ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Дилга малҳам бўлсин, айтилган ҳар сўз!

Дилга малҳам бўлсин, айтилган ҳар сўз!

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, дунёдаги барча мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан тенглик ва очиқлик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларининг ўрнатилиши жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Бундай дўстона муносабатлар, хусусан, адабиёт ва санъатда ҳам яхши самаралар бераётир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида меморандум имзоланганидан сўнг қардош халқларимиз ўртасидаги адабий дўстлик алоқалари янада қизғин паллага кирди. Қўшни Қозоғистонда яшаб, икки дилдош халқ дўстлигини тараннум этиб, одамлар қалбидаги орзу-умидлар, қувончу дардларни баҳоли қудрат шеърга солаётган қаламкашлар бугун янада кўтаринки кайфиятда, жўшқин руҳ билан ижод қилмоқдалар. Қуйида улардан айримларининг ижодидан намуналар ўқишингиз мумкин.

Абдулла Қодирий монологи

Бу дунё кенгдир-у дарвозаси берк,
Соғиниб ўртандинг нозли кулгични.
Сенга азоб бердим, нетай Отабек,
Ўлдирдим севгилинг биби Кумушни.

Халқим тарихингдан кечмиш изладим,
Ғанимлар қўйдилар жонимга тузоқ.
Келгуси кунлардан бахтни кўзладим,
Замон кечмишига юз тутдим, бироқ...

Синфдошларимга

Ҳузурбахш туйғунинг тотли алласи,
Қалбларда шу кезда тўлғонган эди.
Синфдош қизларнинг шўх-шўх ялласи
Қалбларда нимадир уйғотган эди.

Шўх эдик, тантироқ, ростида асли,
Қизларнинг ғашига тегардик бироз.
Билмасдик шу кезда, улар қалбида
Ўзга бир ошиқнинг эканин ҳамроз.

Тенг эди ёшимиз, бўйларимиз ҳам,
Аммо тенг эмаскан кўнгиллар йироқ.
Қалбдаги ҳислару, ўйларимиз ҳам,
Камолот бобида, қизлар ўткирроқ.

Ҳаёт уммонида ҳар томон тўздик,
Йиллар қамровида қолди барчаси.
Умр пойгасида кимдандир ўздик,
Кимнингдир сўлди, эҳ, умид ғунчаси....

Абдираҳим ПРАТОВ,
Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ўзбек
этномаданият марказлари ҳамжамияти қошидаги
“Ижодкор” адабий бирлашмаси раҳбари.

Сонет машқларидан

Гоҳида чарсиллаб чақади чақин,
Шовуллаб кўз ёшин тўкади осмон.
Булутлар хўмрайиб ўтишар қия,
Мен учун қиёмат тургандай яқин.

Гоҳида кун нури ёғилар ёрқин,
Қушларнинг чуғури авжига чиқар.
Чарчагандай баъзан сукунат чўкар,
Жаннатга етгандай нафаси сокин.

Руҳим-чи алағда, кечмоқда кураш,
Оқ-қора ажратиш туюлар маҳол,
Наҳотки жисмимда юз бермиш нураш... .

Сўнг чора олдидан ортимга назар
Солганда бир муддат, бермайин озор
Кўринар бир умид чўғдай йилтираб...

Садоқат

Муҳаббат тожининг гавҳари ўзинг,
Ҳаёга чўмилган қаро қош-кўзинг,
Меҳрга йўғрилган болдайин сўзинг,
Қайдасан Садоқат, қайдасан бугун?

Бўлгандинг бечора юрак зийнати,
Буколмай қаддингни дўст хиёнати
Синалмиш ҳижронда ишқнинг қиймати,
Қайга кетдинг Садоқат, тополмам нечун?

Хиёнат қошида сен буюк чўққи,
Етолмагай сенга номардлар ўқи,
Чивиннинг нишидай зўравон дўқи,
Ким учун тиз чўкдинг, Садоқат?

