишингиз билан муаллифни дарҳол танишингиз аниқ. Ижтимоий тармоқларда машҳур ўша Дима Қаюм ижодидан бу. Бугун кўпчилик унинг фейсбук, инстаграм ижтимоий тармоқлари ва телеграмм каналида кулгили ҳазил қатраларини интиқ бўлиб кутадиган бўлиб қолган. Ўзининг ҳазилга бой постлари орқали ижтимоий тармоқларнинг ўзбек аудиторияси орасида Дима Қаюм тахаллуси билан машҳурликка эришган Дилшод Болтабоев Фарғона вилоятининг Риштон туманида умргузаронлик қилади.

Бу туман юртимизда уста кулоллари, ҳунармандлари, миришкор деҳқонлари ва ижодкорлари билан машҳур. Дима Қаюм эса ижтимоий тармоқ юлдузи сифатида танилди.

2.JPG

Тадбиркорлик билан шуғулланадиган бу йигит туман деҳқон бозори ҳудудида халқ кутубхонаси ташкил этгани кўпчиликка маълум. Икки минг ададдан зиёд китобни жамлаган “Рошидоний” халқ кутубхонасини ўз ҳисобидан қуриб жиҳозлаган. “Оддий печка сотувчи” бу йигитни ана шу кутубхонаси билан боғлиқ машмашалар ижтимоий тармоқлар орқали янада машҳур қилди. Дима Қаюмни кўпчилик қўллаб-қувватлагани боис бозор ҳудудидаги кутубхона бузилмасдан қолди. Хуллас, антиқа “хобби”га эга тадбиркорнинг эзгу ниятлари баъзи қийинчилик, тўсқинликлар билан бўлса-да, амалга ошди. Айни кунларда бу кутубхонадан аҳоли беминнат фойдаланмоқда.

7.JPG

Агар таъбир жоиз бўлса, Дима Қаюмнинг хоббиси деймизми, ижоди деймизми – ижтимоий тармоқлардаги бироз ҳажвий, ўйлашга мажбур қиладиган фикрларига келсак, уларда муаллиф бугунги кунда жамиятда ва ҳамюртлар ўртасида юз бераётган воқеа-ҳодисаларга шахсий муносабатини билдиради. Ўзининг ҳазилга бой, “таги зил” постлари орқали муаммоларга ечим қидиришга, кишилар эътиборини тортишга интилади. Унинг бугунги кунда фейсбукдаги саҳифасида қарийб 10 мингга яқин, телеграмм каналида эса 40 мингдан ортиқ обуначилари бор. Яқиндан инстаграмда ҳам саҳифасини очди.

Ижтимоий тармоқлардаги Дима Қаюм саҳифаларига назар ташланса, “Ҳамёним ғирт пиёзнинг ўзи – очган сари кўзимга ёш қуйилиб келаверади”, “Бир гўзал аёл ўтиб кетаётганди, “вой-дод!” деворсам, хотин қовоғини уйяпти. Ҳаёт машаққатларига дод дедим, деб алдаб қўйдим” сингари шахсий муносабатларга оид ҳазил гаплардан тортиб, “ – Хотинжон, энди орзуингдаги қиммат уйда яшаймиз! – Вой, янги уй сотиб олдингизми? – Йўқ, тўловлар нархи ошибди” каби ижтимоий мавзуларгача кўриш мумкин. 2017 йил унинг “Менким, Дима Қаюм” номли ҳазиллар, кулгили фикрларидан иборат тўплами ҳам чоп этилди.

8.JPG

– Беш-олти йил олдин “Фейсбук” ижтимоий тармоғига аъзо бўлиб, ҳажвий йўналишда постлар ёзишни бошлаганман, – дейди Дилшод Болтабоев. – Ахир кулгини севадиган халқмиз, қолаверса, ўзим ҳам аския ўчоғи бўлмиш Фарғонаданман. Ёзаётган бироз кинояли, юморга бой баъзи қатраларимда кундалик маиший муаммоларга ҳам эътибор қаратаман. Албатта, бозордаги ишларимдан ортиб, шунга ҳам вақт ажратишга ҳаракат қиляпман. Кўпроқ ўзим фейсбукда ишлайман. Телеграммдаги каналимни эса марғилонлик бир йигит ташкил этган бўлиб, у доимо назоратимда туради.

Машҳурликнинг ҳам ўзига яраша юки бор. Баъзида унга моддий томондан қийналиб, даволанишга муҳтож бўлганлар ҳам мурожаат қилади. У ижтимоий тармоқлар орқали хайрия акциялари ташкил этиб, қўлидан келадиган ёрдамни кўрсатмоқда. Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйига китоблар, кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар совға қилинди, кам таъминланган оилаларга саховат кўрсатилди. Бундай эзгу ташаббуслар ҳар қанча қўллаб-қувватлашга арзийди.

Табиатан зуваласи пишиқ, тийрак нигоҳли бу йигит бир зум атрофга синчков назар ташлайди. Кейин яна мулоҳазаларини давом эттиради.

6.JPG

– Афсуски, баъзида ёрдам сўраб мурожаат қилаётганлар орасида сохталари ҳам учраб турибди, – дейди Дилшод. – Уларга ёрдам берамиз деб чув тушиб қолиш мумкин. Шунинг учун ҳам касал бўлиб ётган одамнинг уйига бориб, ўз кўзим билан ҳолатини кўраман. Шундан сўнг хайрия акцияларини ўтказамиз.

Хуллас, ана шунақа гаплар. Баъзан бўлган-бўлмаган гаплардек туюлса-да, нима бўлганда ҳам Дима Қаюм ижтимоий тармоқларда машҳур бўлиб, ўз услубини ярата олди. Шу боис унинг постларига кўз тушиши билан юзимизга табассум югуради. У ўзимизнинг Дима Қаюм деймиз! Бироз чапани, дали-ғули, сўзга чечан, аскияни жойига қўяди. Ният холис бўлса, яна узоқ йиллар мобайнида у бизни ўзидек содда ва самимий ҳазиллари билан хушнуд этаверади.

Қарсак, олқишнинг ёмон бир жиҳати борки, у баъзан одамни асл мақсадидан адаштиради. Дима Қаюм ана шундан эҳтиёт бўлиши керак. Халқнинг баҳоси ким аслида ким эканлигини кўрсатувчи тиниқ ойна. Ҳаммасига вақт – энг олий ҳакам!

11 806
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА