Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 18:21 Чоп этиш версияси

Деновда адабиёт кунлари

Денов туманида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, туман ҳокимлиги ва Республика Маънавият тарғибот маркази Сурхондарё вилояти бўлими ҳамкорлигида “Адабиёт кунлари” ўтказилди.

Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, адабиётшунос олим, академик Б.Назаров, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири С.Раупов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш орқали маънавиятини бойитишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ташкил этилган анжуманда таниқли шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар таълим муассасаларида, маҳаллаларда ўқувчилар, ёш ижодкорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан қизиқарли учрашувлар, мушоиралар ўтказди.

– Тадбир давомида адабиёт ихлосмандлари, хусусан, ёшлар таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар билан суҳбат қилиш, уларнинг китоб ва мутолаанинг фойдалари ҳақидаги фикрларидан баҳраманд бўлиш, ижодий маҳорат сирлари билан фикр алмашиш имкониятига эга бўлди, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Ф.Шарипов. – Ўзбек адиблари асарлари кўргазмаси билан яқиндан танишди.

Туманнинг Водий маҳалласидаги “Фарғона маданият ва аҳоли дам олиш маскани”да бўлиб ўтган тадбирда адабиётнинг инсон камолотида тутган ўрни, миллат маънавиятини шакллантириш ва жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Миллий адабиётимизнинг бугунги ривожи ва эртанги истиқболи йўлида амалга оширилаётган ишлар янги-янги номлар кашф этилишига хизмат қилаётгани, уларнинг ранг-баранг ижод намуналари халқимиз маънавий хазинасидан муносиб жой олаётгани хусусида фикр алмашилди.

Раъно Узоқова номидаги Денов педагогика коллежи жамоаси билан учрашувда пойтахтдан келган ижодкорлар ўзлари билан олиб келган 300 та бадиий китобни совға қилди.

– Бадиий адабиётга меҳр мени кичик ҳикоялар ёзишга ундади, – дейди ёш ижодкор Шаҳноза Эшмирзаева. – Коллежда ўқиб юрган давримда уларнинг айримлари вақтли матбуотда эълон қилинди. “Осмон бир дунё” номли илк китобим нашр этилди. Бугунги учрашув пойтахтдан олисда истиқомат қилаётган адабиёт ихлосмандлари, айниқса, биз, ёшларда катта таассурот қолдирди. Машҳур ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар билан юзма-юз мулоқот қилиш, қизиқтирган саволларга уларнинг ўзидан жавоб олишнинг гашти бўлакча. Янги чоп этилган асарлар билан танишдик, таниқли адибларнинг янги ижод намуналаридан тингладик. Ёш ижодкорларга яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумотларга эга бўлдик.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 019






Все о погоде - Pogoda.uz