Ахир қошингда не буюклар таслим,
Айтмайин, мен каби бечора мазлум,
Оллоҳим суйгани қайси бир муслим,
Сени ром айламиш, Садоқат, бугун?

Юрагим чўғида нафасинг аён,
Ҳар сўзу-шеъримда ўзлигинг баён,
Сен бўлмасанг ўзим борардим қаён?
Соғинтириб қўйдинг, Садоқат, бугун!

Баҳодир ОТАШ,
шоир

Куйдиргай

Кўз тегмасин бўйига, туморлари куйдиргай,
Тим қора зулфу-анбар, хуморлари куйдиргай.

Иффат-ла моҳирона айлаган имтиҳони,
Аҳду-вафодан деган шиорлари куйдиргай.

Гоҳида олис кетсам, кўз ёшидан сиёҳи,
Оҳу-ноладан битган ашъорлари куйдиргай.

Учай десам йўқ қанот, талпинарман васлига,
Дилга ташлаган чўғи, оловлари куйдиргай.

Эркаланиб, нозланиб, “Ёмонсиз”деб боқиши,
Табассум-ла чимирган ҳилоллари куйдиргай.

Ҳеч кимга қиёс этмам, ой ҳам эмасдир тенги,
Кўксида олий неъмат анорлари куйдиргай.

Собир, ёрнинг жамоли айирди оромимдан,
Кўрсам ҳусни фироқда, хаёллари куйдиргай.

Онамга деб

Тиним билмай чопдим, бўлсин боламга деб,
Ризқин излаб топдим кўзи қаромга деб.
Онам кутар, “Келмай қўйди саломга”деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Шодон юрсин қалби тўлмай аламга деб,
Не сўраса олиб бердим боламга деб.
Ҳар дам жони фидо эди ноламга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Йиғиб-тердим келин бўлмиш санамга деб,
Совчи бўлиб борай қоши қаламга деб,
Бир демадим ўйлаб кўрай танамга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Топганимни сочдим гулу-лоламга деб,
Тўйларининг донғи кетсин оламга деб.
Кам бўлмасин сарпо амма, холамга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?

Илинжи зўр болам юрар “боламга” деб,
Садо чиқмас буни берай онамга деб.
Собир бўзлар тузлар сепма ярамга деб,
Аё дўстлар, не иш қилдим онамга деб?!

Собир ШОМУРОД,
шоир

Сўз

Қалбнинг тубидаги оғир тошмиди?!
Ёхуд ичга ютган шўртаъм ёшмиди?!
Аччиқ ҳақиқат ё ширин лошмиди,
Кимгадир,қачондир айтилмаган сўз.

Гоҳида сўз эрур шафқатсиз қурол,
Кўпларнинг умрига бўлмишдир завол.
Ҳеч кимнинг кўнглига келмагай малол,
Кимгадир, қачондир айтилмаса сўз.

Менгзарлар, фикрдир қафасдаги қуш,
Ошкор бўлса гоҳи, бошдан учар ҳуш,
Тилломи, марварид ё каломи хуш
Кимгадир, қачондир айтилмаган сўз.

Айтилгани эса отилган ўқдир,
Ортга қайтармоқлик имкони йўқдир,
Баъзан сукутдан ҳам кўнгиллар тўқдир,
Кимгадир, қачондир айтилмаса сўз.

“Аллоҳ бандасига берганда забон,
Ўттиз икки тишни қилибдир посбон“
Айтилмай қолса ҳам, ҳикмат бор, инон,
Кимгадир, қачондир айтилмаса сўз.

“Кимки, магар, сўзлар нобоп, ножоиз,
Сўзлар кетгайдир бесамар, беиз“.
Тилни яхши сўздан тежаманг ҳаргиз,
Дилга малҳам бўлсин айтилган ҳар сўз!

Мунаввара СОБИР қизи,
шоира

3 914
ЎзА