ЎзА Ўзбек

31.12.2018 18:00 Чоп этиш версияси

ИЛҲОМ НАШИДАСИ: Декабрь

ИЛҲОМ НАШИДАСИ: Декабрь

ДЕКАБРЬ

Декабрнинг тугаши қизиқ,
Декабрнинг тугаши қийин.
Кўкрагимда уйғонган оғриқ
Ҳаётимни қилмоқда ўйин.

Тун умримдан узунга ўхшар,
Фалак амри кўп ишга қодир.
Изтиробу қувонч аралаш
Ёмғир ва қор берди декабр.

Йил — деҳқондир, ҳосил кўтарган,
Кутганидек бўлдимикан чош.
Юрагимга туйғу жамғарган
Сал нарида турибди қирқ ёш.

Айиқ, бўри, қуён ва буғу —
Ниқобларни ташиб келаман.
Ўғлим, қизим кетар севиниб
Қорбобога ўхшаб қоламан.

Уйдан ишга, ишдан сўнг уйга,
Борлиғимни ташлаб кетаман.
Севги кесиб ўтар йўлимни
Худойим, нетаман, нетаман?

Бойсундаги азиз даштларда
Бир заҳматкаш сафарларим бор.
Қумқўрғонда отамга ўхшаб
Кутаётган сабрлар бисёр.

Декабрдан умидим кўпдир,
Кечаларни юриб ўтаман.
Юрагим чўғ, вужудим чўпдир,
Мен фақат яхшилик кутаман.
Декабрнинг тугаши қизиқ,
Декабрнинг тугаши қийин.

********

ЭВЕРЕСТ ЧЎҚҚИСИГА ТАЛПИНГАН АЛЬПИНИСТГА! 

Тоғлар – Худо шерлари,
Хуриллашиб ётмишлар.
Унинг елкаларига
Товонларим ботмишлар.

Алплар алпонг-талпонглаб,
Тирмашади полвонлар.
Арслон уйғониб қолса,
Не қиларкин гўппонлар...!

“Сўнгги сўзни барибир
Тоғнинг ўзи айтади!”
Хўрсиниб қўяр сардор
Ва илдамлаб кетади.

Ё, Раб! Асрагил Ўзинг!
Кафтингда тутгил, Эгам!
Арслоннинг тишин кўрдим,
Икки қўлим бир ёқам!
Икки қўлим бир ёқам!

Шодмонқул Салом​​

ЎзА
13 802